Мақолалар

Устозлар хизмати – буюк шараф

Инсонни илм ва амал билан фазилатли қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, энг яхши муаллим бўлиб юборилган саййидимиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салавоту дурудлар ва илм ўчоғи ҳамда маърифат булоғи бўлган Пайғамбаримизнинг оила аъзолари, саҳобаи киромлари ва уларга эргашганларга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин.

Устозлик мартабаси энг буюк мақомдир. Зеро, башариятнинг энг афзал вакиллари бўлмиш пайғамбарлар ҳам устоз, муаллим қилиб юборилганлар. Муаллим сўзининг маъноси “илм берувчи”, “таълим берувчи”, “ўргатувчи” демакдир. Пайғамбарлар инсониятга эзгуликни таълим берганлар, яхшиликка ўргатганлар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида “Албатта, мен муаллим қилиб юборилганман”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).

Мана шунинг ўзи ҳам устозлик нақадар юксак мартаба эканлигини кўрсатади.

Дарҳақиқат, ўзгаларга илму маърифат зиёсини тарқатиш бениҳоя улуғ ва савобли амал. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиздир. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устозларнинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай марҳамат қиладилар: “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто инидаги чумоли ва ҳаттоки балиқлар ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчига салавот айтадилар” (Имом Термизий ривояти).

Устозлар жамиятимизга сув ва ҳаводек зарурдир. Бу муҳтарам зотларни бамисоли атрофга ўз нурини сочаётган қуёшга ўхшатсак бўлади. Қуёшнинг нуридан барча мавжудот фойдаланганидек уларнинг маърифат зиёларидан бутун башарият наф олади. Оламни қуёшсиз тасаввур қилиб бўлмаганидек жамиятни ҳам бу улуғ зотларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу сўзимизга ҳазрат Абдураҳмон Жомийнинг қуйидаги байтлари яққол мисол бўлади.

Устоз, мураббийсиз қолганда замон,

Зулумотдан қора бўларди жаҳон.

Дарҳақиқат устозлар, муаллимлар ва мураббийлар жамиятни илму фан, одобу ахлоқ ва бошқа барча эзгуликлардан хабардор қилиб турадилар.

Шунинг учун биз шогирдлар бу улуғ зотларнинг қадрларини билиб, хизматларида доимо камарбаста бўлишимиз лозимдир. Аждодларимиз устозларини қай даражада ҳурмат ва эҳтиром қилган бўлсалар, биз ҳам улардан ибрат олишимиз керак бўлади. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:  

“Уламолар раиси” деган унвонга сазовор бўлган, ўз замонасининг қозиси Фахриддин Арсабандийдан сиз бу қадар обрў ва эътиборга қандай эришгансиз, деб сўралганда у зот шундай жавоб берганлар: “Мен устозим Абу Зайд ад-Дабусийга 30 йил таом ҳозирлаб ундан ўзим ҳеч истеъмол қилмаганман. Сабаби агар тановул қилсам ўзимни ҳам ўйлаб таом тайёрлаган бўлиб қоламан, бунда эса хизмат мукаммал бўлмай қолиши мумкин эди”.

Ҳақиқатан ҳам толиби илмлар устозларига бунданда юксакроқ хизмат қилишни ўз вазифаси деб билишлари керак.

Халифа Хорун ар-Рашид ўғилларини Имом Асмаийга илм ва одоб ўргатиш учун шогирд қилиб бердилар. Кунлардан бирида Хорун ар-Рашид ўғилларидан хабар олай деб борсалар Имом Асмаий таҳорат қилиб оёғларини юваётган, Хорун ар-Рашиднинг ўғиллари эса оёғларига сув қуйиб турган экан. Шунда халифа бир оз маломат қилгандек бўлиб: “Мен ўғлимни шунинг учун юборганмидим” - дедилар. Имом Асмаий бу сўзни эшитиб ҳайрон бўлиб турганларида, халифа сўзини давом эттириб: “Нимага ўғлимга бир қўлингда сув қуйиб, бошқа қўлингда оёғимни юв демадингиз? Ахир мен унга илм билан биргаликда одоб ҳам ўргатинг, деган эдимку?!” – дедилар.

