Мақолалар

Ҳаёт – эзгуликлар имконияти

Тириклик инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк неъмат экан. Аммо ҳар ким шу неъмат имкониятни ҳар хил  тушунар ва ундан турлича фойдаланар экан…

Кимдир ҳаётни яхши еб-ичиш, чиройли либосларда юриш, ҳар бир кунини хурсандчилик билан ўтказишга сарфлайди, ҳаёт мазмунини шу нарсаларда деб билади. Аммо, кимлардир ёшлигиданоқ илмга интилади, меҳнат қилиб ўз ҳаётини қийинчиликлар билан тузади, эзгу ишлар қилиб одамлар орасида яхши ном қолдиришни ўз умрининг мақсади сифатида англайди.

Биз хотирламоқчи бўлган инсон Анвар қори домла Турсунов ҳам ҳаётда ўзидан эзгу ном қолдириб кетдилар. У кишининг олтмиш йиллик умри давомида халқимиз учун қилган хизматлари, одамларга етказган манфаатларининг ҳад –ҳисоби бўлмаса керак.

Мен неча йиллар давомида ёзган шеърларимни тўплаб, бир китоб қилдирмоқчи бўлдим. Ёзганларимнинг кўпи исломий руҳдаги халқ ривоятлари асосидаги шеърлар бўлганлигидан Анвар қори домлага кўрсатишни, у кишидан маслаҳат олишни тавсия қилдилар. Тўғриси, кўп ўйладим.. “У кишига рўбарў бўлиб, ктиобимни бир кўриб беринг десам ”, – десам қандай қабул қилар эканлар?! Рости, бу адабиёт оламининг ўткир билимдони, Навоийдек буюк даҳо асарларининг мҳир тарғиботчиси бўлган инсонга қандай рўбарў бўлиш менга анча қийин бўлди.

Хуллас, бир кун таваккал қилиб устоз шоир Мирза Кенжабекнинг тавсиялари билан “Минор” масжидига бордим.

Анвар қори домла мени очиқ юз билан кутиб олдилар:

– Келинг опа, сизнинг Навоий ҳазратларига атаб ёзган ғазалингиз менга жуда манзур бўлди. “Ҳидоят”даги шеърларингизни ўқиб ижодингиз, ижодкорлигингиздан хурсанд бўлганман. Тўпламингизни қолдириб кетинг, вақт топиб ўқийман. Сизга кейин телефон қиламиз.

Қувончимнинг чеки йўқ эди. Улуарнинг қўнғироқларини кутдим, “келинг” деб ёрдамчилари чорлаган кун хотирамда ўчмас из бўлиб қолди. Домла, шеърлар ёзилган варақларни столга ёйиб қўйган ҳолда бирини ўқиб турардилар. Оппоқ яктак, оқ дўппида янаям нуроний кўринишда эдилар.

– Опа бу еттинчи китобингиз экан-а? Шеърларингиз менга жуда манзур бўлди. Тезроқ чиқаринг китобни. Аёл-қизларимизга жуда фойдали, зикр ва ибрат китоби бўлибди. Оналар китоби бўлибди, – деб кўнглимни тоғдек кўтардилар.

2018 йилнинг апрелида китобни олиб, аввало Анвар қори домлага илиндим. Чунки, “Сабр соҳили ”аталмиш бу китоб домланинг “Сўз боши” лари босилиб чиққан эди..

Китобни қўлларига олиб чеҳралари янада очилиб кетди. Чиройли дуо қилдилар. Халқимиз ичида илмли аёлларимиз, шоираларимиз бундан-да кўпайсин, – дея менга омад тиладилар.

Мана қўлимда ўша “Сабр соҳили” китоби. У ҳозир китобхонлар қўлида, у ҳақида илиқ сўзлар эшитяпман.

Минг афсус, уни қўллаб-қувватлаган, дунё юзини кўришига чорлаган инсон орамизда йўқ. Шунда ўйладим: Дарҳақиқат бу дунё ўткинчи дунё, синовлар олами.

Яшашдан мақсад ҳалол яшаб, ҳалол ишлаб ўз ортимизда яхши ному, эзгуликлар, яхши фарзанду муносиб шогирдлар қолдириш экан. Инсон дунёдан жисман ўтса-да, унинг яхши амаллари умрининг давоми каби яшайверар экан. Марҳум домла Анвар қори Турсуновнинг ёрқин хотираси ҳам шундайлар қаторида йиллар оша яшайверишига ҳеч шубҳа йўқ. Домламизнинг охиратлари обод, руҳлари шод бўлсин! Амин!

Мазмунсиз умрга ачинар кимдир…

Кимдир сукут сақлаб ўтар дунёдан.

Юз йил яшаб битта ниҳол ўстирмай

Кимдир яна умр сўрар Худодан.

Ўткинчи дунёда ҳар бир кунимиз

Ҳаёт китобидан бирта саҳифа.

Яхшилик қилайлик, чунки умримиз –

Номимиз абадий қилгувчи – ўша!

 

Дилором Каримова
Филология фанлари номзоди, доцент
Юнусобод тумани ҳудуд отинойиси

манба

Read 4861 times

Мақолалар

Top