Мақолалар

Чироқларни ўчириб ётинг

Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилдилар:

إِذَا جَنَحَ اللَّيْلُ أَوْ أَمْسَيْتُمْ فَكُفُّوا صِبْيَانَكُمْ فَإِنَّ الشَّيَاطِينَ تَنْتَشِرُ حِينَئِذٍ ، فَإِذَا ذَهَبَ سَاعَةٌ مِنَ اللَّيْلِ فَخَلُّوهُمْ ، وَأَغْلِقُوا الأَبْوَابَ وَاذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ فَإِنَّ الشَّيْطَانَ لا يَفْتَحُ بَابًا مُغْلَقًا ، وَأَوْكُوا قِرَبَكُمْ وَاذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ ، وَخَمِّرُوا آنِيَتَكُمْ وَاذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ ، وَلَوْ أَنْ تَعَرِضُوا عَلَيْهَا شَيْئًا ، وَأَطْفِئُوا مَصَابِيحَكُمْ

“Кеч киргач, болалари­нгизни (уйда) ушлаб туринг. Чунки бу пайтда шайтон (жин)лар изғийди. Бир соат ўтгач, болаларингизни эркин қўйинг. Аллоҳнинг номини зикр этиб эшик­ларингизни ёпинг. Зеро, шайтон бер­ки­тилган эшикни очмайди. Аллоҳнинг номини зикр этиб мешларингиз (оғзи)ни боғлангиз. Аллоҳ­нинг номини зикр этиб идишларингиз устига бирон нарса бўлса-да, ташлаб қўйинг. Чироқларингизни ўчириб (ётинг)(Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ таоло тунни бандалари ором олиши учун яратган. Қуръони каримда бу ҳақда кўп оятлар келган. Жумладан, Юнус сурасининг 67-оятида бундай дейилади:

هُوَ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ اللَّيْلَ لِتَسْكُنُوا فِيهِ

“У сизларга ором олишларингиз учун кечани яратган Зотдир”. Кундузи кўринмайдиган сичқон, каламуш, суварак сингари зарар келтирувчи ҳашарот ва жонивор­лар кеч­аси изғийди. Сичқон ва каламуш теккан идишни покламай туриб фойдаланиш эса макруҳдир. Шундай экан, уларнинг зиёнидан, шайтон ва унинг зарарларидан сақланиш ҳамда туннинг бизларга таскин бўлиши учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу кўрсатмаларига риоя этишимиз лозим:

  1. “Кеч киргач, болалари­нгизни (уйда) ушлаб туринг”. Яъни, қуёш ботгач, фарзандларингизни уйдан чиқарманг, ташқарида юрган бўлишса, уйга киргизиб керакли машғулотлар билан банд қилинг. “Чунки бу пайтда шайтон (жин)лар изғийди”. Тун шайтонлар қўзғалиши учун қулай фурсатдир. Улар бу вақтда ташқарида юрган болаларга зиён етказиши мумкин.
  2. “Бир соат ўтгач, болаларингизни эркин қўйинг”. Уларнинг уйга кириб-чиқишида тўсқинлик қилманг.
  3. “Аллоҳнинг номини зикр этиб эшик­ларингизни беркитинг”. Хайрли ҳар бир ишда Аллоҳни зикр қилиш – “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим” дейиш, лозим, ҳатто эшикни ёпганда ҳам. Эшикни беркитиш билан ҳар хил зарарли ҳашаротлар, ҳайвонларнинг зиён ет­ка­зиши, ўғри кириши, номаҳ­рамлар назари туши­ши ёки оила аъзоларининг соғлиғига зарар етишининг олди олинади. “Зеро, шайтон бер­ки­тилган эшикни очмайди”. Фақат “Бисмиллоҳ” деб ёпилган эшикларни шайтонлар очолмайди. Ўша кеча иблис ёмонлигидан омонда бўлинади. Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:

إِذَا دَخَلَ الرَّجُلُ بَيْتَهُ فَذَكَرَ اللَّهَ عِنْدَ دُخُولِهِ وَعِنْدَ طَعَامِهِ ، قَالَ الشَّيْطَانُ: لا مَبِيتَ بِكُمْ وَلا عَشَاءَ، وَإِذَا دَخَلَ فَلَمْ يَذْكُرِ اللَّهَ عِنْدَ دُخُولِهِ، قَالَ الشَّيْطَانُ: أَدْرَكْتُمُ الْمَبِيتَ، وَإِذَا لَمْ يَذْكُرِ اللَّهَ عِنْدَ طَعَامِهِ، قَالَ: أَدْرَكْتُمُ الْمَبِيتَ وَالْعَشَاءَ

«Ким уйига кираётганида ва таомланаётганида Аллоҳни зикр қилса, шайтон (аскарларига) сизларга ётоқ ҳам, кечки овқат ҳам йўқ, дейди. Мабодо уйига кираётганида Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон (шерикларига) ётоққа эга бўлдингиз, дейди. Агар таомланаётганида ҳам Аллоҳни зикр этмаса, шайтон (аскарларига) ҳам ётоққа, ҳам кечки овқатга эга бўлдингиз, дейди» (Имом Бухорий ривояти).

