Мақолалар

Дунёга муҳаббат

Бир неча киши тўпланиб, «Золим нафс, хоин дунё, мусибатларнинг энг аввали...» каби сифатлар билан дунёни ёмонлашар эди. Қизиғи шундаки, улар дунёни ёмонлагани сари кайфиятлари чоғ, гўё бошқа бир оламга «сайр» қилишарди. Иттифоқо, бу мажлисга келиб қолган ҳақиқий бир олим уларга:
- Сиз дунёни нақадар севишингизга ҳайрон қолдим! - дея хитоб қилди.
Бу гапдан мажлис аҳли довдираб қолди, ҳамма сукут сақлади. Ниҳоят, ораларидаги бир олим чиқиб:
- Биз дунёни мақтамаяпмиз, аксинча ёмонлаяпмиз, башарти дунёни севганимизда уни мақтардик. Бинобарин, сенинг бу сўзларинг маъносиз, мантиқсиз, - деди.

Ориф зот шундай жавоб қилди:
- Йўқ, ундай эмас. Дунё сизга ёр бўлмагани учун ҳам уни ёмонлаш билан қалбингиз таскин топмоқда. агар қалбингизда дунёга қизиқиш бўлмаганида, у билан овора бўлмас эдингиз. Инсон севган нарсасини гапириб тасалли топади. Сиз ёмонлаш орқали яширин севгингизга таржимон бўлиб, қалбингиз тафтини босмоқдасиз.

Ҳисса

Тил кўнгил таржимонидир. Тиллар кўнгилларга боғланган. Ошиқнинг фикри нима бўлса, зикри ҳам ўшадир. Қалби покиза, комил инсон бошқасининг қадрини ерга уришни эп кўрмайди, бироқ воқеаларга ибрат назари билан қарайди, керакли хулосалар чиқаради.

Саидаброр Умаров ЎМИ матбуот хизмати

Read 3167 times

Мақолалар

Top