Мақолалар

Уламолар султони

Ислом илм-маданияти, маърифати ва тамаддуни тарихида “Султонул уламо”, “Бойиъул умаро”, яъни  “Уламолар султони”, “Амирларни сотувчи” номи билан  машҳур бўлган аллома Ал-Изз ибн Абдуссалом шахсияти алоҳида ўрин тутади. Унинг тўлиқ исми шарифи қуйидагича:

Абу Муҳаммад Изуддин Абдулазиз ибн Абдуссалом ибн Абулқосим ибн Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Муҳаззаб Суламий Шофеий Дамашқий бўлиб, ҳижрий 577 сана, милодий 1181 йилда Дамашқда камбағал оилада таваллуд топди. Оиласининг фақирлигидан у ёшлигида кечалари Умавийлар жоме масжидининг шимолий эшиги ёнидаги оҳак хумдонида тунашга мажбур бўлган. Бу ҳақида Имом Субкий отасидан ривоят қилган.  

 Унинг масжидда истиқомат қилиши ибодат ва илм олишига сабаб бўлган. Шу вақтда Умавийлар масжидида кўплаб илм ҳалқалари мавжуд бўлиб, дунёнинг турли жойларидан келган талабалар билан доимо гавжум бўлган.  Бу тарихий масжидда тафсир, ҳадис, фиқҳ ва бошқа диний ва дунёвий илмлар ўқитиларди. Кўплаб номлари машҳур бўлган уламо  ва фақиҳлар бу масжид ҳалқаларида дарс ўтишган. Бўлажак алломанинг биринчи ёд олган китоби Имом Шофеий фиқҳига доир Абу Исҳоқ Шерозий қаламига мансуб “Танбеҳ” китоби бўлди. У шаръий ва арабий илмларни баробар ўқиб-ўрганди. Тафсир, ҳадис, фиқҳ илмларини ва усулларини, луғат, тасаввуф, наҳв, балоғат, ихтилофлар ҳақидаги илмларни замонасининг машҳур имомларидан олди. Ибн  Имод Ҳанбалий “Табақоти Шофиия Кубро” китобида шундай ёзади: “Изз Абдуссалом фиқҳ, усул ва арабий илмларда жуда машҳур бўлди. У ўзининг бу соҳадаги тенгдошларидан ўтиб кетди. У тафсир, фиқҳ, ҳадис, олимларнинг турли ихтилофли сўзларини билишда моҳир бўлди ва мужтаҳидлик даражасига етди”.

Аллома Иззуддин ибн Абдуссалом ёшлик ҳаётининг кўп қисмини Дамашқда ўтказди. У кейинчалик илм талабида Бағдодга сафар қилди. У ерда муҳаддислардан ҳадис тинглади. Сўнгра Мисрга борди ва умрининг охиригача Мисрда яшади. У 644 ҳижрий санадан кейин Ҳаж қилиш нияти билан Ҳижоз ўлкасига сафар қилди.

Аллома Иззуддин Ибн Абдуссалом яшаган замонда Фатво чиқариш учун расмий мансаб ва вазифа мавжуд бўлмаган. Биринчи расмий ҳукумат фатволари Усмонийлар давлатида вужудга келди. Олдинги асрларда фатво беришга иқтидорли ва салоҳиятли уламолар ўзларининг билимлари, аҳкомларни тўғри идрок этишларига қараб ўзларича бу вазифани адо этардилар. Имом Иззуддин ибн Абдуссалом Шом диёрида яшаган даврда фатво берган эди. Уни “Шом диёри муфтийси” деб аташарди.  

“Аллоҳ таоло Каломи тафсири” атрофида бўлган фитна сабабидан Шом султони Ашраф Мусо уни бу вазифадан озод этгунга қадар у фатво беришда давом этди.

Шу ҳодисага уч кун ўтар-ўтмас Ҳанафий мазҳаб уламоларининг шайхи Жамолиддин Хусайрий бу ишга аралашди ва султоннинг бу ишини маъқул топмади. Натижада султон ўз фикридан бутунлай қайтиб, уни авф этди ва унга кўплаб ҳадялар юборди. Изз ибн Абдуссалом султон инъомларни қабул қилмади. Натижада алломани шон-шуҳрати атроф ўлкаларда кенг тарқалди.

Аллома Изуддин Абдуссалом турли илму-маърифатларни ўқиб-ўрганиб, ёдлаб, фаҳмлагандан кейин илмнинг шу соҳаларида дарслар айта бошлади. Унинг биринчи айтган дарслари Дамашқда бошланган бўлса, охиргиси умрининг ниҳоясида Қоҳирада бўлди. У Мисрда бўлган вақтда  уйида, масжидда ва бошқа кўплаб жойларда илм нурини тарқатди. Ибн Касир шундай дейди: “Талабалар ундан кўп фойда олишди. У Дамашқдаги бир қанча мадрасаларда таълим берди. (Ал-Изз ибн Абдуссалом “Қавоид ал Аҳком” китоби, 2 жуз 220-221 бетлар).

