muslimuz

muslimuz

Середа, 03 апрель 2024 00:00

Ҳар тунги қутлуғ фурсат

«Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжуд (нафл) намозини ўқинг! Шоядки, Роббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса. Яна айтингки: «Эй Раббим! Мени (қабрга) содиқлик билан (гуноҳларим кечирилган ҳолимда) киритгин ва (тирилтирганингда ҳам) содиқлик (розилигинг билан) чиқаргин ҳамда мен учун ўз даргоҳингдан бир мадад берувчи ҳужжат ато қилгин». Яна айтинг: «Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил (куфр) йўқолди. Чунки ботил нарса йўқолувчидир» (Исро, 79–81).

«Тунда (ярим кечада) уйғониб, ўзингиз учун таҳажжудни (нафл) намозини ўқинг!..»

Луғатда тунда ухлаб қайта уйғонишга таҳажжуд дейилади. Шариат истилоҳида эса таҳажжуд дейилганда, тунда бир ухлаб туриб ўқиладиган намоз тушунилади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тунги намоз фарзлардан кейинги энг афзал ибодатдир”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Таҳажжудни хуфтон намозидан кейин ухлаб туриб, кечанинг учдан бирининг охирги қисмида ўқиш фазилатлидир.

Таҳажжуд намозини ўқиб бўлгач, бундай дуо қилиш суннатдир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кечаси таҳажжудга турсалар бундай дуо қилардилар: “Ё Аллоҳ, Сенга ҳамд бўлсин, Сен Осмонни мунаввар қилувчисан. Сенга ҳамд бўлсин, Сен Еру Осмонни сақлагувчисан. Сенга ҳамд бўлсин, Сен Еру Осмон ва улар орасидагиларнинг Парвардигорисан. Сенга ҳамд бўлсин, Сен Ҳақсан. Сенинг ваъданг ва сўзинг ҳақ. Сени кўриш ҳақ. Жаннат ҳақ. Дўзах ҳақ. Пайғамбарлар ҳақ. Қиёмат ҳақ. Ё Аллоҳ, Сенга бўйсундим, имон келтирдим, таваккал қилдим. Сенга қайтдим. Сенинг ёрдаминг (Қуърони карим оятларидан далил-ҳужжатлар ёрдамида бошқалар) билан тортишдим, Сенинг ҳукмингга ҳавола қилдим. Олдинги ва кейинги ҳамда сир қолган ва маълум бўлган гуноҳларимни кечиргин. Сен менинг Илоҳимсан. Сендан ўзга илоҳ йўқ”»(Имом Бухорий ривояти).

«...Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса».

Оятнинг «...мақтовли мақом», деб таржима қилинган “мақомам маҳмуда” муборак жумласи турлича тафсир қилинган. Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса» мазмунли оят ҳақида бундай деганлар: “Аллоҳ таоло Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шафоати билан мўминларни дўзахдан чиқаради. Шу мақтовли мақомдир”».

Баъзи олимлар: «“Мақтовли мақом”дан мурод Қиёмат куни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қўлларида бўладиган ҳамд байроғидир», дейишади. Бу фикр юқорида айтилган фикрга зид келмайди. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қиёмат куни ҳамд байроғини тутиб, умматларини шафоат қиладилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен Қиёмат куни Одам болаларининг саййиди бўламан. Бу фахрланиш эмас. Қўлимда ҳамд байроғи бўлади”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким азон нидосини эшитган пайтда: “Ушбу мукаммал чақириқ ва адо этиладиган намоз Рабби Аллоҳ! Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га васила ва фазилат бергин ҳамда ваъда қилганинг мақтовли мақомда тирилтиргин” деса, унга Қиёмат куни менинг шафоатим насиб қилади», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Умматимни шафоат қилган жойим мақтовли мақом бўлади”, деганлар (Имом Табарий ривояти). Шунингдек, банданинг ҳам улуғ ишлар учун турган жойи Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги мақомга ўхшайди.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Макка шаҳрида эдилар. Сўнг, ҳижрат этишга амр қилинди. Аллоҳ таоло: Эй Раббим! Мени (қабрга) содиқлик билан (гуноҳларим кечирилган ҳолимда) киритгин ва (тирилтирганингда ҳам) содиқлик (розилигинг билан) чиқаргин”, оятини нозил қилди».

Ҳақ таоло Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Мадинага кирар вақтда: «Мени содиқлик билан киритгин», Макка шаҳридан кетадиган пайтда: «содиқлик билан чиқаргин», дейишларини амр қилди. Бу оят турлича тафсир қилинган. Бир муфассир: “Мени динда собит қилгин! Мени куфрдан сақлагин!” деб таъвил қилган. Бошқа бирлари эса: “Мени дунёдан содиқлик билан чиқариб, жаннатга киргизгин!” деб тафсир қилган. Яна бошқалари эса бу оятдан: “Мени қабрга содиқлик билан киргизгин ва ундан содиқлик билан чиқаргин”, деган маънони чиқаришган.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг дуоларини Аллоҳ таоло ижобат этиб, бундай марҳамат қилади: «...Аллоҳ Сизни одамлар (зарари)дан сақлагай...» (Моида, 67), бошқа оятда: «У ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан – гарчи мушриклар ёқтирмаса-да, барча динлар узра ғолиб қилиш учун юборган Зотдир» (Саф, 9).

«Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил (куфр) йўқолди. Чунки ботил нарса йўқолувчидир» (Исро, 81).

