Мақолалар

Саккиз амал

Саҳобалардан розияллоҳу анҳум бири айтган экан: “Ким саккиз нарсадан ожиз бўлса, ўрнини тўлдириш учун унга саккиз нарса вожиб бўлади:

  1. Ким кечаси намоз ўқишни ният қилса-ю, ухлаб қолса, кундузи гуноҳ қилмасин. Чунки гуноҳдан сақланишнинг ажри таҳажжуд намозининг ажрига тенг.
  2. Ким нафл рўза тутишни хоҳласа-ю, тутолмаса, тилини сақласин. Тилни беҳуда сўзлардан сақлаш нафл рўза тутганнинг ажрига ноил этади.
  3. Ким уламолар фазлига етишишни хоҳласа, тафакккур қилсин. Тафаккур қилувчининг даражаси олимларга бериладиган даражага тенг.
  4. Ким душман билан урушиш савобини умид қилса-ю, уйида ўтириб қолса, шайтонга қарши уруш қилсин. Шайтонга қарши курашишнинг ажри душманга қарши курашишнинг ажрига тенг.
  5. Ким садақа беришни хоҳласа-ю, бунга қурби этмаса, одамларга эшитган нарсасидан таълим берсин. Эшитган яхши нарсаларини бошқаларга етказиш ҳам садақадир.
  6. Ким ҳаж ибодатини адо этишга қодир бўлмаса, жума намозидан қолмасин. Зеро, жума мискинларнинг ҳажидир.
  7. Ким обидларнинг фазлига етишишни хоҳласа, одамлар орасини ислоҳ қилсин, уларнинг орасига душманлик ва адоват уруғини экмасин. Аразлашиб қолганларни яраштириш ва одамлар орасида гап ташимаслик тинмай ибодат қилувчи кишининг ажрига тенг.
  8. Ким фазилатли кишиларнинг фазилатини хоҳласа, ўзи рози бўлган нарсасини биродарига ҳам раво кўрсин. Камтар ва хокисор бўлиш, ўзгаларга ҳам яхшиликни раво кўриш Аллоҳ фазилат берган кишиларнинг фазилатига тенг.

Хулоса шуки, Аллоҳ таоло бандаларига беҳад меҳрибонлиги сабабидан, ажр ва мукофотлардан бебаҳра қолишга имкон қолдирмади. Кимда-ким ушбу имкониятлардан фойдаланиб, жаннатни вожиб қила олмас экан, бунинг учун фақат ўз нафсини маломат қилсин.

Ёрбек ИСЛОМОВ,

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби

Read 3853 times

Мақолалар

Top