Мақолалар

Одобни аввало ким беради?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар” (Имом Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Юз йиллар муқаддам Махмудхўжа Беҳбудий ҳазратлари: “Тараққий этган миллатларнинг оналари ўқитур экан, биз аввал оналаримизни ўқитиб, уларга тил ўргатмоғимиз керак. Чунки бизнинг илм ва тилсизлигимиз улардандир”, дея бонг урган эди.

Бу бонг ҳанузгача ўз жарангида қолмоқда. Миллатимизнинг етук намоёндалари ҳаётига назар ташласак, уларни айнан оналари илмли қилиб тарбиялаганларини кўрамиз: Муқумий онаси Оишабибидан, Мунавварқори онаси Хосиятхондан, Фитрат онаси Бибижондан, Исоқхон Ибрат онаси Ҳурбибидан тарбия ва илк илм сирларини ўрганишган.

Абдулла Авлоний: “Тарбияни кимлар қилур? Қайда қилинур?” – деган саволга, “Биринчи – уй тарбияси. Бу иш она вазифасидир”, дея жавоб берган.

Афсуски, бугунги кунда аксар аёлларимизнинг машғулотлари кийим-кечак, гап-гаштак, қозон-товоқ, меҳмон кутиш, телесериаллар кўриш бўлиб қолди, улар олди-қочди мавзуларга бой газеталар ўқишдан нарига ўтишмайди. Бу ҳолат учун асосан эрлар жавобгарликни бўйинларига олишлари даркор.

Модомики хотинлар фарзанд тарбиясига сўнгги вазифа сифатида қараб, ёинки уни бошқаларга топшириб, масъулиятсизлик кўрсатар экан, миллатимиз шафқатсиз дардга гирифтор бўлиши турган гап. Бола онадан тарбия олмас экан, уни ҳеч бир муаллим тузата олмайди.

 

Бекобод тумани “Улуғбек” жоме масжиди
имом-хатиби Холбоев Х.

Read 3108 times

Мақолалар

Top