Мақолалар

Меҳнат билан топганинг, қанд-у асал тотганинг

Барчага маълумки, ислом динида ризқни ҳалолдан топиш ҳаттоки Аллоҳ Таолога ибодат қилиш мақомига кўтарилган. Энг улуғ зотлар саналмиш пайғамбарлар ҳам ўз ризқларини ҳалол пешона терлари билан топганлари яъни, касб – ҳунар билан шуғулланганликлари барча учун буюк ибратдир. Улар ризқ Аллоҳдан эканлигини билган ҳолларида ҳам ҳунарсиз ўтирмадилар. Тарихдан маълумки, Одам (а.с) деҳқончилик, Нуҳ (а.с) дурадгорлик, Довуд (а.с) темирчилик, Идрис (а.с) хаттотлик ва Муҳаммад (с.а.в) савдогарлик билан шуғулланганлар .

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِذَا نُودِيَ لِلصَّلَاةِ مِنْ يَوْمِ الْجُمُعَةِ فَاسْعَوْا إِلَى ذِكْرِ اللَّهِ وَذَرُوا الْبَيْعَ ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ

“Эй, имон келтирганлар! Қачонки, жумъа кунидаги намозга (азон) чақирилса, дарҳол Аллоҳнинг зикри сари (имом хутбасини тинглаш учун) ҳаракатга тушингиз ва савдо-сотиқни тарк қилингиз! Агар биладиган бўлсангиз, мана шу (иш) ўзларингиз учун яхшидир” .

Анас ибн Молик ҳазратларидан ривоят қилинади:

“Набий соллоллоҳу алайҳи  васаллам: “Аллоҳ юборган ҳар бир Набий албатта қўй боққандир”, дедилар. “Сиз ҳамми?”, дейишди саҳобалари. “Ҳа, қийротлар  учун Макка аҳли қўйини боққан эдим”, дедилар У зот” .

Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари энг тўғри, энг маҳбуб йўлдан юрганлар. Аллоҳ таоло ўзининг барча пайғамбарларига қўй боқишни раво кўрган экан, демак ҳеч бир касбнинг паст-баланди бўлмайди .

Маълумки, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларини олдиндан тайёрлаб, обрўга путур етадиган нарсалардан сақлаб келган. Демак, Муҳаммад Мустафо соллоллоҳу алайҳи васалламга мардикор – чўпон  бўлишни раво кўриши бу ишнинг шарафини кўрсатади. Бу ҳодисалардан ҳайвон боқиб, ризқ-рўз топиш яхши экани келиб чиқади.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа этиб сайланганларидан кейин:

“Батаҳқиқ, қавмим менинг ҳунарим аҳлимнинг таъминотига етмай қолмаслигини яхши билади. Энди эса мусулмонларнинг иши билан машғул бўлиб қолдим. Бас, Абу Бакрнинг оиласи ушбу молдан егай ва бунда мусулмонлар учун касб қилурман”, дедилар

Юқорида таърифлай бошлаган мақтовларга лойиқ иш – бу Ҳалол касбдир. Касб – инсон яралганидан токи вафот этгунича ўзлаштириб, қўлга киритган ютуқ ва камчиликлар ҳисобланади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга шундай насиҳат қилган эдилар:

“Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуойинг қабул бўлур. Чунки бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди” .

Бу нафақат буюк саҳобий Анас розияллоҳу анҳуга, балки, у киши орқали бутун ислом умматига қилинган буюк насиҳатдир.

Аллоҳ таоло инсонни яратгач, унга дунёдаги барча нарсанинг исмини ўргатди ва касб-кор қилиш, шу орқали ризқини териб юришига амр этди. Расулуллоҳ (с.а.в) “Кишининг фарзанди касбидандир, энг ҳалол касбидандир” , – деб марҳамат қилдилар. Касб меҳнат маҳсули бўлиб, фарзандлар эса мана шу касб орқали топган асосий жамғарма ҳисобланади, уларнинг том маънодаги комил инсонлар бўлиб етишишларида илму ҳунарнинг ўрни беқиёсдир.

Дунё кўрган инсонларнинг Аллоҳ таолога энг севимлилари, ҳар жиҳатдан баркамол бўлган зотлар – бу Пайғамбар (а.с)лардир. Оламларнинг парвардигори Ўзи учун халифа этиб сайлаган мана шу улуғларнинг барчалари бирор касбнинг моҳир эгалари эдилар. Улар Аллоҳ таолонинг изни ила ёшлик чоғларидан қўй боқар, ҳалол касб қилардилар. Хусусан, Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ўзлари ҳам ёшликда қўй боқиб, улғайганларида эса савдо-сотиқ билан шуғуланганлар. Мушриклар Ул Зотнинг шаънларини пастламоқчи бўлиб: “У ҳақиқий Пайғамбар бўлса нега бозорларда, одамларга аралашиб юради, нега Аллоҳ унга ҳашаматли уй-жой бермайди, нега анави тоғларни тиллога айлантириб қўймайди?” – дейишар, бу билан фақатгина ўзларига жабр қилар эдилар, холос. Жоҳилларнинг  айтаётган бу гаплари Расулуллоҳ (с.а.в)нинг фазилатларига фазилат қўшар, муборак ҳаётлари ҳалол меҳнат орқасидан бировга қарам бўлмасдан, покиза луқма ила ўтаётганини эътироф этар эди. Бу билан пайғамбарнинг шаъну шавкатларига бирор бир заррача футур етиб қолдими? Асло! Ҳар нарсада яхшиларга эргашган, ҳамма учун намуна бўлиб келган халқ ҳам фарзандларини суннатга мувофиқ яшашга ўргатиб келмоқда. Аждодлардан етиб келган халқ оғзаки ижоди бўлган мақолларда, эртаг-у, масалларда ҳам инсонни камолотга етказувчи хусусиятлар куйланган, тараннум этилган. Масалан, “Ҳалол меҳнат яхши одат, берур сенга саодат”, “Меҳнат билан топганинг, қанд-у асал тотганинг”, “Меҳнат- меҳнатнинг таги роҳат”, “Ҳунар- ҳунардан ризқинг унар”, “Бир йигитга қирқ ҳунар ҳам оз” ва бошқалар. Ёшларнинг касб-корли, меҳнаткаш бўлишига ундовчи, алдамчилик, ҳийла йўли билан топилган пул фойда бермаслигини билдирадиган машҳур – косиб ота ва дангаса ўғил ҳақидаги ривоят ҳам равон тили, содда ифодаси билан барчага ёқади ва тез таъсир  қила олади. Тариқатчилар саййиди бўлган ҳазрат Баҳовиддин Нақшбандий – “Кўнглинг Оллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин” деб бежиз айтмаганлар. Чунки меҳнат инсонни ҳақиқий бахт сари элтувчи мукаммалликдир.

Меҳнатни севиш, ғайрат ва матонат билан ишлаш лозим. Бунда 3 та манфаат бор: Тан саломатлиги, кўнгил роҳати, обрўнинг ортиши. Ўз ҳаётини меҳнат билан яшнатиб келаётган одамларни ҳурмат қилиш, уларни бошга кўтариш, ҳордиқларини, ҳузур-ҳаловатларини ўйлаш одамийликнинг энг муҳим шартларидан биридир. Меҳнатсеварлик кундалик ҳаётни чиройли, фаровон, унумли ўтказиш учун инсонга қувонч ва шодлик бағишлайдиган фазилатдир.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом билим юрти

М. Саиджалолова 

ЎМИ матбуот хизмати

Read 3433 times

Мақолалар

Top