Мақолалар

Ҳар тунги қутлуғ фурсат

«Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжуд (нафл) намозини ўқинг! Шоядки, Роббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса. Яна айтингки: «Эй Раббим! Мени (қабрга) содиқлик билан (гуноҳларим кечирилган ҳолимда) киритгин ва (тирилтирганингда ҳам) содиқлик (розилигинг билан) чиқаргин ҳамда мен учун ўз даргоҳингдан бир мадад берувчи ҳужжат ато қилгин». Яна айтинг: «Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил (куфр) йўқолди. Чунки ботил нарса йўқолувчидир» (Исро, 79–81).

«Тунда (ярим кечада) уйғониб, ўзингиз учун таҳажжудни (нафл) намозини ўқинг!..»

Луғатда тунда ухлаб қайта уйғонишга таҳажжуд дейилади. Шариат истилоҳида эса таҳажжуд дейилганда, тунда бир ухлаб туриб ўқиладиган намоз тушунилади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тунги намоз фарзлардан кейинги энг афзал ибодатдир”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Таҳажжудни хуфтон намозидан кейин ухлаб туриб, кечанинг учдан бирининг охирги қисмида ўқиш фазилатлидир.

Таҳажжуд намозини ўқиб бўлгач, бундай дуо қилиш суннатдир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кечаси таҳажжудга турсалар бундай дуо қилардилар: “Ё Аллоҳ, Сенга ҳамд бўлсин, Сен Осмонни мунаввар қилувчисан. Сенга ҳамд бўлсин, Сен Еру Осмонни сақлагувчисан. Сенга ҳамд бўлсин, Сен Еру Осмон ва улар орасидагиларнинг Парвардигорисан. Сенга ҳамд бўлсин, Сен Ҳақсан. Сенинг ваъданг ва сўзинг ҳақ. Сени кўриш ҳақ. Жаннат ҳақ. Дўзах ҳақ. Пайғамбарлар ҳақ. Қиёмат ҳақ. Ё Аллоҳ, Сенга бўйсундим, имон келтирдим, таваккал қилдим. Сенга қайтдим. Сенинг ёрдаминг (Қуърони карим оятларидан далил-ҳужжатлар ёрдамида бошқалар) билан тортишдим, Сенинг ҳукмингга ҳавола қилдим. Олдинги ва кейинги ҳамда сир қолган ва маълум бўлган гуноҳларимни кечиргин. Сен менинг Илоҳимсан. Сендан ўзга илоҳ йўқ”»(Имом Бухорий ривояти).

«...Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса».

Оятнинг «...мақтовли мақом», деб таржима қилинган “мақомам маҳмуда” муборак жумласи турлича тафсир қилинган. Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса» мазмунли оят ҳақида бундай деганлар: “Аллоҳ таоло Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шафоати билан мўминларни дўзахдан чиқаради. Шу мақтовли мақомдир”».

Баъзи олимлар: «“Мақтовли мақом”дан мурод Қиёмат куни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қўлларида бўладиган ҳамд байроғидир», дейишади. Бу фикр юқорида айтилган фикрга зид келмайди. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қиёмат куни ҳамд байроғини тутиб, умматларини шафоат қиладилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен Қиёмат куни Одам болаларининг саййиди бўламан. Бу фахрланиш эмас. Қўлимда ҳамд байроғи бўлади”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким азон нидосини эшитган пайтда: “Ушбу мукаммал чақириқ ва адо этиладиган намоз Рабби Аллоҳ! Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га васила ва фазилат бергин ҳамда ваъда қилганинг мақтовли мақомда тирилтиргин” деса, унга Қиёмат куни менинг шафоатим насиб қилади», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Умматимни шафоат қилган жойим мақтовли мақом бўлади”, деганлар (Имом Табарий ривояти). Шунингдек, банданинг ҳам улуғ ишлар учун турган жойи Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги мақомга ўхшайди.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Макка шаҳрида эдилар. Сўнг, ҳижрат этишга амр қилинди. Аллоҳ таоло: Эй Раббим! Мени (қабрга) содиқлик билан (гуноҳларим кечирилган ҳолимда) киритгин ва (тирилтирганингда ҳам) содиқлик (розилигинг билан) чиқаргин”, оятини нозил қилди».

Ҳақ таоло Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Мадинага кирар вақтда: «Мени содиқлик билан киритгин», Макка шаҳридан кетадиган пайтда: «содиқлик билан чиқаргин», дейишларини амр қилди. Бу оят турлича тафсир қилинган. Бир муфассир: “Мени динда собит қилгин! Мени куфрдан сақлагин!” деб таъвил қилган. Бошқа бирлари эса: “Мени дунёдан содиқлик билан чиқариб, жаннатга киргизгин!” деб тафсир қилган. Яна бошқалари эса бу оятдан: “Мени қабрга содиқлик билан киргизгин ва ундан содиқлик билан чиқаргин”, деган маънони чиқаришган.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг дуоларини Аллоҳ таоло ижобат этиб, бундай марҳамат қилади: «...Аллоҳ Сизни одамлар (зарари)дан сақлагай...» (Моида, 67), бошқа оятда: «У ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан – гарчи мушриклар ёқтирмаса-да, барча динлар узра ғолиб қилиш учун юборган Зотдир» (Саф, 9).

«Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил (куфр) йўқолди. Чунки ботил нарса йўқолувчидир» (Исро, 81).

“Ҳақиқат”, деб таржима қилинган оятдаги “ҳақ” калимасидан мурод Ислом дини ва Қуръондир. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фатҳ куни Макка шаҳрига келдилар. Каъбанинг атрофида 360 дан ортиқ бут-санам бор эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўлларидаги таёқ билан бутларни бирма-бир уриб йиқита бошладилар ва: «Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил (куфр) йўқолди. Чунки ботил нарса йўқолувчидир» (Исро, 81) «...Ҳақиқат (Қуръон) келди. Сохталик (қайтадан ширкни) бошлай олмас ва (уни аслига ҳам) қайтара олмас» (Сабаъ, 49) оятларини ўқидилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мазкур оятларни ўқиётган пайтда, бут-санамлар юзтубан ерга тушарди.

Имом Қуртубий, Фахриддин Розий,

Самарқандий, Ибн Касир

тафсирлари асосида

Баҳриддин ЖЎРАБЕК ўғли

тайёрлади.

Read 832 times

Мақолалар

Top