Мақолалар

Ислом – ватанпарвар дин

Ислом – ватанпарвар дин. У фақат ўзини ўйлайдиган, жамиятнинг тараққиёти ёки ҳалокатига эътибор бермайдиган худбин дин эмас.  У меҳр-оқибат, шафқат, сийлаи раҳм динидир. Исломда ватанпарварлик олий туйғу сифатида эътироф этилади. Ўтган алломаларнинг ўгитлари, панд-насиҳатларида ҳам бунга алоҳида урғу берилган. 

«Ватан» атамаси арабча сўз бўлиб, тилимизда «она юрт» деган маънони англатади. У ҳам кенг ва ҳам тор маънода қўлланилади. Бир халқ вакиллари жамул-жам яшаб турган, уларнинг аждодлари азал-азалдан истиқомат қилган ҳудуд назарда тутилса, бу кенг маънодаги тушунча, киши туғулиб ўсган уй, маҳалла, қишлоқ назарда тутилса, бу тор маънодаги тушунчадир.

Қуръони каримда Ватан, мамлакат, ер, диёр, яшаш манзили каби маъноларни англатадиган иборалар 47 марта такрорланган. 

Бир ўринда «Эсланг, сизлардан «Бир-бирларингизнинг қонингизни тўкмайсиз, ўзларингизни (бир-бирингизни) юртингиздан бадарға қилмайсиз», – деган аҳдингизни олган эдик». Сўнгра сизлар яна ўша, ўзларингизни (бир-бирингизни) ўлдираяпсиз, бир қисмингизни юртларидан чиқариб юбораяпсиз, уларга қарши гуноҳ ва зулм ила ҳамкорлик қилаяпсиз», – дейилган (Бақара сураси, 84–85 оятлар).

Муфассирлар ушбу оятларнинг тафсиридан келиб чиқиб, қотиллик қилиш, сургун қилиш, бировларга озор етказиш улкан гуноҳлардан эканини айтиб ўтишган. Айрим ўринларда юртни ташлаб чиқиб кетиш, тарк этиш ҳам кишининг ихтиёридаги нарса эмаслигига эътибор қаратилган.

Пайғамбаримиз ўзлари туғилиб ўсган шаҳардан Мадинага ҳижрат қилаётганларида: «Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим», – деган эканлар.

Ушбу ҳадисдан билинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ватанни қўмсаганлар, уни севганлар. Буни бот-бот тилга олганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида Абу Бакр билан Билол иситмалаб қолишди. Мен уларнинг ҳузурига кириб: «Эй, падари бузруквор (яъни, Абу Бакр), эй, Билол, ўзингизни қандай ҳис этмоқдасизлар?» – деб сўрадим. Абу Бакр иситма зўриққанда:

«Уйимда бўлсайдим жон чиқар маҳал,

Пойабзал ипидан яқиндир ажал», – дедилар.

Билол эса, иситма бироз пасайганда, оғриқдан зўриқиб, йиғламсираб шундай деди:

«Тақдирим не эрур, билмасман э воҳ,

Бошимга ажалдан келурму сипоҳ?

Бир кеча бўлса ҳам, она водийим,

Қўйнида ётсайдим, меҳрибон Аллоҳ!

Қониб ичсам эрдим, шаффоф сувларин,

Қанийди, ташласам, унга бир нигоҳ!» 

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб бу ҳақда айтган эдим, у зот: «Ё, Аллоҳ! Бизга Мадинани Макка сингари ёқимли, балки ундан ҳам ортиқроқ суюкли қил! Ё, Аллоҳ! Унинг тошу тарозисига барака ато эт, унинг аҳлини ҳамиша саломат қил. Мана бу безгагни эса Жуҳфага кўчиргин!» – деб илтижо қилдилар» (Бухорий ривояти).

Келтирилган оят ва ҳадислардан маълум бўладики, Ватан инсон учун энг муқаддас, ардоқли, ҳеч бир нарса билан алмаштириб бўлмайдиган, ўз-ўзидан севилишга, ардоқланишга ва қадрланишга лойиқ туйғудир. Бу туйғу ҳеч кимни четлаб ўтмаслиги даркор.

Ҳикматларда “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”, дейилган.

Аллоҳ барчамизни чин мусулмонлардан айласин. Ватанпарвар, халқпарвар, элу юрт корига ярайдиганлар сафини янада кенгайтирсин.


Фарҳод ЖУМАЕВ,

Бухоро шаҳридаги “Дилкушо” жомеъ 

масжидининг имом хатиби

ЎМИ матбуот хизмати

Read 4211 times

Мақолалар

Top