Мақолалар

Дин насиҳатдир

Дарҳақиқат, дин насиҳатдир (самимиятдир). Лекин унинг риоя қилиш керак бўлган одоблари, таъсирчан услублари бор. Энг аввало, насиҳат қилмоқчи бўлган киши ниятни холис қилмоғи лозим. Зеро, ҳар бир насиҳатгўй ҳам самимий ва омонатдор эмас. Шунингдек, ҳар бир насиҳат қилинган киши ўзига берилган маслаҳатни тўғри қабул қилиб муваффақият қозонавермайди. Охирини ўйламай, берилган қанчадан-қанча насиҳатлар алоқалар узилишига, ноиттифоқликка, ҳатто ўзаро ёвлашишга сабаб бўлган. Шунинг учун ҳар бир мусулмон насиҳат қилишда самимийлик, холислик ва омонатдорликка риоя қилиши, биродарига  насиҳат қилиш учун муносиб вақт ва жой топиши лозим.

Насиҳат қилишнинг турли услублари, қонун-қоидалари бор. Энг муҳими шуки, насиҳат қилишда ҳар қандай ғаразли мақсадлардан воз кечиш, унинг одоблари ва қонун-қоидаларига риоя қилиш  лозим. Мусаъир раҳматуллоҳи алайҳга: «Сенга айбларинг ҳақида хабар берган одамни яхши кўрасанми?» дейилди.

«Агар у билан ўзим ёлғиз бўлсак, яхши кўраман. Агар одамлар орасида бўлса, йўқ», дедилар.

Аллоҳ таоло ҳам қиёмат куни банданинг айбларини унинг ўзига алоҳида айтади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ қиёмат куни бандани Ўзига яқинлаштиради. Ҳаттоки, елкасини унинг устига қўяди ва: «Бу гуноҳни биласанми, бу гуноҳни биласанми», деб гуноҳларини санайди. У: «Ҳа, Раббим», дейди. Токи уни гуноҳларига иқрор қилдириб бўлганидан сўнг унга: «Ана ўшаларни у дунёда сатр қилдим, бугун эса сени мағфират қиламан», дейди», деганлар.

Агар насиҳатни кўпчилик ичида қилишга тўғри келиб қолса, бу борада ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан гўзал намуна бор. Расулуллоҳ алайҳиссалом қавм ичида бирон ёмон иш ёки камчиликни кўрсалар, буни дабдурустдан ўша одамнинг юзига солмасдан, умумий тарзда, фалончига нима бўлди, эмас, балки одамларга нима бўлдики, шундай-шундай ишларни қилмоқдалар, деб ҳаммага тааллуқли қилиб гапирардилар.  «Қавмларга нима бўлдики, бундай дейдилар ёки қиладилар» (Имом Абу Довуд).

Шунингдек, ота ўғлига, раҳбар кўл остидаги одамга, устоз шогирдига, табиб беморига, ҳамкасаба ўзининг касбдошига, дўст ўзининг дўстига насиҳат қилишида фарқ бор.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, насиҳат  бу – бир инсонни яхшиликка йўллаб қўйиш, ҳаққа етаклашдир. Камчиликларини гўзал услубда самимийлик билан тузатишдир. Токи унинг қалби нурлансин, хатоларини кўрсин ва уларни тузатиб олсин. Шунингдек, ҳар бир насиҳат қилувчи ҳам ўта зийрак, кучли фаросат эгаси бўлмоғи тталаб этилади.

Тошкент вилояти Тошкент тумани

"Холмуҳаммад ота" жоме масжиди имом-хатиби

Авазхўжа Баҳромов

 

Read 4281 times

Мақолалар

Top