Мақолалар

Майхўрликка қарши курашнинг ноёб услуби

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг  қисқа вақт ичида жамиятни ичкиликбозликдек зарарли одатдан қандай қилиб поклагани, бунда фойдаланган ноёб услуби бугунги кунда шу ишни уддалай олмаётган олимлар эътиборини тортмоқда.  У зоти шариф бунга қандай эришган эдилар? 

Кейинги йилларда кетма-кет эълон қилинаётган айрим ҳисоботлар ислом оламининг ижтимоий структураси ижобий натижа кўрсатмаётганини хабар қилмоқда.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти 2010 йилда эълон қилган соғлиқни сақлаш статистикасида  қайд этилишича, асосий аҳолиси мусулмонлар бўлган Яқин Шарқ давлатлари ва Туркияда спиртли ичимликлар истеъмол қилиш меъёри ошган. The Economist журнали турли манбалардан тўпланган ҳисоботларни йиғиб қуйидагича хулоса қилган: “Мусулмон давлатларида 2001-2011 йиллар ичида спиртли ичимликлар истеъмол қилиш 72 фоизга кўпайган”.

Аллоҳ таолонинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Аллоҳнинг амрини етказиб, ҳидоят йўлини кўрсатиб қўйган бўлса-да, нега биз шу ҳолга келиб қолдик? Нима учун гуноҳу маъсиятни афзал ҳисобламоқдамиз? Чунки қачон ёшларимизга қарасак, уларнинг ташқи қиёфасидан тортиб, инсоний муомалаларигача – ҳар бир ҳаракатига ғарбона жамият нуқси уриб турганини кўрамиз. Чунки ОАВ ёшлар тарбиясида жуда катта роль ўйнайди. Бу борада энг илғор техника ва технологияга эга бўлган ғарб олами ана шу воситалар ёрдамида маданий маҳсулотларини экспорт қилмоқда ҳамда турмуш тарзини ўргатмоқда. Бунинг оқибатида айрим ёшларимиз жоҳилият даври одатларидан бўлган спиртли ичимликларни замонавийлик белгиси сифатида қабул қилмоқда. Ҳолбуки, спиртли ичимликлар – жоҳиллик даврининг урф-одатларидан эди.

Халифа Умар розияллоҳу анҳу: “Қачонки мусулмонлар орасида жоҳилият даври анъаналарини қадрловчи авлод пайдо бўлса, Исломнинг барча арконлари бири иккинчисининг ортидан узилиб бошлайди”, деган эканлар. Бугун биз айнан шу ҳодисага шоҳид бўлмоқдамиз.  Исломнинг қандай жорий бўлганини, дунёни қандай ўзгартириб юборганини билмайдиган ёш авлод жоҳилларнинг қадимги одатини янги мода деб ҳисобламоқда. Аслида ачитилган узум, хурмо, асал, буғдой, арпадан тайёрланадиган маст қилувчи ичимликлар минг йиллар бурун маълум эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак чеҳралари билан дунё юзини ёритган кезларда маст қилувчи ичимликлар бутун дунё бўйлаб тарқалган замонлар эди. Қадимги тамаддунда узумни йиғиб олиш катта байрам сифатида нишонланар ва ўша куни одамлар жуда ҳам кўп вино, пиво ичиб хурсандчилик қилар эди. Исроил авлодларининг раввинлари бу одатнинг кўп тарқалиб кетгани натижасида ўзлари ҳам уни ичишга мажбур бўлди ва одамларга уни маст бўлиб қолмагунча ичиш мумкин деб фатво чиқариб берди. Исо алайҳиссалом олиб келган яккахудолик динининг тез тарқалиши қошида Рим империяси ожиз қолди, бу динни йўқота олмаслигини тушунди.  Вақт ўтиши билан империя қадимий мушриклар дини билан янги дин ўртасида келишув шартномаси тузишга ҳаракат қилди. Шунинг учун уларга олиб келинган динга эски, бутпарастлик урф-одатлари кириб қолди. Масалан, ҳосилни йиғиб олиш ва Дионис байрамида вино ичиш анъанаси мавжуд. Евхаристия (насронийлик черковидаги биродарлик риштаси) янги эътиқодида ҳам унинг ўрни бор – маросим нон ва шаробга бағишланган.