Эътибор берайлик, юқоридаги икки воқеада биз шогирдларга нақадар гўзал ибратлар бор. Баъзи шогирдлар устозларини бир-икки хизматини бажариб, гўё ўзини устозга хизмат қилаётган шогирддек ҳис қилади ва устоздан илм олиш асносида арзимаган хизмати билан устознинг ҳаққини адо қилаётгандек бўлади. Баъзилари эса устоз бир ишдан кейин мабодо иккинчи бир ишни буюрса малолланиб, пешонасини тириштиради, гўё устози кўп хизмат буюриб юборётгандек. Биз бундай шогирдларга ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг сўзларини ҳам эслатмоқчимиз: ”Менга илмдан бир ҳарф ўргатган зотнинг қулиман, хоҳласа сотиб юборсин”. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуда устозларга нисбатан шу қадар ихлос ва ҳурмат борлиги учун пайғамбаримиз томонларидан ҳам “илмлар дарвозаси” деган унвонни олдилар ва саҳобаи киромларнинг ичида энг кўзга кўринганлардан бўлдилар.

Биз шогирдларчи? Келажакда буюк зотлар, шайхлар, унвон соҳиблари ва ҳоказо мартабаларни ният қиламиз. Ҳўп, мазкур мартабага ҳақиқатан етган зотлардаги устозга бўлган ихлос, ҳурмат, эҳтиром, улуғлаш, хизматларни чин кўнгилдан қилиш ва ҳоказо яхши хислатлар бизда ҳам бормикин?! Агар бўлса айни муддаодир. Акс ҳолда аҳволимизга вой.

Аллоҳ барча шогирдларнинг оталарини Хорун ар-Рашидга ўхшаган оталардан қилсин. Хорун ар-Рашид ўғиллари устозининг оёғига сув қуйиб бераётганига қониқмадилар, балки устознинг оёғини ювишини ҳам талаб қилдилар. Чунки бу зот устозларнинг мартабалари нақадар буюклигини билар эдиларда. Агар фарзандларини устозга берган ота-оналарда Хорун ар-Рашиддек ихлос бўлганда, фарзандлари ўзлари кўзлаганданда зиёда мартаба ва мақомларга кўтарилар эди. Баъзи вақтларда устозлар мактабда, коллежда ва бошқа ўқув даргоҳларида шогирдларига озгина қаттиқроқ танбеҳ берсалар, афсуски, ота-оналар устозларни олдига бориб ўз фарзандларида айб йўқдек устозларга қаттиқ гаплар гапирадилар. Бу ота-оналарнинг фарзанларидан келажакда нимани кутиш мумкин?!

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, устозлар бизни икки дунёда саодатли бўлишимиз қайғусини қилиб, бу борада кўп тер тўкадилар. Биз шогирлар эса устозлар нақадар буюк ва юксак зотлар эканликларини қалбдан ҳис қилишимиз керак. Умримизни охиригача уларни ҳурмат-эҳтиромларини жойига қўйиб, хизматларида бардавом бўлишимиз шогирдлик бурчларимиздандир. Қолаверса, бу зотларнинг дуолари, назарлари ва буларга қилинган хизматлар бизни буюк шахслар бўлишимизга сабаб бўлишини унутмаслигимиз даркор. Агар юқоридаги воқеалардан ва улуғларнинг сўзларидан етарли хулоса чиқармас эканмиз, жамиятда ўзимизга муносиб ўрнимизни топа олмаймиз. Аллоҳ таоло барчамизга аввало ўзининг розилиги ва барча устозларимизнинг розиликларини насиб этсин. Яратган эгам устозларимизни ўз паноҳида асраб, уларни икки дунё саодати ва битмас- туганмас ажр мукофотлар билан мукофотласин! Омин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими мутахассиси ва

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Ғуломиддин Холбоев

                                                          

Read 6618 times

Мақолалар

Top