Мақолалар

Бахтнинг сири нимада?

Бахтни ҳар ким ҳар хил тушунади. Ким учундир бахт тўкин-сочин яшаш бўлса, яна ким учундир фарзандли бўлиш, айримларга машина олиш, баъзилар учун уйланишдир. Одамлар ўз истакларига эришишларидан келиб чиқиб бахтни тасаввур қиладилар.

Ишсиз юриб, бирор жойда меҳнат қилиш орзусида юрганлар учун яхши ишга жойлашиш бахт ҳисобланади.

Узоқ йиллардан бери фарзанд кўрмаган эр-хотин учун оилада фарзанд туғилиши бахтдир.

Шунингдек, халқлар учун муштарак орзулар борки, ўша орзу ушалганда халқларнинг бахти рўёбга чиққан бўлади. Бу – тинчлик.

Фарзандингиз илк бор мактабга чиқа бошлагани ҳам бахт.

Ўғлингиз олий ўқув юртига талабаликка қабул қилингани ҳам бахт.

Ота-оналаримизнинг борликлари, дуо қилиб турганлари барчамиз учун бахт.

Садоқатли дўстнинг борлиги бахт.

Вафодор, солиҳа, итоатли жуфти ҳалолнинг борлиги бахт.

Янги уй сотиб олиш, ўша уйга кўчиб ўтиш бахт.

Қизи йўқ учун қиз фарзанд кўриш, ўғли йўқ учун ўғил фарзанд кўриш бахт.

Пулнинг кўплиги, тўкин-сочин ҳаёт, хорижга саёҳат кимлар учундир бахт.

Хуллас, Аллоҳ таоло берган неъматларни ҳис қилиш, уларнинг шукрини адо этиш бахт.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу гапларига қулоқ тутсак, тасаввурларимиз янада ойдинлашади.

Ул зоти бобаракот: “Кимки тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, деб таъкидлаганлар.

Бу ҳадисда бахт сабаблари қисқа ва етук услубда баён қилинган.

Қадимда олимлар шундай дейишган экан: “Шайтон сенга йўқ нарса ҳақида орзу қилдириб, бор нарсани унуттиришга уринади. Инсон ўзидаги йўқ нарсани излаб, умрини ўтказиб, бор нарса учун шукрни унутиб қўяди”.

Инсон аввало ўзидаги бор нарсанинг қадрига етса, унинг шукрини адо этса, ана шунда Аллоҳнинг фазли билан орзу қилган нарсаларига эришади. Агар ўзида бор нарсаларга шукр қилмаса, у ҳолда боридан ҳам айрилади.

Инсон уйидаги, қўлидаги мавжуд нарсаларни кўра билиши, уларнинг неъмат эканини ҳис қилиши керак.

Юқоридаги ҳадиси шарифга эътибор берайлик!

“Кимки тонгда уйқудан уйғонганда”.

Эрталаб уйқудан турдингиз. Эътибор беринг, турдингиз, уйқуда ўлиб қолмадингиз. Уйингиз тинч, осуда бўлгани учун кўзингизга уйқу келди. Агар нотинчлик, жанжал бўлганида хавотирдан ухлай олмаган бўлардингиз. Аллоҳ таоло сизга гуноҳларингизга тавба қилиш, қолдирган намозларингизнинг қазосини ўқиш, тута олмаган рўзаларингизнинг қазосини тутиш, хафа қилган инсонларингиздан кечирим сўраш, олган қарзларингизни эгаларига қайтариш имконини берди.

“Оиласи тинч”.

Уйқудан турсангиз оилангиз тинч экан. Жанжал, тўполон бўлмаётган экан. Биров эшигингизга келиб, сизни безовта қилмаяпти, қўшнилар озор бермаяпти, сизни маҳалла орасида шарманда қилмаяпти, фарзандингиз ахлоқсизлик, бузғунчилик қилиб юзингизни ерга қаратмаяпти.  

“Тани соғ”.

Кеча танангиз соғ эди. Уйқудан турсангиз ҳам соғ экан. Ухлаётганингизда бирор тана аъзоингиз ишламай қолмабди. Ҳаммаси ишлаяпти. Ўрнингиздан тура олдингиз. Юзингизни ювгани бора олдингиз. Нонушта қила олдингиз. Еган овқатларингизни ҳазм қилиб, танангизга қувват кирди. Ишга, ўқишга бориб, кечки пайт уйингизга келдингиз.

Дўстларингиз орасида беморлар бор. Уларни кўргани шифохонага бордингиз. Аҳволлари оғир. Уларнинг қаеридир оғрияпти. Ушлолмаяпти, юролмаяпти, кўролмаяпти, гапиролмаяпти. Сизда эса бу имкониятларнинг ҳаммаси бор. Уларнинг пуллари кўп. Уйлари қаср. Машиналари сўнгги русумда. Аммо саломатликлари жойида бўлмагани учун мазкур тўкин-сочинлик уларга татимаяпти, кўзларига кўринмаяпти. Уларнинг битта орзуси бор: соғайиш. Тасаввур қиляпсизми? Улар орзу қилаётган нарсага сиз эга бўлиб турибсиз. Улар сизга ҳавас қилишяпти.

“Ва уйида бир кунлик егулиги бўлса”.

Инсоф билан айтинг, уйингизда ҳатто эртанги кун учун ҳам егулик бор, шундай эмасми?! Баъзиларникида эса бир хафталик захира бор. Ҳадисда эса “уйида бир кунлик егулиги бўлса” дейиляпти. Бугун кечгача барча оила аъзоларингизга етадиган егулик борми уйингизда? Бировдан нон, чой, туз, пул сўрашга эҳтиёжингиз йўқми? Агар шундай бўлса, билиб қўйинг, сиз бойсиз. Унча-мунча одамлардан бойсиз. Чунки, сизда дунёдаги барча неъматлар бор. “Қанақасига менда дунёдаги барча неъматлар бор бўлади?” дейсизми? Ҳадиснинг охирги қисмини ўқинг:

“Билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”.

Бу гапни ҳавои нафсидан гапирмайдиган, балки ўзига ваҳий қилинганларни гапирадиган зот айтяптилар.

Ҳа, сизда барча неъматлар мавжуд: хотиржамлик, саломатлик ва бир кунлик егулик.

Шуларни ҳис қилинг. Ўзингизнинг бой эканингизни, дунёдаги барча неъматлар сизга берилганини идрок этинг. Ҳеч қачон уйингизда йўқ нарсаларни гапириб, шикоят қилманг. Борини ўйланг ва унга шукр қилинг. Бунинг номини ҚАНОАТ дейилади. АЛЛОҲНИНГ БЕРГАН РИЗҚИГА РОЗИ БЎЛИШ, ҚАЗОИ ҚАДАРИГА ТАСЛИМ БЎЛИШ дейилади.

Ҳикматларда шундай келган: “Бахтдан “Манзилинг қаерда?” деб сўралганда, у “Аллоҳ таолонинг қазои қадарига рози бўлганларнинг қалбида” деб жавоб берган экан”.

Демак, энг улкан бахт Аллоҳнинг берганига, қадарига рози бўлишдир!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

 

Read 7168 times

Мақолалар

Top