Шу тариқа, шароб ишлаб чиқариш ва сотиш диний заруратга айланиб қолди. Ўша даврнинг буюк империяси – Римда аҳвол шундай эди. Шу боисдан унинг мустамлакаси бўлган Яқин Шарқда  шароб ичиш анъанаси кенг ёйилиб кетди. Шароб ишлаб чиқариш ва уни сотишнинг Саудия Арабистони ҳудудида турли вариантлари бўлган: узумзорлар ва хурмозорла кўп бўлган Мадина, Тоиф, Хайбар шаҳарларида узум ва хурмодан шароб тайёрланган. Яман аҳолиси арпа, буғдой, жўхори ҳамда асалдан  спиртли ичимликлар ажратиб олган. Жоҳилият даври шоирлар ёзган шеърларда шаробнинг юздан ортиқ тури тилга олинган.

Пайғамбар алайҳиссалом нафақат америкаликлар, балки шу вақтга қадар ҳам ҳеч ким бажара олмаган ишни бажарган эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам спиртли ичимликлар нима эканини билмайдиган жамиятга келмаганлар. У зот шаробхўрлик энг баланд чўққисига чиққан, тантаналар, катта-кичик зиёфатлар шаробсиз ўтмайдиган, шаробхўрлик жамиятнинг оммавий маданиятига айланган вақтда дунёга келдилар.                

Америкаликлар ўз халқини зарарли ичимликдан ҳимоя қилиш учун спиртли ичимликлар ичишни тақиқлади. Аммо бу ишнинг уддасидан чиқа олмади – яширин ишлаб чиқариш ва ичиш авж олди. 1933 йил тақиқ бекор қилинганда америкалик бир профессор: “Муҳаммад пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръон(и карим) воситасида умматларини нафақат ўзининг замонида, балки кейинги авлодларни ҳам спиртли ичимликлардан ҳимоя қилиб келмоқда. Шунга ўхшаган натижага XX юзйилликда илмий асослар ва барча тарғибот воситалари мавжуд бўлган ҳолда ҳам Америка эриша олмади” (профессор Юлиус Хирш: Учебник здравоохранения. Стамбул, № 34, стр. 242), деб ёзган эди.

1983 йилларда собиқ СССРда ҳам ичкиликбозликка кураш кампанияси авж олган эди. Ўшанда одамлар этик мойини буханка нонга суриб офтобга қўйиб еб, яна қандайдир қўлбола самогонлар тайёрлаб ичиб заҳарланганлари кўпчиликни ёдида.

Ўшанда ҳукумат ичкиликбозликка курашнинг энг қатъий чораларни қўллаб ҳам ижобий натижага эришиш у ёқда турсин, салбий оқибатга сабаб бўлган эди.

Нега бундай бўлганини билиш учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом қандай қилиб спиртли ичимликдан инсонларни ҳимоя қилиш борасида ҳеч ким эриша олмаган натижага эришганини ўрганиш керак.

Аллоҳнинг Расули бир марта ҳам шароб ичмаганлар. У зот Исломнинг Маккада ёйилиши даврида спиртли ичимликларга қарши курашмаганлар. Чунки у вақтда мусулмонларнинг сони унчалик кўп эмас эди. Боз устига Пайғамбар алайҳиссалом, Абу Бакр Сиддиқ, Усмон, Али розияллоҳу анҳулар спиртли ичимликлар ичиладиган давраларга сира ҳам яқинлашмаганлар. У зотларнинг бундай гўзал фазилатга эга бўлишларининг сабаби қуйидагича бўлса керак: арабларда илоҳий ваҳийлар келгунига қадар тўғри дин (Динун Ханиф) ҳақидаги хотиралар сақланиб қолган эди, хусусан, жаранглаб турган бир қоида бор эди: "спиртли ичимликлар ичиладиган байрамларда қатнашадиган кишилар яхши одамлар эмас”. Шароб тақиқланишидан олдин ҳам Пайғамбар алайҳиссалом уни мутлақо ёқтирмаганига ёрқин бир мисол шуки, меърожга чиққанларида  у зотга иккита пиёлада ичимлик тутганлар – бирида сут, иккинчисида шароб, у зот сутни олиб ичганлар. Жаброил алайҳиссалом ушбу танловни мақтаб: “Сиз табиийликни танладингиз, агар шаробни танлаганингизда умматингиз йўлдан адашиб кетар эди, сутни олиб табиийликни ихтиёр қилдингиз, энди умматингиз табиийликка йўналтирилди”  (Имом Бухорий ривояти), деганлар.

