Мақолалар

Ейиш-ичишдан олдин ва кейин қўлни ювиш

Мусулмон одам таом ейишдан олдин ва кейин қўлларини ювиши мустаҳабдир. Бу борада ушбу ҳадиси шариф ворид бўлган.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Таомнинг баракаси – ундан олдин (икки қўлни) ювиш ва ундан кейин (икки қўлни) ювишдир”. Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган.

Хўш, нега Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ушбу ҳадисдаги тавсияни бермоқдалар.

Келинг, шу саволга жавоб топиш мақсадида ушбу ҳадисдаги тиббий ҳикматларни кўриб чиқайлик.

Инсон ҳар куни турли кишилар билан қўл бериб кўришади. У инсонлар орасида беморлар, қўлида касаллик тарқатувчи микроби бор бўлган кишилар бўлиши мумкин. Шунингдек, хатарли бактериялар ин қуриб олган нарса-буюмларни ушлаши мумкин. Ана шу пайтда мазкур микроблар унинг қўлига ўтади. Кейин у одам бундан бехабар ҳолда уйидами ёки кўчадаги ошхонадами қўлини ювмай таомланишга ўтирса, ҳалиги зарарли вируслар таомга, у орқали оғиз бўшлиғига ўтади. Оғиз бўшлиғи каби нам муҳит эса микробларнинг ривожланиши ҳамда кўпайиши учун қулай шароит ҳисобланади. Натижада турли оғир касалликлар юзага келиши мумкин.

Қўлни ювмаслик оқибатида энг кўп тарқаладиган касалликлар – вабо, паратиф (ич терлама) ва ич кетишдир.

Инсон териси юзасида тешикчалар ва чуқурчалар бор. Тери усти турли ёғлар ва терлардан тозаланмаган пайтда зарарли микроблар ва паразитларнинг тухумчалари теридаги мазкур тешик ва чуқурчаларга жойлашиб олади.

         Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини покиза таом ейишимизни истаб, таомланиш олдидан қўлимизни ювишни тавсия қилганлар. Бу тавсияга амал қилсак, таомимиз турли ифлосликлар ва касаллик ташувчи микроблардан холи бўлади.

Таомдан кейин қўлни ювишга нега тарғиб этилган?

Гап шундаки, қўлда қолган таом, ёғ ва бошқа нарсалар қолдиқлари тананинг ҳарорати эвазига аста парчаланиб, қулай муҳит таъсирида бактериялар кўпайиши вужудга келади. Кўпайган бактериялар кутилмаганда хатарли касалликларга сабаб бўлиши мумкин.  

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган мана бу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қўлида ёғнинг ҳиди, юқи бўлган ҳолда ухласа, кейин унга бирор нарса тегса (яъни бирор касаллик етса), (бировни эмас,) фақат ўзини маломат қилсин!” деганлар. Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган. Термизий: “Ҳасан ҳадис” деган. Ибн Ҳиббон уни “Саҳиҳ ҳадис” деган.

Кўриниб турибдики, бу ҳадисда қўлини ювмай ухлаган одамга бирор касаллик етиши ҳақида огоҳлантирилмоқда. Бошқа бир ҳадиси шарифда бу касаллик – вазаҳ, яъни песлик эканлиги очиқ айтилган.

Демак, таомланишдан олдин қўлларни ювиш инсонга, унинг таомига, уйига барака киришига сабаб бўлади. Бу барака офият, саломатликдир. Сиҳат-саломатлик – ҳеч тугамайдиган, бебаҳо неъматлардан биридир.

Таомланишдан кейин қўлларни ювиш эса фақирликдан, песликдан ва маломатдан сақланишнинг қатъий чорасидир.

Асарда шундай ривоят келган: “Таомдан олдин қўлни ювиш барака омили бўлиб, у фақирликни даф қилади. Таомдан кейин қўлни ювиш эса маломатни даф этади”.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

 

وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

“Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир” (Ҳашр сураси, 7-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло биз бандаларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тарғиб этган, тавсия қилган амалларни қилишга, у зот қайтарган ишлардан қайтишимизга буюрмоқда. Шунинг учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига амал қилиб, таомланиш олдидан ва таомланиб бўлганимиздан кейин қўлларимизни ювишга одатлансак, дунёимиз учун, энг асосийси, охиратимиз учун яхшилик касб қилган бўламиз. Бу ишларимизнинг фойдасини ўзимиз кўрамиз. 

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади  

Read 4046 times

Мақолалар

Top