Тарихий манбаларда кўрсатилишича, аллома Иззуддин ибн Абдуссалом мадрасаларда дарс бериш тарихида биринчи бўлиб тафсир илмидан дарс берган. Бу ҳақда Ибн Ибод Ҳанбалий бундай дейди: “У биринчи бўлиб ўз дарсларида тафсирдан дарс берган эди” (“Шузурот заҳаб” китоби, 5 жуз, 302 бет).

Шайх, фақиҳ, Шом муфтийси Изз Абдуссалом 637 ҳижрий санада султон Солиҳ Исмоил томонидан Дамашқдаги Уммавийлар жоме масжидига имом-хатиб этиб тайинланади.

Тарихий манбалар ва уламолар сийрати ҳақидаги кўплаб китобларда зикр қилинишича, аллома, имом Изз Абдуссалом 639 ҳижрий санада Миср диёрига сафар қилади. Миср султони Солиҳ Айюб унинг аллома, адолатли имом эканлигидан яхши хабардор эди. Иттифоқо, унинг Миср диёрига келиши Миср қозиси Шарофуддин Ибн Айнидавланинг вафотига тўғри келади. Миср султони Солиҳ Айюб уни катта тантана ва ҳурмат-эътибор билан кутиб олади ва  уни Миср диёрига қозилар қозиси ва ўша замондаги энг катта ва қадимий Амр ибн Ос масжидига хатиб этиб тайинлайди.

Миср султони Солиҳ Айюб ўз сиёсий ва ҳарбий мавқеини мустаҳкамлаш ниятида қўшинларини кучайтиради ҳамда Ўрта Осиё ва унинг ғарбидан кўплаб турк мамлукларни давлат моли ҳисобига сотиб олади. Уларни чавандозлик, ҳарбий жанговарликларини  ошириш ва мустаҳкамлаш руҳида тарбиялайди. Натижада улар Миср султонининг ишончига киришади, ҳатто айримлари Бош қўмондонлик даражасигача етишади. Улардан бири эса султонга ноиб бўлиш шарафига эришади.

Аллома, имом Изз Абдуссалом Султон томонидан Миср диёрига бош қози этиб тайинланган вақтда салтанатни идора этишдаги айрим камчилик ва хатоларни кашф этади. Шулардан бири бошлиқ бўлган амирлар ҳамон қул  бўлганликлари эди. Уларни озод этилгани ҳақида бирон бир ҳужжат ва далил мавжуд эмас эди. Шариат ҳукми бўйича улар бошлиқ бўлишлари, ўзларининг хос ва умумий тасарруфотларини амалга ошириш мумкин эмас.

Аллома, имом Изз Абдуссалом уларга қарши қуролли исён қилмади, балки уларнинг олди-сотди ва никоҳланишлари тўғри эмас, деб эълон қилди. Натижада уларнинг ва султонга ноиб бўлган мамлукларнинг манфаатларига зарар етиб, тўхтаб қолди. (Имом Шаароний, Табақот ал Кубро, 1 жуз, 13-14 бетлар). Бу иш мамлук амирларнинг ниҳоятда ғазабини қўзғади, аммо улар ғазабларини босиб Имом Изз Абдуссалом билан келишиш ва бу масалани чиройли йўллар билан ҳал қилишга ҳаракат қилишди. Имом ўз фикрида қатъий турди ва бирдан-бир йўли уларни қул бозорида ким ошди қилиб сотиш,  сўнгра уларни озод қилиш орқали бу масала ечилади, деб айтди.

Улар бу  ҳолдан ниҳоят даражада дарғазаб бўлишди, такаббурлик қилишди. Бу хабар Миср султони Солиҳ Айюбга етиб борди. Султон Имом Изз Абдуссаломдан фикридан қайтишини ва ўзига тааллуқли бўлмаган ишга аралашмаслигини сўради. Бу гаплар имомга қаттиқ ботди. У мамлук амирлар унга қарши чиқиб, шариат ҳукми татбиқ этилишига рози эмасликларини англаб, ўзини бош қозилик вазифасидан озод этди ва оиласи билан Қоҳирадан кўчиб кетишини эълон қилиб, дарҳол шаҳардан чиқди. Бу хабар тезда халқ оммасига тарқалди, улар имомнинг ёнини олишди ва имом Қоҳирадан чиқар-чиқмас кўпчилик мусулмонлар, шу жумладан уламолар, тижоратчилар, солиҳ кишилар, ҳатто аёллар ва ёш болалар имомга эргашиб, шаҳардан чиқа бошлашди. Султоннинг яқинларидан бири унга шундай деди: “Салтанатингни сақлаб қол. Шайх кетиб қолса, мулкинг ҳам кетади”.