Аллоҳнинг Расули умматларини майхўрликдан аста-секинлик билан узоқлаштирдилар. Негаки, одамларнинг кўп йиллик одатига айланиб қон-қонига сингиб кетган нарсадан бирданига воз кечиши осон бўлмас эди, Шу боисдан Аллоҳ таоло инсоннинг феълини ҳисобга олиб уни тақиқлайдиган оятни бирданига нозил этмади. Қуръони каримда спиртли ичимликлар ҳақида тўртта оят бор. Маккада нозил бўлган биринчи оятда:  

وَمِن ثَمَرَاتِ النَّخِيلِ وَالأَعْنَابِ تَتَّخِذُونَ مِنْهُ سَكَراً وَرِزْقاً حَسَناً إِنَّ فِي ذَلِكَ لآيَةً لِّقَوْمٍ يَعْقِلُونَ

Ва хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ва гўзал ризқ олурсиз. Албатта, бунда ақл юритгувчилар учун оят-белги бордир” (Наҳл, 67), дейилган. Ушбу оятда маст қилувчи ичимлик ҳақида ҳукм айтилмаган. Аммо уни гўзал ризққа қиёсан хунук нарса экани ишора билан билдирилган.

Бундан  майпарастлик Аллоҳга хуш келмайдиган амал экани аён бўлади. Бу ифода ҳамда Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаробни ёқтирмагани ичкиликбозлик яхши одат эмаслигини кўрсатади. Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага келиб яшай бошлаган чоқларда ансорлар хурмодон тайёрланган шароб ичар ва меҳмонларга ҳам узатар эдилар. Баъзида маст бўлиб олган майхўрлар давраси бемаъни баҳслар ва муштлашувлар билан ниҳоясига етарди. Шундай ҳодисларга бир неча бор гувоҳ бўлган Умар ва Муоз розияллоҳу анҳулар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурига келиб вазитни тушунтирар экан “шароб одамни буткул ақлидан жудо қилмоқда” дедилар. Шунга қарамасдан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам оят нозил бўлгунига қадар бир қарорга келмадилар. Шундан сўнг қуйидаги ояти карима нозил бўлди:  

يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ قُلْ فِيهِمَا إِثْمٌ كَبِيرٌ وَمَنَافِعُ لِلنَّاسِ وَإِثْمُهُمَا أَكْبَرُ مِن نَّفْعِهِمَا وَيَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَ قُلِ الْعَفْوَ كَذَلِكَ يُبيِّنُ اللّهُ لَكُمُ الآيَاتِ لَعَلَّكُمْ تَتَفَكَّرُونَ

Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт. Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен:«Ортиқчасини», деб айт. Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки тафаккур қилсангиз” (Бақара сурасининг 219-ояти).

Ояти каримада спиртли ичимликлар сабабли содир бўладиган гуноҳ унинг яхши жиҳатидан кўплиги айтилмоқда. Унинг фойдаси нима ўзи? Ичганда бир оз бош айланиши, олди-соттидан олинадиган даромади бўлса керак-да. Аммо зарари ҳақида жилд-жилд китоблар ёзиш мумкин, анчаси ёзилган ҳам. Ана шу огоҳлантиришдан сўнг кўпчилик мусулмонлар шароб ичмай қўйдилар. Кейин эса мана бу оят нозил бўлди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَقْرَبُواْ الصَّلاَةَ وَأَنتُمْ سُكَارَى حَتَّىَ تَعْلَمُواْ مَا تَقُولُونَ وَلاَ جُنُباً إِلاَّ عَابِرِي سَبِيلٍ حَتَّىَ تَغْتَسِلُواْ وَإِن كُنتُم مَّرْضَى أَوْ عَلَى سَفَرٍ أَوْ جَاء أَحَدٌ مِّنكُم مِّن الْغَآئِطِ أَوْ لاَمَسْتُمُ النِّسَاء فَلَمْ تَجِدُواْ مَاء فَتَيَمَّمُواْ صَعِيداً طَيِّباً فَامْسَحُواْ بِوُجُوهِكُمْ وَأَيْدِيكُمْ إِنَّ اللّهَ كَانَ عَفُوّاً غَفُوراً

Эй иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг ва жунуб ҳолингизда ҳам то ғусл қилмагунингизча. Магар йўлдан ўтувчи бўлса, майли. Агар бемор ёки сафарда бўлсангиз ёки сиздан бирингиз таҳоратхонадан келса ёхуд аёлларга яқинлашган бўлсангиз-у, сув топа олмасангиз, покиза тупроқ-ла таяммум қилинг. Бас, юзингизга ва қўлларингизга масҳ тортинг. Албатта, Аллоҳ афв ва мағфират қилувчи зотдир” (Нисо сурасининг 43-ояти).

