Мақолалар

Ғафлатда қолманг! Жамоат намозининг фазилатлари

Жамоат намози – савоби улуғ ибодат. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жамоат намози ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража афзалдир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). 

Жамоат намозининг савобини билганингизда эди... Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бомдод ва хуфтон намозларидаги (жамоатга) ҳозир бўлишни лозим топ. Агар шу икки (намоз)нинг (жамоат билан ўқишдаги) савобини билганларингизда эди, эмаклаб бўлса ҳам келардингиз”, дедилар (Имом Табароний ривояти). 

Жамоат намози – гуноҳларга каффорот бўлади. Абу Убайда (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Жума куни бомдод намозининг жамоатда ўқилганидан кўра афзал намоз йўқдир. Ким унда иштирок этса, гуноҳлари мағфират қилинади, деб ҳисоблайман” (Имом Ҳоким ривояти). 

Жамоат намози – кечани бедор ўтказганнинг савобига ноил этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, гўё кечанинг ярмини бедор ўтказибди. Ким бомдод намозини жамоат ила адо қилса, гўё кечанинг барчасида намоз ўқибди”, дедилар (Имом Муслим ривояти). 

Жамоат намози – мўминлик белгиси. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Қачон масжидга боришга одатланган кишини кўрсангизлар, унинг иймонли эканига гувоҳлик беринглар. Чунки Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар” (Тавба сураси, 18‑оят) (Имом Термизий ривояти). 

Жамоат намози – Қиёматда нур бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қоронғуда масжидлар сари юрганларга Қиёмат кунидаги тугал нур хушхабарини беринг!” дедилар (Имом Термизий ривояти). 

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ибодатида собитқадам қилсин. Беш вақт намозни Ўзининг уйларидан бир уй бўлмиш – масжидда холис Ўзининг розилиги учун адо этишимизга тавфиқ ато этсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 5184 times
Tagged under

Мақолалар

Top