  1. “Аллоҳнинг номини зикр этиб мешларингиз (оғзи)ни боғлангиз”. Егулик сақланадиган меш, қоп, саноч сингари идишлар оғзини боғлашда ҳам “Бисмиллоҳ”ни айтиш зарур. Шундагина шайтон уларни ечолмас. Мабодо Аллоҳнинг исми зикр қилинмасдан, идишлар қанчалик мустаҳкам беркитилмасин, шайтон ундаги таом ва ичимликлардан насибасини олади. Шундай экан, доимо озиқ-овқат ва ичимликлар сақланадиган идишларни берк тутишимиз лозим. Оғзи очиқ идишларга ҳашарот, микроб ва зарарли нарсалар ҳамда вабо тушиши оқибатида турли касалликлар келиб чиқиши мумкин. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

غَطُّوا الإِنَاءَ وَأَوْكُوا السِّقَاءَ فَإِنَّ فِي السَّنَةِ لَيْلَةً يَنْزِلُ فِيهَا وَبَاءٌ لا يَمُرُّ بِإِنَاءٍ لَمْ يُغَطَّ وَلا سِقَاءٍ لَمْ يُوكَأْ إِلاَّ وَقَعَ فِيهِ مِنْ ذَلِكَ الْوَبَاءِ

“Идишлар (усти)ни ёпинг, мешкоблар (оғзи)ни боғланг. Чунки йилда шундай бир кеча борки, унда вабо тушади. У (вабо) ёпқичи йўқ идиш ва боғичи бўлмаган мешкоб олдидан ўтганида, албатта, унга тушади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

  1. “Аллоҳ­нинг номини зикр этиб идишларингиз устига бирон нарса бўлса-да, ташлаб қўйинг”. Идишлар устини ёпганда ҳам “Бисмиллоҳ”ни айтиш даркор. Шундагина шайтон уларни очолмас. Озиқ-овқат ва ичимликлар сақланадиган идишлар устини ёпиш уларга нажосат, зарарли ва шубҳали нарсалар тушишидан тўсади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа ҳадиси шарифларида идиш устини бир чўпни кўндаланг қилиб бўлса ҳам ёпиш кераклигини таъкидлаганлар.
  2. “Чироқларингизни ўчириб (ётинг)”. Зеро, чироқларни ўчирмай ухлашда кўпгина зарарлар бор. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади:

جَاءَتْ فَأْرَةٌ فَأَخَذَتْ تَجُرُّ الْفَتِيلَةَ، فَذَهَبَتِ الْجَارِيَةُ تَزْجُرُهَا، فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: دَعِيهَا، فَجَاءَتْ بِهَا فَأَلْقَتْهَا عَلَى الْخُمْرَةِ الَّتِي كَانَ قَاعِدًا عَلَيْهَا فَأَحْرَقَتْ مِنْهَا مِثْلَ مَوْضِعِ الدِّرْهَمِ، فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: إِذَا نِمْتُمْ فَأَطْفِئُوا سُرُجَكُمْ، فَإِنَّ الشَّيْطَانَ يَدُلُّ مِثْلَ هَذِهِ عَلَى هَذَا فَيُحْرِقُكُمْ

“Сичқон келиб, пиликни судрай бошлади. Ходима уни ҳайдади. Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қўявер уни”, дедилар. Сичқон пиликни у зот ўтирган хамра (жойнамозча) устига ташлади. Унинг дирҳамдек жойи куйди. Шунда у зот: “Қачон ухласангиз, чироқларингизни ўчиринг. Чунки шайтон мана бунга ўхшаганга амр қилса, куйиб қолишингиз мумкин”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Тўғри, бугунги кунда пиликли чироқ бўлмаса-да, электр чироқларнинг кечаси беҳуда ёниқ қолиши ҳам оила, ҳам давлат иқтисодига зарар. Қолаверса, чироқ ёруғлигида ухлаш узоқни кўра олмаслик каби хасталикларга сабабдир.

Абу Мусо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Кечаси Мадинада бир уй ёниб аҳли зарар кўрди. Бу ҳақда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га айтилди. У зот:

ان النار عدو لكم فإذا نمتم فأطفئوها عنكم

“Албатта, олов сизга душмандир. Қачон ухласангиз, уни ўчиринг”, деди­лар” (Муттафақун алайҳ).

Тўғри, совуқ кунларда печка каби иситкич асбоб­ларидан фойдаланмасликнинг иложи йўқ. Айниқса, қиш ойларида улардан истифода этишда ҳар доимгидан ҳам ҳушёрроқ бўлишимиз керак. Чунки ёнғинга қарши кураш биргина ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг эмас, балки барчамизнинг бурчимиздир.

Уламолар: “Ҳадиси шарифда зикр қилинган ҳолатлар сабаб, холос. Қўриш эса, Аллоҳнинг ҳимояси билан бўлади”, деганлар. Ушбу Набавий одобларга ҳар биримиз ­риоя этишимиз ва оила аъзоларимизга ҳам ўргатишимиз лозим. Шунда, икки дунё саодатига эришамиз, иншоаллоҳ.


Толибжон ҚОДИРОВ 
тайёрлади.

Read 6567 times

Мақолалар

Top