Ояти каримада мусулмонларга маст ҳолида намоз ўқиш тақиқланди. Мусулмонларга эса беш вақт намоз фарз қилинган. Демак, тонгдан тунга қадар асло ароқ ичиб бўлмайди. Ниҳоят шаробни мутлақо тақиқлаган оят нозил бўлди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالأَنصَابُ وَالأَزْلاَمُ رِجْسٌ مِّنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз (Моида сурасининг 90-ояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтган эканлар: “Биз зиёфатда эдик. Мен соқийлик қилаётгандим. Бир киши келиб шароб тақиқланганини хабар қилди. Даврада ўтирган биродарларим бу хабарни эшитиб,  “Шароб солинган ҳамма идишни тўнкаринглар”, дейишди. Шундан сўнг бирор киши маст қилувчи ичимликни оғзига олмади” (Имом Насаий ривояти).

Ўша тунда шаҳардаги шароб солинган барча идишлар тўнкарилди ва Мадина кўчаларидан шароб дарё бўлиб оқди. Шу воқеада саҳобаларнинг Аллоҳнинг амрига қанчалик сидқидилдан итоат этиши, Пайғамбар алайҳиссаломга қалбан боғлангани яққол намоён бўлган. Чунки улар  Пайғамбар алайҳиссалом айтган ҳар бир сўзга итоат қилар экан, у зот буюрган амаллар Аллоҳ ваҳий орқали юборган амрлар эканига қатъиян ишонар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг америкаликлар етиша олмаётган ютуқлари ана шу эди. Саҳобалар ичкиликни соғлигига зарар бўлгани учун эмас, Аллоҳ таоло тақиқлагани учун ташлаган эдилар. Шунинг учун ошкора ҳам, яширинча ҳам ичмай қўйган эдилар.  

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ютуғини таъминлаган яна бир ҳодиса – у зот шаробнинг ўзини ҳаром дейиш билан чекланмасдан, уни тайёрловчи, сотувчи, олиб келувчи, қуйиб берувчи, ичувчилар даврасида ўтиришни ҳаром деб эълон қилдилар. 

Бугун эса давлат бир тарафдан ичкиликбозликка қарши курашяпти, иккинчи томондан – уни сотиш учун ишлаб чиқаряпти. Спиртли ичимликларни ишлаб чиқариш давом этар экан – тақиқдан ҳеч қандай фойда йўқ.  “Пайғамбаримизнинг ҳузурига узоқ ўлкаларнинг биридан вакиллар келиб, “Биз спиртли ичимликлардан даволаш мақсадида фойдаланамиз” ёки “Биз совуқда музлаб қолмаслик учун ароқ ичишга мажбурмиз”, дедилар.  Бу баҳонага у зот: “Шароб даволаш воситаси эмас, касаллик манбаидир”, деб жавоб бердилар” (Имом Ибн Можа ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаробхўрликка курашнинг жазолаш услубини ҳам қўллаганлар. Чунки шароб ичган киши жазоланса, бошқалар шароб ичиш гуноҳ иш эканини янада теранроқ ҳис этар эдилар. Айниқса, шароб ичган ёшларга қаттиққўллик билан жазо тайин қилар эдиларки, улар бу касофатни қайтиб оғзига олмас эдилар. Абу Ҳурайро розияллоҳу анҳу айтганлар: “Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдига ширакайф одамни олиб келдилар. У зот “Уни уринглар!” деб амр қилдилар. Ким қўли билан, ким оёқ кийими билан, яна бири бошқа нарса билан уни ура кетди”.

Пайғамбаримиз ичган одамни ёмон кўрганидан бу жазони тайинламаган, балки уни майхўрликдан халос бўлиб, ўзини шаробга қарамликдан қутқарсин ва яна ичувчиларнинг  бу қилиғи бошқаларни ҳам ўзига жалб қилмасин деган мақсадда бўлганлар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик қилган даврда мусулмонлар кўп юртларни ишғол қилди ва динни ёйиш учун ҳар тарафга тарқалиб кетди. Улар моддий жиҳатдан ҳам бойиб кетди. Ўшанда ичкиликбозлик кўпайиб кетмасин деган мақсадда ҳазрати Умар ароқ ичган кишига 80 дарра жазо тайин қилдилар.

Спиртли ичимлик ва гиёҳвандликка қарши кураш исломнинг асосий тамойилларидан бири саналади: ҳаётни, мулкни, наслни ва динни сақлаш – мусулмоннинг бурчи. Соғликка зарар етказадиган, чўнтакни қоқлайдиган, ақлни заифлаштирадиган, инсонни диндан узоқлаштирадиган ва келажак авлодни нобуд қиладиган нарсалар билан ҳар тарафлама курашиш соғлом ақлли кишиларнинг муқаддас вазифасидир.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

Read 5033 times

Мақолалар

Top