Мақолалар

Аҳли илмнинг ортидан “гапиришга” эҳтиёт бўлинг!

Минг афсуслар бўлсинки, баъзи ҳаёлига келганини гапирувчи инсонлар ёки ташқаридаги тайини бўлмаган кимларнингдир измида юраётганлар бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали динимиз ходими, шариатимиз аҳкомларини етказувчи аҳли илмлар, имом-хатибларни ўзларича муҳокама қилиб, ортларидан бемалол ғийбат қиляптилар. Ваҳоланки, неча йиллардан буён шу имомларнинг ортидан ўзлари иқтидо қилиб келадилар.

Ислом динини, шариат аҳкомларини етказишдек улкан масъулиятни зиммасига олган уламолар шаънига ёмон сўзларни гапириш Аллоҳ ва Унинг расулини ғазабини келтирадиган ёмон ишдир.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: «Ким дин олимларини масхара қилса, охирати куяди. Ким подшо ва амирларни масхара қилса, дунёси барбод бўлади. Ким ўз биродарларини масхара қилса мурувват ва ҳайбати йўқолади», деган.

Аллоҳ таолонинг жорий бўлган одатларидан бири шуки, илм аҳли ва уламоларни таҳқирлаган ва масхара қилган одамни мана шу дунёнинг ўзида хор қилади. Суҳайл Андалусий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бир қўшнимиз бор эди. Аллоҳ бойлик ва обрўни бериб қўйган, жуда сердавлат эди. Унинг энг ёмон одати дин олимларини калака қилиш ва уларга азият бериш эди. Бир куни Аллоҳ розилигини истаб насиҳат қилдим. У мени камситиб уйидан ҳайдади. Аллоҳга қасамки, орадан 20 йил ўтиб фалаж бўлиб қолди. Мол дунёсидан айрилди. Муҳтожликдан шаҳар бозорида тиланчилик қила бошлади. Бир куни бозорда кўринмай қолди. Орадан уч кун ўтиб, бозор орқасидаги ташландиқ жойдан жасади топилди. Бутун шаҳар уламолари азият кўрган бу инсоннинг ниҳояси мана шундай якун топди”.

Уламоларни ғийбат қилишнинг хатари бошқаларни ғийбат қилиш хатаридан кўра хавфлироқдир. Ғийбатнинг ёқимсизлиги ўлимтик гўштини ейишга ўхшатилган бўлса, олимни ғийбат қилиш унинг заҳарланган гўштини ейишга ўхшатилган.
Ибн Асокир роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Олимларнинг гўштлари заҳарлангандир, уларнинг обрўсини туширадиганларга Аллоҳнинг муомаласи маълумдир”.
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ айтади: “Олимларнинг гўштлари заҳарлангандир, ким уни ҳидласа касал бўлади, еган эса ўлади”.
У киши яна айтади: “Ким олимга тил теккизса, унинг ўзи ўлишидан олдин қалби ўлади”.
Абдуллоҳ ибн Муборак роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ким олимларни пастга урса, унинг охирати барбод бўлади, ким амирларни пастга урса, унинг дунёси барбод бўлади. Ким биродарларини пастга урса, унинг одамгарчилиги барбод бўлади”.
Авзоий роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аҳли илмларни, хусусан уларнинг улуғларини ортидан гапириш гуноҳи кабиралардандир”.

Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Устозим Ҳаммоднинг уйи томонга оёғимни узатмадим… У вафот топгач ҳар намозим ортидан ота-онамга қўшиб унга ҳам истиғфор айтардим”.

Абу Ромла Синдий айтади: «Йигирма йилдан бери бир олимни ғийбат қилганимнинг азобини тортаман».

Аллома Абу Фазл Бурҳоний “Таҳсилот” китобида ажиб бир воқеани келтиради:

“Бир одамни ҳузуримга олиб келишди. Баданинг бир қисми чириб ёмон ҳид тараларди. Мендан бу касалликнинг давоси борми деб сўрашди. Мен уларга гиёҳлардан дори тайёрлаб бердим ва суриш учун малҳам бердим. Эшикдан чиқиб кетаётганда, уни олиб келган кишилардан: «Бу инсон етим ёки бир олимни хафа қилмаганми?», деб сўрадим. У ажабланиб: «Нега бу хулосага келдингиз», деди. Мен: «Ўттиз йилдан бери табиблик қиламан ҳаётим давомида ушбу касалликка чалинган олти кишини даволаганман. Улар ё етимни ёки олимни кўнглини ранжитгани учун шу касалликка учраган. Етим билан олимнинг кўнглини Аллоҳнинг Ўзи назорат қилади. Агар биров уларни ранжитса, Аллоҳ ранжитган одамдан ғазаб қилади. Мен уларга дори ичишдан олдин тавба қилишни тавсия қилган эдим», дедим. У: “Бу киши мана шу дардга чалингунга қадар катта олимни устидан кулиб, масхара қилиб юрарди”, деди”.

Шундай экан, инсон олим ва фозиллар ҳақида гапиришдан, уларни таҳқирлашдан олдин охиратини ўйласин!

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 4210 times

Мақолалар

Top