Мақолалар

Ислом – тинчлик дини

Тинчлик ва хотиржамлик.

Уларнинг қанчалар буюк неъмат эканини  ҳис қилиш учун ушбу неъматларни бой бериб қўйган халқларнинг аҳволига ибрат кўзи билан биргина қараб қўйишнинг ўзи кифоя.      

Муқаддаси динимиз ана шундай улуғ неъмат бўлмиш тинчлик ва хотиржамликка тарғиб қилиш баробарида зулм қилиш, озор бериш, бировнинг ҳаққини ейиш, жосуслик, ғийбат, ёлғончилик, ёлғон гувоҳлик бериш, чақимчилик, иғво-фитна чиқариш, беҳуда қон тўкиш каби ёмон иллатларни қоралайди.  

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Исломга (тинчликка) тўлиғича кирингиз ва Шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси, 208-оят).

Исломнинг маъноларидан бири – тинчлик. Исломда тинчлик инсон қалбидан бошланади. Сўнг қалбдаги бу тинчлик оилага кўчади. Ислом оила тинчлиги учун зарур бўлган барча чораларни ишга солади. Оиладаги тинчлик қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар орасига кўчади. Сўнгра бу тинчлик жамиятга ўтади. Давлат миқёсидаги тинч яшашга эса жамият тинч бўлгандагина эришилади. Низом шундай. Тинчлик ҳукм сурмоқдами, демак, барча нарса ўз ўрнида амалга оширилади. Барча бахтли ҳаёт кечиради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳобалар: “Мукаммал инсон ким?”, деб сўрашганда, у зот  соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тили ва қўли билан бошқаларга озор бермаган киши”, дея марҳамат қилганлар. Бошқа ҳадисларида ҳатто ҳидидан ҳам бошқалар озор топмаслигига буюрганлар.

Дарҳақиқат, мусулмон киши жамият учун нафақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан ҳам узоқ бўлмоғи лозим.

Диндан дунёвий мақсад учун фойдаланиш, дин ниқоби остида динга ёт бўлган ишларни амалга ошириш аслида динда бўлмаганларнинг ишидир. Бу ишлари орқали улар одамларни диндан бездириб, бошқаларнинг мусулмонларга салбий назар билан қарашига сабаб бўладилар.

Бугунги кунда баъзи бир мутассиб оқим вакиллари динни ўзларича талқин қилиб, фирқаларга бўлиниб, мусулмонлар орасида қанчдан-қанча кўнгилсизликлар келтириб чиқарганликлари барчага маълум.

Ислом динининг мусаффолиги унда барча инсоний фазилатларнинг мужассамлиги, инсонларни гўзал ахлоқу одобга тарғиб қилишдадир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Пайғамбар бўлиб келишимнинг асосий боиси, гўзал ахлоқларни такомилига етказишдан иборатдир (Имом Молик ривояти), деганларида Ислом динининг асл мазмун-моҳияти ифодалаб берганлар.

Хулоса қилиб айтганда, Ислом динининг ҳар бир жамиятга ва ҳар бир замонга муносиб келишининг асосий сабабларидан бири – у инсон табиатини тўла  қамраб олганидадир.

Буюк Аллоҳ таоло ер юзига тинчликни барқарор айласин!

 

А.ИСАҚОВ,  

«Мирёқуббой Мирҳакимбой» жоме масжид имом-хатиби

Read 4655 times

Мақолалар

Top