“Ҳақиқат”, деб таржима қилинган оятдаги “ҳақ” калимасидан мурод Ислом дини ва Қуръондир. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фатҳ куни Макка шаҳрига келдилар. Каъбанинг атрофида 360 дан ортиқ бут-санам бор эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўлларидаги таёқ билан бутларни бирма-бир уриб йиқита бошладилар ва: «Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил (куфр) йўқолди. Чунки ботил нарса йўқолувчидир» (Исро, 81) «...Ҳақиқат (Қуръон) келди. Сохталик (қайтадан ширкни) бошлай олмас ва (уни аслига ҳам) қайтара олмас» (Сабаъ, 49) оятларини ўқидилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мазкур оятларни ўқиётган пайтда, бут-санамлар юзтубан ерга тушарди.

Имом Қуртубий, Фахриддин Розий,

Самарқандий, Ибн Касир

тафсирлари асосида

Баҳриддин ЖЎРАБЕК ўғли

тайёрлади.

Мамлакатимиз элчихонаси вакиллари ва Кувайт ишбилармонлари ўртасидаги учрашувларда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Иштирокчилар мамлакатимизнинг бой тарихи ва маданияти, жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган мутафаккир ва олимларнинг номлари, ноёб маданий мероси, меъморий обидалари, миллий таомлари, халқ амалий санъати намуналари билан таништирилди.

Ўзбекистонда кейинги йилларда туризм соҳасини модернизация қилиш, жумладан, хорижлик меҳмонларга халқаро стандартлар асосида хизмат кўрсатишни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида хорижий сайёҳлар сонини йилига 15 миллион нафарга, маҳаллий сайёҳлар сонини эса 25 миллион нафарга етказиш кўзда тутилгани қайд этилди.

Шунингдек, Кувайт фуқаролари учун Ўзбекистонга 10 кунлик визасиз кириш жорий этилгани, Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Фарғонага Жазира авиакомпаниясининг рейслари йўлга қўйилгани Қувайтдан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар учун қулайлик яратаётгани маълум қилинди. Бундан ташқари, юртимиз табиатининг гўзаллиги ва ранг-баранглиги, Ўзбекистоннинг кўп асрлик ҳунармандчилик анъаналари, урф-одатлари ва байрамлари ҳар йили кўплаб сайёҳларни ўзига жалб этиб келмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда яратилган замонавий туризм инфратузилмаси, ранг-баранг йўналишлар ва юқори сифатли хизмат мамлакатимиз меҳмонлари учун қулай шарт-шароит яратаётгани диёримизга ташриф буюрган меҳмонлар эътиборини тортмоқда.

Қадимги Ипак йўлининг дурдонаси ва жадал ривожланаётган сайёҳлик йўналишларидан бири бўлган Ўзбекистон қувайтлик сайёҳлар учун кўп имкониятларга эга эканлиги таъкидланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бирлашган Aраб Aмирликларида тиббиёт ходимлари Муборак Рамазон ойининг рўза кунларида тўғри овқатланиш бўйича тавсиялар беришди. Қайд этилишича, рўза тутишнинг соғлиқ учун фойдаларига заҳарли моддаларни йўқотиш, ичакларни тозалаш, қон босими ва холестерин даражасини пасайтириш, иммунитетни яхшилаш киради.

Мутахассисларнинг фикрича, рўза тутишни енгиллаштиришнинг энг яхши йўли саҳарлик таомига оқилона ёндашишдир. Демак, кофеинли ичимликлар ва ширинликлар, қизариб пишган ва аччиқ овқатлардан воз кечиш керак, чунки бу овқатлар организмни шиширади, кислоталилик ва чанқоқликни келтириб чиқаради, шунингдек, рўза тутишни қийинлаштирадиган очлик ҳиссини келтириб чиқаради. Сиз рўзангизни лимонли сиқилган бир стакан сув билан тугатишингиз керак, шундан сўнг сиз хурмо, шўрва ва меваларни истеъмол қилишингиз мумкин.

Рўзада тананинг намланишига эътибор бериш керак. Рўза кунларида ортиқча овқатланишдан қочиш керак, шунинг учун кечки овқатни кечиктирмаслик керак. Ширинликлар қуритилган мевалар билан алмаштирилиши лозим.

Кўп соатлик рўза тутишдан сўнг, инсон танаси тўсатдан катта миқдорда озиқ-овқат олишга тайёр эмас. Тана катта миқдордаги углеводлар, шунингдек, ёғли ва носоғлом овқатлар билан жиддий стресс остида бўлиб, натижада оғриқ ва ҳатто қайд қилишни пайдо қилади.

Илёс АҲМЕДОВ

Устоз Ҳомиджон домла Ишматбеков,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари.

"Китобда Иброҳимни эсла. Албатта, у сиддиқ ва набий бўлган эди" (Марям сураси, 41-оят).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қозонда 5 апрель куни Татаристон Республикаси мусулмонлари диний бошқармасининг “Закот” хайрия жамғармаси 30 сонли шаҳар йўналиши бўйлаб бепул автобусни йўлга қўяди. Бу ҳақда “КЗН.РУ” Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Бепул автобусни осонгина аниқлаш мумкин: унинг олд ойнасида “Закот хайрия жамғармасидан хайрия йўналиши” ёзуви бўлади. Aвтобус салони рангли шарлар ва хайрия баннерлари билан безатилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида Рамазон ойи муносабати билан илк бор 30 сонли автобус йўналишида бепул ташкил этилган ва хайрия тадбирида 800 га яқин киши қатнашган эди.

Мазкур акция “Рамазон – эзгу амаллар ойи” марафони доирасида ўтказилмоқда. Ундан кўзланган мақсад – фуқаролар эътиборини хайрия мавзусига қаратиш, уларни хайрли ишларга ундашдан иборат.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати.

Top