Мақолалар

Унутган дўстимга мактуб

Азиз дўстим бошингни оғритиб, қўл оёғингни буткул банд этган тирикчилик ғамини бир лаҳза унутгинда атрофингга назар сол. Дунё сен ўйлаганчалик тор ва машаққатли ҳамда фақатгина нафс ғамидан иборат эмас. Тангри таоло дунёни бандалари тафаккур қилмоғи учун гўзал ва турфа қилиб яратган. Бошингдаги мия ҳужайраларингни еб-ичиш, пул топиш ва жисмоний эҳтиёжлар учун сарфлаб нобуд қилмасдан, бир зум ақл чироғингни ҳам ёққин. Зеро, дунёда истеъмолчиликдан ҳам бошқа – ҳис-туйғу, руҳият ва фикрият кабилар ҳам мавжуд. Қолаверса сенинг ғалвали ва ташвишли кичкинагина “дунёнгнинг” бир бурчагида мен ҳам борман. Аслида сен, ғурбат ва машаққатлар аро излаб юрган бахт ва саодатга мен туфайли осонгина эришишинг мумкин.

Агар билсанг мендан узоқлашганинг учун қалбингда хотиржамлик, ризқингда барокат, кунларингда маъно, ҳаётингда бахт йўқ. Сен мен учунгина яралгансан. Сен мен сабаб гуноҳ ва хатоларинг кўп бўлса-да тириксан. Чунки, Меҳрибон ва Раҳмли Зот кун келиб мен томон қайтишингни ва мени ҳеч қачон тарк этмаслигингни хоҳлайди. Лекин сен мендан узоқлашиб, жуда кўп марта ранжитгансан...

Унутма ҳаётинг мен билан ўрнатган дўстлик риштангнинг даражасига қараб ўзгаради. Ўтмишга боқ. Аждодларингдан ким тарихда яхши ном қолдирган бўлса барчасининг ҳамроҳи мен бўлганман. Ким надоматда бўлса мендан узоқлашгани сабаб шундай бўлган. Сени ҳамма тарк этиб, ташлаб кетганда мен сен биланман. Фақат мени сўндириб қўйма.

Сўнги сўзим – дўстим сен муҳаббат қўйган бу дунё бир лаҳзаликдир. Мен эса сен билан ҳатто қоронғу қабрда ҳам бирга бўламан, қачонки ўзинг мени тарк этмасанг. Кўзингни оч, тафаккур қил ахир Аллоҳ таоло ҳам ўз каломида “...тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик.” (Нахл, 44) дея марҳамат қилган. Тафаккур қил, ақлингни ишга сол шундагина мен сен учун нақадар содиқ эканлигимни ҳис этасан.

Аллоҳнинг сенга инъом этган энг катта неъмати, сен унутган дўстинг ИЙМОН!

Саидаброр УМАРОВ оққа кўчирди

Read 4126 times

Мақолалар

Top