Мақолалар

Болага марҳумларни хотирлашни ўргатинг!

Биз ҳамиша марҳумларимизни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун савобли амалларни, шу жумладан, Қуръони карим оятларидан тиловатлар қилиб, савобини уларнинг руҳларига бағишлаймиз. Зеро, ўтганларни эслаш ва уларга истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат қилиш ва уларнинг ҳақларига дуолар қилиш барчамизнинг исломий ва инсоний бурчимиздир. Бу фоний дунёдан ўтган инсондан унинг ўчмас хотираси, эзгу ишлари қолади. Шундай экан, марҳумларнинг ҳаётлик даврида қилган яхши амалларини эслаш, тирикларни эса қадрлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, - деб марҳамат қилганлар. Қолаверса аждодларимизнинг эзгу ишлари ўсиб-улғайиб келаётган ёш авлодни Ватанимиз, халқимизга садоқат, фидойилик ва ҳурмат руҳида тарбиялашга катта хизмат қилади.

Дунёдан ўтган марҳум ва марҳумаларимизни эслаб-хотирлашимиз ва уларнинг руҳларини шод этиш учун ҳақларига дуои хайрлар қилиб туришимиз лозимлиги Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда баён қилинган.

Пайғамбармиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтганлар: «Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримиз қадрини билмаганлар бизлардан эмасдир» (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Шариатимиз кўрсатмаларига кўра ўтганларни қабрларини зиёрат қилиш суннат амаллардандир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: «Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана, энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро, у сизларга охиратни эслатади» (Термизий ривояти).

Бу ҳақда жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Агар, бир инсон вафот қилса унинг амали тўхтайди. Фақатгина учта нарсадан унга фойда етиб туради: (қолдириб кетган) садақаи жория ёки фойдали илм ёҳуд ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзандларидан» (Имом Муслим ривояти).

 

Муслим АТАЕВ,

Фатво бўлими ходими

Read 3503 times

Мақолалар

Top