Мақолалар

Олимлар юлдузларга ўхшайди
  1. Киши модомики илм талабида экан, у олимдир. Агар у билиб бўлдим, деб ўйласа, жоҳиллиги бошланган бўлади.

Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу)

  1. Ё олим бўл, ёки ўрганувчи бўл. Ҳаргиз бекорчи бўлма.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)

  1. Кишининг олим бўлишига Аллоҳ таолодан қўрқмоғи, илмсиз қолишига эса амалига мағрурланиши кифоя қилади.

Масруқ

  1. Ёки илмли бўл, ёки илмга таяниб иш тутадиган бўл, лоақал илмни тинглаб эшитадиган бўл, аммо тўртинчиси бўлма, чунки касодга учраб ҳалок бўласан.

Абулқосим аз-Замахшарий

  1. Ҳақ таоло ҳар замонда олимларни ўшал замона халқининг амалларига муносиб сўзлар билан гапиртириб қўяди.

Абу Туроб Нахшабий

  1. Олимнинг адо этилиши лозим бўлган ҳақлари бор. Унга кўп савол бермаслик, жавобига эътироз қилмаслик, эриниб турганида жавоб беришга зўрламаслик, ўрнидан туришга қўймай, этагига осилиб олмаслик, сирларини ошкор этмаслик, ҳузурида бирор кишини ғийбат қилмаслик, ундан хато қидирмаслик, борди-ю хато қилса, узрини қабул қилиш, модомики Аллоҳнинг амрига итоат этаркан, унга ҳам Аллоҳ учун ҳурмат кўрсатиш, олдида ўтириб олмаслик, бирор эҳтиёжи бўлса, уни раво қилиш учун ҳаммадан олдин шошилиш олимнинг ҳақларидандир.

Али ибн Абу Толиб

  1. Китоби йўқ олим - мевасиз дарахт.

Саъдий Шерозий

  1. Олим керакки, ўз илмининг поя ва миқдорини асрагай, гавҳарни имтиҳон учун тошга урмагай.

Алишер Навоий

  1. Илм ва диннинг машҳур кишилари ўз маслаҳатлари билан подшоҳларга ёрдам бериб келганлар.

Амир Темур

  1. Олимлар эҳтиромга лойиқ буюк инсонлардир. Илм билан мустаҳкамланмаган ҳар қандай улуғликнинг оқибати хорликдир.

Аҳнаф ибн Қайс

  1. Олим киши кечалари қойим, кундузлари рўзадор мужоҳиддан афзалдир. Олим вафот этса, Исломда бир ёриқ пайдо бўлади. У ёриқни фақат олимнинг ўринбосаригина тўлдиради.

Али ибн Абу Толиб

  1. Олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қони билан ўлчанади. Шунда олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қонидан оғир келади.

Ҳасан Басрий

  1. Эй ўғлим, сен олимлар билан ўтир. Уларнинг орасига кир, чунки Аллоҳ таоло ерни осмон суви билан тирилтиргани каби қалбларни ҳикмат нури билан тирилтиради.

Луқмони Ҳаким

  1. Кундузлари рўзадор, кечалари қойим (бедор) бўлган мингта обиднинг ўлими ҳалол-ҳаромни ажрата олувчи бир олимнинг ўлимидан енгилроқдир.

Умар ибн Хаттоб

  1. Олимлар бўлмаганида инсонлар чорва моллари каби бўлиб қолардилар.

Ҳасан Басрий

  1. Ота-оналар фарзандларини дунё оташидан ҳимоя қилади, олимлар эса уларни охират олови – дўзахдан муҳофаза этади.

Яҳё ибн Маоз

  1. Ким олимнинг олдига келиб, у билан бирга ўтирса, унинг илмини эгаллашга қодир бўлмаса ҳам, унга етти яхшилик бордир.

Абу Лайс Самарқандий

  1. Олимлар юлдузларга ўхшайди. Агар кўриниб турса, одамлар улар билан йўл топишади. Агар кўздан йўқолиб, зулматда қолсалар, қаёққа юришни билмай ҳайрон қолишади.

Ҳасан Басрий

  1. Илмга амал этишни ўзингга одат қил; агар олим илмини амалиётга татбиқ этмаса, у руҳсиз баданга ўхшайди.

Имом Аъзам

  1. Донишманд ва олимларнинг хулқларидан ўрнак олиш яхши хулқни тирилтиради, ёмонни йўқ қилади.

Абу Райҳон Беруний

  1. Дунё (юрт) ободлиги тўртта нарса сабабидан: раҳбарлар адолати, олимлар илми, бойлар саховати, муҳтожлар дуоси.

Абу Ҳомид ал-Ғаззолий

Read 5708 times

Мақолалар

Top