Мақолалар

Нишонга урилган гаплар: “Туннинг зулмати кучайгани тонг яқинлигидан дарак!”

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Фақирлар бойлардан кўра кўпроқ қўли очиқроқ, сахийроқ бўлишади. Чунки, улар эҳтиёж сезгиси нималигини жуда яхши билишади.

"Ховатир роқия журнали" 

*****

Савол берувчилар турлича бўлар экан. Шундай хулосага келинди.

  • Билмаганини билиш учун сўровчилар.
  • Домланинг билимини синаш учун сўровчилар.
  • Жавобни бошқа домланинг жавоби билан солиштириш учун сўровчилар.
  • Қайсидир масалада рухсат олмагунча кўплаб домлалардан сўровчилар.
  • Бошқалар эшитиб, билиб олсин деган мақсадда сўровчилар.
  • Домлани қийин вазиятга тушириш учун ихтилофли, фитнали саволларни сўровчилар.
  • Ўртада туриб сўраб берувчи, воситачи сўровчилар.
  • Реал воқеликда содир бўлмаган нарсаларни сўровчилар.
  • Ўзига фойдасиз нарсалар хусусида сўровчилар.
  • Сўрайдиган зарур нарсасини масжидга бориб сўраш ўрнига, кўчаларда, машинада домлага дуч келиб қолсагина сўровчилар.

*****

Жим туришларнинг барчаси ҳам розилик, хотиржамлик аломати бўлавермайди. Айрим жим турувчиларнинг ичида минг бир ҳикояси бўлади.

*****

Ортингиздан бақириб, шовқин кўтаришяптими? Кўпроқ сизни чайнашяптими? Парво қилманг, чунки улар сиздан орқада. Сиздек бўлолмагани учун ичини ҳасад кемириб ётибди. Чинорга, теракка кимдир тош отганини кўрганмисиз? Кўрмагансиз, тўғрими? Чунки, чинорнинг ва теракнинг еса бўладиган, мазали меваси йўқ. Олма, ўрикка кўпчилик тош отади. Керак бўлса, улар пишмасидан туриб ейишга қизиқиб, тош отилади.

Олдинга интилишдан, илмдан, ижоддан тўхтаманг.

 *****

Ёзганингни ўқимайдиган одамга ёзишинг, олдингга келмайдиган кишини кутишинг, муҳаббатингни ҳис қилмайдиган одамни яхши кўришинг ва сенга эҳтиёжи тушмайдиган кишига эҳтиёжинг тушиши аламлидир.

*****

Гапираётганингда, сенга тикилиб, жим турганларнинг барчаси ҳам гапингни тинглаётган бўлавермайди. Айримлар гапириш навбатини кутиб жим туради.

*****

  • Машаққатли ишингиз ҳар бир ишсизнинг орзусидир.
  • Тўполончи фарзандингиз ҳар бир бефарзанднинг орзусидир.
  • Кичкина уйингиз ҳар бир қочоқнинг орзусидир.
  • Озгина молингиз ҳар бир қарздорнинг орзусидир.
  • Офиятдалигингиз ҳар бир беморнинг орзусидир.
  • Табассумингиз ҳар бир сиқилганнинг орзусидир.
  • Аллоҳ сизни сатр қилгани ҳар бир шарманда бўлган кимсанинг орзусидир.
  • Истиқоматда юрганингиз гуноҳ қилган айрим кишиларнинг орзусидир.
  • Ҳамд ва ризони ҳаёт йўлингиз қилиб олинг.
  • Берган неъматлари учун Аллоҳга ҳамд бўлсин!

 *****

Эҳтиром заифлик эмас, тарбиядир.

Узр сўраш хорлик эмас, хулқдир.

 *****

Инсоннинг бадани, кийими кир бўлса, уни совун, шампун ва яна бошқа воситалар билан тозалайди. Аммо қалб кирланса, уни совун билан поклашнинг иложи йўқ. Қалбнинг совуни - истиғфордир. Истиғфорни кўп айтиш билан қалб покланади. Аста-секин бу поклик баданга ҳам ўтади. Танадаги асосий аъзо бўлмиш қалб яхши бўлса, қолган барча аъзолар ҳам яхши бўлади. Агар қалб бузилса, бошқа аъзолар ҳам бузилади.

 *****

Эҳтимол, ота-онанг сенга сен истаган нарсангни беролмагандир.  Лекин, шуниси аниқки, улар сенга ўзларидаги бор нарсаларини беришган!

 *****

Туннинг зулмати кучайгани тонг яқинлигидан дарак!

***** 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

 Нозимжон Иминжонов

 

Read 3991 times

Мақолалар

Top