Мақолалар

“Изн” сўрашлик назарни ман қилиш учундир

Бировнинг ҳузурига киришга изн сўрашнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Мусулмон кишилар ушбу исломий одобларга амал қилишлари лозим.

Баъзи ҳолларда инсонлар тўй-ҳашам, маъракаларга айтаётган пайтда, бирор эҳтиёж билан бирор инсонни қидириб хонадонига борганида салом бермай, изн ҳам сўрамай тўғри хонадон ҳовлисига кириб борадилар. Хонадон эгаси қай ҳолатда бўлишини мулоҳаза ҳам қилиб кўрмайдилар. Хонадон эгаси чиққунича келган одам уйнинг барча бурчакларига обдон назар солиб чиқади. Хонадон эгаси чиққанидан кейин, “Чақирдим, эшитмадингиз, кириб келавердим”, деб ўзларини оқлаб ҳам қўйишади. Зеро, Ҳаё иймоннинг бир бўлагидир.

Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча кирманг. Ана шундай қилмогинғиз сиз учун яхшидур, шоядки, эсласангиз. Бас, агар у (уй)ларда бирортани топсангиз, то сизга изн берилмагунча уларга кирманг. Агар сизга “Қайтинг дейилса, бас, қайтинг – ўша сиз учун покдур Аллоҳ, нима амал қилаётганингизни ўта билувчидур” (Нур сураси 27-28-оятлар), деган.

Ушбу оятга амал қилинса, бировнинг хонадонига изн сўраб, салом бериб кирилсагина, турли ноқулай ҳолатларнинг олди олинади. Изн сўрамай кирган одам уй эгаларини ноқулай ҳолда турганини кўриб қолса, гуноҳ бўлади. Ҳар иккиси ҳам хижолатга тушади. Ҳатто хусумат, уруш – жанжал ҳам чиқиши мумкин. Баъзи ҳолларда уйда аёл киши ёлғиз бўлиши, устига бегона эркак кириб орада иғво, бўҳтон, фитна чиқиши мумкин. Бундай ҳолатлардан доимо узоқ бўлиш керак.

Исломда нафақат бировнинг уйига руҳсатсиз кириш, балки назар солиш ҳам, ҳатто мактубини изнсиз ўқиш ҳам тақиқланади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набиий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким биродарининг мактубига назар солса, худди дўзах оташига назар солгандек бўлади” (Имом Абу Довуд ривояти), деганлар.

Шунингдек, бировнинг мактубини ўғирлаб олиш ёки зўрлик қилиб ўқишга интилиш у ёқда турсин, изнсиз назар солиш ҳам мумкин эмаслигини юқоридаги ҳадисдан билиб олдик.

Бировнинг уйига “Салом” бериб тўғри кириб бораверишдан сақланайлик. Уйда аёллар борлиги, уй эгаларининг турли ҳолатда бўлиши мумкинлиги доим ёдимизда бўлса мақсадга мувофиқ бўлади.

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти

талабаси Ахмадхонов Хайруллохон

Read 3240 times

Мақолалар

Top