Мақолалар

Дарёлар билан денгизларнинг ёнма-ён оқиши Ер юзида кенг тарқалган ҳодисадир. Ушбу мақоладаги расмларда шундай ҳодисалардан намуналар кўрамиз. Уларнинг зичлиги, тузининг оз-кўплиги, ҳарорати бир-бирига аралашиб кетмайди.

Ушбу расмда Бразилиядаги  Риу Негру ҳамда Солимойнс дарёларининг қўшилиш жойи сариқ стрелка билан кўрсатилган. Улар 5 километрдан кўпроқ масофагача ёнма-ён оқади, аммо сувлари аралашиб кетмайди. Ҳар бири турли ҳажмга, ҳароратга эга.

Ўнг тарафдаги дарё тоғ тупроқлари ва унинг қолдиқлари билан тўйингани учун жигарранг кўринмоқда. Чап томондаги дарё эса ўрмон тарафдан келаётгани сабабли ўсимликлар чириндилари билан тўйингани учун қорамтир рангда кўринмоқда.

Сув ўзига ўхшаган бошқа сув билан ёнма-ён оқса-да, бир-бирига қўшилмаслигига сабаб нима? Уларни нима бир-биридан ажратиб турибди? Нега улар сувнинг зичлиги, ҳарорати ва тузининг оз-кўплиги жиҳатидан бир-бирига аралашиб кетмайди. Бу саволга бундан ўн тўрт аср олдин Қуръони карим жавоб бериб қўйган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

مَرَجَ الْبَحْرَيْنِ يَلْتَقِيَانِ بَيْنَهُمَا بَرْزَخٌ لَّا يَبْغِيَانِ

“Дарё-денгизларни бир-бири билан учрашадиган қилиб қўйди. Ўрталаридаги тўсиқдан ошиб ўтолмаслар”. (Шўр денгиз билан чучук сувли дарё ўртасида бир тўсиқ бўлиб, улар бир-бирларига аралашиб кетмайди деган маънони англатади.) (Роҳман сураси, 19-20-оятлар).

Ҳа, азизлар! Уларнинг ўртасида тўсиқ бор. Аллоҳ таоло дарё-денгизларнинг орасига тўсиқ жойлаштириб қўйган. Шунинг учун сувлар мазкур тўсиқдан ошиб ўтолмайди.

Маълумки, денгиз сувлари шўр, дарё сувлари чучук бўлади. Улар ёнма-ён оқади. Аммо унинг шўрлиги бунга, бунинг чучуклиги наригисига ўтиб, аралашиб кетмайди. Ҳатто уларнинг табиати, ўсимликлари ҳам ўзига хос бўлади. Бу ҳолат мана бу оятда яна ҳам очиқроқ айтилган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: 

  وَهُوَ الَّذِي مَرَجَ الْبَحْرَيْنِ هَذَا عَذْبٌ فُرَاتٌ وَهَذَا مِلْحٌ أُجَاجٌ وَجَعَلَ بَيْنَهُمَا بَرْزَخاً وَحِجْراً مَّحْجُوراً

“У икки денгизни-буниси чучук-ширин, униси шўр-аччиқ қилиб оқизиб қўйган ва ораларига кўринмас тўсиқ ҳамда очилмас сарҳад қилган Зотдир”. (Барча уммонлар ва денгизлар шўр, дарёлар чучук. Дарёлар оқиб бориб сувини денгизларга, уммонларга қуяди. Аммо бу билан денгиз суви чучук бўлиб қолмайди, дарё суви шўр бўлиб қолмайди. Зотан, дарёларнинг суви ҳам денгиз ва уммонлардан буғланиб кўтарилган сувдан иборат.) (Фурқон сураси, 53-оят).

Ер юзида бу каби икки сув манбаининг учрашиб, ёнма-ён оқиш жойлари кўп. Қуйида уларни бирма-бир келтирамиз.

 Қизил денгизни Арабистон денгизи билан боғлайдиган Бобул Мандаб бўғози.

Ўрта Ер денгизини Мармара денгизи билан боғлайдиган Дарданелл бўғози. 

 Мармара денгизини Қора денгиз билан боғлайдиган Босфор бўғози

Ўрта Ер денгизини Атлантик уммони билан боғлайдиган Гибралтар (Жабали Ториқ) бўғози ва ҳоказолар.

Ер юзида чучук сув захираси жуда ҳам оз. Дунёдаги барча сувларнинг 97.5 фоизини уммон ва денгизларнинг шўр сувлари ташкил этади. Фақатгина 2.5 фоизи чучук сувдир. Улар ер ости сувлари, қорлар, ёмғирлар, тоғ чўққиларидаги музлар, дарёлар, кўллар, кичик булоқлар ва ҳаводаги сув буғларидан иборатдир. 

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

Read 6232 times

Мақолалар

Top