Мақолалар

Садақа бермоқнинг фазилати

Маълумки, динимиз инсониятни ҳар доим яхшиликка чақириб келган. Айниқса, бандаларнинг ўзаро муносабатларида ҳам ҳамиша яхшилик қилишга чорлайди. Садақа ҳам шундай хайрли ишлардан бири бўлиб, у маънавий ёки моддий бўлиши мумкин. Ҳазрати Али (р.а.) Пайғамбар алайҳиссаломдан шундай ривоят қиладилар:

قال النبى عليه السلام الصدقة اذاخرجت من يدصاجها تقع بين يدى الله قبل ان تدخل فى يدالسائل فتتكلم بحمس كلمات فتقول كنت صغيرا فكبر تنى و كنت قليلا فكثرتنى و كنت عدوا فاحببتنى و كنت فانيا فابفيتنى و كنت حاريسى فا الان صرت حارسك

яъни, Пайғамбар алайҳиссалом айтдиларки, садақа берган кишининг садақаси қўлидан чиққандан сўнг сўровчининг қўлига етмасдан аввал Аллоҳу таоло ҳузурига етиб, садақа берган кишига хитоб қилиб, бешта сўз айтар экан. Биринчи сўзи: “Эй сахий, мен кичик эдим, сен мени катта қилдинг”. Иккинчи сўзи: ”Эй сахий, мен кам эдим, сен мени кўп қилдинг”. Учинчи сўзи: “Эй сахий, мен сенга душман эдим, сен мени ўзингга дўст қилдинг”. Тўртинчи сўзи: “Эй сахий, мен фано (йўқ) бўлар эдим, сени боқий ва барқарор қилдинг”. Бешинчи сўзи: “Сен менга қўриқчи ва посбонлик қиларсан!”.

Жаъфар ибн Муҳаммад (р.а.) ҳам бунга доир бир ривоят келтирган эканлар. Унинг мазмуни қуйидагича:

– Бир куни ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг хизматларидан чиқиб, ўз уйларига қайтиб келдилар. Қарасалар, Фотимаи Заҳро юнг ва тивитни чархда йигириб, ип қилиб ўтирган эканлар. Салмони Форсий (р.а.) уни тўқиб ўтирибдилар. Шунда ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу Фотимаи Заҳрога қараб:

– Эй саййидат ун-нисо,1 таомингиз борми? – деб сўрадилар.

Ҳазрати Фотимаи Заҳро:

– Валлоҳи, ҳеч нарса йўқ, фақат мана бу олти танга пул бор, Салмони Форсийга юнг ва тивит йигириб берган эдим, ҳақига бердилар. ҳозир Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн учун таом олдирмоқ қасдида турган эдим, – дедилар.

Ҳазрати Али олти тангани олиб, бозорга чиқиб кетаётиб, йўлда бир одамни кўриб қолдилар.

У одам:

− Аллоҳ таолога бирор нарсани қарз берадиган одам борми? – деб тиланар эди.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ўша олти тангани Аллоҳ таоло учун ўша одамга садақа қилиб бердилар. Уйларига ҳеч нарса ола олмай бордилар. Фотимаи Заҳро ҳазрати Алини кўриб йиғлаб юбордилар. Ҳазрати Али:

− Эй Фотима, нима учун йиғлаяпсиз? – деб сўрадилар.

Ҳазрати Фотимаи Заҳро:

− Эй, Або Ҳасан1, қўлингизда ҳеч қандай емиш кўринмади, фарзандларимизнинг оч қолганига тоқат қилолмай йиғлаяпман, – дедилар.

Ҳазрати Али:

− Эй Фотима, пулимни Аллоҳ таолога қарз бериб келдим, иншоаллоҳ, яқин фурсатда қайтиб берса керак, – дедилар.

Ҳазрати Фотима:

− Мен ҳам билдим ва бунга сабр қилдим, – дедилар.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига бормоқни ихтиёр қилиб турган эдилар, йўлда бир аъробийни кўриб қолдилар. Аъробий бир туяни етаклаб келар эди. Ҳазрати Алини кўриб:

− Эй Али, ушбу туяни сотмоқчиман, олинг, – деди.

Ҳазрати Али:

− Пулим йўқ, – дедилар.

Аъробий:

− Насияга бўлса ҳам сотаман, олинг, – деди.

Ҳазрати Али (р.а.):

− Пулим йўқ, − дедилар

Аъробий:

− Насяга бўлса ҳам сотаман, олинг, – деди.

Ҳазрати Али (р.а.) рози бўлиб, баҳоси қанча эканлигини сўрадилар.

− Юз танга, – деди аъробий.

Ҳазрати Али ҳам бу баҳога рози бўлиб, сотиб олдилар. Аъробий туяни бериб кетди. Шундан сўнг, яна бир аъробий келиб, туяга харидор бўлди ва баҳосини сўради.

− Уч юз танга, – дедилар ҳазрати Али.

Аъробий рози бўлиб, уч юз тангани санаб бериб, туяни олиб кетди.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳазрати Фотимаи Заҳронинг олдиларига уч юз тангани кўтариб келдилар. Ҳазрати Фотимаи Заҳро буни кўриб, табассум қилиб:

– Ё Або Ҳасан, қўлингиздаги нима? – деб сўрадилар.

Ҳазрати Али бир туяни юз танга насияга олиб, уч юз танга нақдга сотганини айтиб берган эдилар, ҳазрати Фотимаи Заҳро: «Мен ҳам шундай деб фаҳмлаган эдим” – дедилар.

Шундан сўнг, ҳазрати Али (р.а.) ҳазрати Пайғамбар алайҳиссаломнинг хизматларига борган эдилар, Пайғамбар алайҳиссалом табассум қилиб:

− Ё Али, ўтган воқеани мен сизга баён қилайинми, ё сиз менга баён қиласизми? – дедилар.

Ҳазрати Али (р.а.) таъзим билан:

− Ё Расулаллоҳ, жанобингиз менга баён қилинг, – дедилар.

Пайғамбар алайҳиссалом:

− Ё Али, сизга бир туяни олиб келиб, юз танга насияга сотган аъробий ким эди-ю, уч юз танга нақдга сотиб олган аъробий ким эди, билдингизми? – деб сўрадилар.

Ҳазрати Али (р.а.):

− Билмадим, буни Аллоҳ ва унинг Расули билур, – дедилар.

Пайғамбар алайҳиссалом:

− Ё Али, ишингиз қандай яхши бўлди, сизга таҳсин ва офаринлар бўлсинки, Аллоҳ таолога олти танга қарз бериб, уч юз танга қилиб олдингиз, ҳар бир танганинг эвазига эллик тангадан тўғри келди. Ё Али, аввалги аъробий Жаброил ва кейинги аъробий Микоил алайҳиссалом эдилар, – деб жавоб бердилар.

Ривоятдан кўринадики, садақанинг мукофоти фақат охиратда эмас, балки бу дунёда ҳам берилар экан. Демак, ҳар бир мусулмон холис садақа беришликни ўзига лозим тутса дунё ва охиратда иншооллоҳ иншооллоҳ нажот топади.

Худойберди қори Саидов

Тошкент шаҳар Олмазор тумани

“Иброҳим ота” жомеъ масжиди

имом хатиби

1 Саййидат ун-нисо – аёлларнинг сарвари

2 Ё Або Ҳасан – эй Ҳасаннинг отаси.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3866 times

Мақолалар

Top