Миср султонининг ўзи отига миниб шайх, имом Иззуддин Абдуссаломнинг ортидан етиб борди. Унинг кўнглига йўл топди, рози қилди ва ундан Қоҳирага қайтишни илтимос қилди. Аллома, имом амирларни ким ошди савдосида сотиш ва сўнгра уларни озод қилиш шарти билан шаҳарга қайтди. У билан бирга бўлганларнинг ҳаммаси Қоҳирага қайтишди. (“Шужоат Изз Абдуссалом” номли китоб).

Имом шаҳарга қайтгандан кейин ким ошди савдоси куни белгиланди ва барча мамлук амирлар бирма-бир ниҳоятда қиммат баҳода сотилди, халқ ҳам бу савдода иштирок этди. Айрим амирларнинг баҳоси жуда кўтарилиб, қимматлашиб, сотиб олиш имкони бўлмаганида, Миср султони Солиҳ Айюб ўзининг хос маблағи эвазига сотиб олди. Савдодан тушган барча маблағни Имом Изз Абдуссалом жамлади. Барча амирлар сотилгандан кейин Султон уларни озод қилди. Шундан сўнг улар ўз вазифа ва хизматларида давом этишди. Имом Изз Абдуссалом йиғилган маблағни мусулмонларнинг умумий  манфаатлари йўлига, турли хайрли ишларига сарфлади.

Ибн Субкий шундай ёзади: “Аллоҳ раҳм қилсин ва ундан рози бўлсин! Бирон бир киши шундай иш қилгани эшитилмаган эди (Изз Абдуссаломнинг “Мажоз ал Қуръон” китоби).

Уламолар султони Изз Абдуссалом 660 ҳижрий сана, 1262 милодий йилда 83 ёшда Мисрда вафот этди. Имом Изз Абдуссалом чошгоҳга яқин Қоҳира шаҳридаги Муқаттам тоғи этагидаги Қарофа қабристони яқинидаги кўл тарафга дафн этилди. Унинг жанозасини Миср диёри ва Шом султони Зоҳир Бийбарс ўқиди ва дафн маросимида иштирок этди. Имомнинг жанозасига Миср аҳлининг барча тоифалари, хос ва ом инсонлар, беҳисоб шогирд ва мухлислари иштирок этишди (Табақот Шофиия Кубро китоби, 8 жуз, 212-213 бетлар). 

Султон Зоҳир Бийбарс унинг вафотидан қаттиқ қайғуради ва аллома вафоти ҳукмронлиги вақтида бўлганидан жуда афсусланди. Султон бу ҳақда шундай деди: “Лаа илаҳа иллаллоҳ! Шайхнинг вафоти менинг султонлигим вақтида бўлди-я”.

Аллома жанозасида амирлар, султонга яқин аъёнлар ва аскарлар иштирок этишди. Султоннинг ўзи тобутни кўтаришди ва дафнда ҳозир бўлди (Табақот Шофиия Кубро китоби, 8 жуз, 212-213 бетлар).

Миср диёрининг барча ўлкаларида, Шомнинг Фурот дарёсигача бўлган барча шаҳарларида Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара, Яманда, Умавийларнинг жоме масжидида ва дунёнинг турли шаҳарларидаги масжидларда алломага ғоибона жаноза ўқилди (Табақот Шофиия Кубро китоби, 8 жуз, 212-213 бетлар).

Аллома, имом Изз Абдуссалом ўзидан бир қанча китоб, рисола ва таснифотлар қолдирган. Аммо бу илмий меросларнинг адади унинг илм ва маърифатига мувофиқ даражада эмас. Шунинг учун ҳам Ёфиъий Яманий буни шундай изоҳлайди: “У китобларидан кўра илми кўп кишилар жумласидан бўлиб ҳисобланади”. Бунинг сабаби аллома, имом Изз Абдуссалом расмий мансаб, халқ хизматида, амру маъруф ва наҳий мункар билан кўпроқ машғул бўлгани билан изоҳланади.

Имом Изз Абдуссаломдан қолган илмий мерослар жумласига унинг тафсири, ҳадис илмида Имом Муслимнинг саҳиҳларининг мухтасари, Тавҳид илмида “Ал Мулиҳҳа фий эътиқод аҳли ал ҳақ”, “Алфарқ байнал ислом вал иймон”, фиқҳ ва фатвога доир “Алғол фи ихтисор ал ниҳоя” (5 жуз), “Мақосид ас солаҳ”, “Мақосид ас савм”, “Маносик ал ҳаж”, “Алфатвойи ал  Мисрия”, усул фиқҳга доир “Қавоъид ал аҳком фи масолиҳ ал аном”, “Ал Имом фи баёни адиллатил аҳком”, одоб-ахлоқ, таълим ва тарбия, тасаввуф ва зуҳдга доир “Шажаратул маориф вал аҳвол ва солиҳ алақвол ва ал аъмол”, “Мақосид ар риоя ли ҳуқуқиллаҳ”, “Масоил ат тариқа фи илмил ҳақиқа” каби китоблари шулар жумласидандир.

 

Абдулҳамид Турсунов

 

Read 3512 times

Мақолалар

Top