Мақолалар

Ислом аёлга раҳм қилди...

Албатта, Ислом аёлга раҳм қилди: ҳайз ва нифоз пайтида унга раҳм қилиб, ундан намоз ва рўзани соқит қилди. Чунки, ҳайз ва нифос пайтида аёл киши бошидан қийинчиликларни ўтказади. Ваҳоланки, намоз эркаклардан ҳеч қачон соқит бўлмайди. Фақат сафар чоғида эркакларга рўза тутмасликка рухсат берилган.

Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун ундан нафақани соқит қилди. Аёл боласига ҳам, ота-онасига ҳам, эрига ҳам нафақа қилмайди. Ҳатто ўзига ҳам нафақа қилмайди. Унинг нафақаси эрига лозимдир.

Ислом аёлга раҳм қилди, аёл эрининг хизмати ва уй ишлари билан машғул бўлганлиги учун ундан жумъа намозига ва жамоат намозларига боришни соқит қилди.

Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун хилвати саҳиҳанинг ўзи биланоқ эрининг унга маҳр беришини вожиб қилди. Агар хилвати саҳиҳа бўлмаган бўлса, эрига аёлга маҳрнинг ярминини беришни вожиб қилди.

Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун аёлнинг никоҳи боғланиши биланоқ эри вафот этса, унга эридан мерос олиш ҳуқуқини берди.

Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун унинг ҳаққини эътироф этиб, “Онангга, онангга, онангга, сўнгра отангга” деди.

Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун унинг заифлигини эътиборга олиб, бу ҳодисаларни кўрганда бўладиган туйғуларининг риоясини қилиб, ундан қон тўкилиши, жиноятлар масаласида гувоҳлик беришни соқит қилди.

Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун аёлнинг чиройини муҳофаза қилиш мақсадида унга ҳаж амалларини бажариб бўлгандан кейин сочини (олдирмасдан) қисқартиришга рухсат берди ва бу ишини соч олдиришнинг ажрига тенг қилиб қўйди.

Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун унинг ҳолининг риояси ва идда муддати узайиб кетмаслиги учун у ҳайз кўриб турган пайтида уни талоқ қилишни эрига ҳаром қилди.

Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун унинг зиммасида нафақа мажбурияти бўлмаса ҳам, унга эридан, ака-укаларидан, фарзандларидан, ота-онасидан мерос олиш ҳуқуқини берди.

Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун эрига унга маҳр беришни вожиб қилиб, ўша маҳрдан унинг розилигисиз олишни эрига ҳаром қилди.

Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун унинг никоҳи валий ва гувоҳларсиз бўлишини таъқиқлади. Токи у ўзининг обрўси, фарзандларининг насаби борасида туҳматга қолмасин.

Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун уни зинода айблаган, аммо гувоҳ келтиролмаган кимсага саксон дарра уриш, урилгандан кейин ўша кимсани жамият орасида ишончсиз киши деб эълон қилиш ва гувоҳлиги ҳеч қачон қабул қилинмаслик жазосини тайинлади.

Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун унинг обрўсини, иффатини сақлайман, уни муҳофаза қиламан деб, шу йўлда ўлдирилган кишига шаҳид ҳукми берди.

Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун унинг кафанини эркак кафанидан кўп қилди. Шундай қилиб аёл киши бешта нарса ила кафанланади. Эркак киши эса учта нарса ила кафанланади.

Ислом аёлга раҳм қилди, шунинг учун эри унга эрлик қилолмаса, зулм қилса, яна камига уни талоқ қилишдан бош тортса, аёлга ўзини ўзи хулуъ қилишга рухсат берди.

Ислом аёлга раҳм қилди, унинг ортида турганлардан жасади, авратлари сатрда бўлиши, ортидан эркаклар назар солмаслиги учун намоздаги сафда имомдан, эркаклардан узоқ турадиган қилиб қўйди. 

 

Ҳоний Али Абдулазиз Абул Алонинг

“Исломда аёлнинг ўрни” мақоласидан таржима қилинди

 

Муҳиббуллоҳ Худойбердиев,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тўрақўрғон туманидаги вакили, Тўрақўрғон тумани “Қўчқор ота” жомеъ масжиди имом хатиби

Read 2943 times

Мақолалар

Top