Мақолалар

Қиз фарзанд кўрдингизми?

Фарзанд инсоннинг кўз қувончи, қалб суруридир. Инсон оила қурар экан, шириндан шакар фарзандлар кўришни хоҳлайди. Сир эмаски, кўпчилик ўғил фарзанд кўриш истагида бўлиб, кетма-кет қиз фарзанд кўрганлар орасида ножам бўладиган, тушкунликка тушадиганлари ҳам учраб туради.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай деган: 

لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ يَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ إِنَاثاً وَيَهَبُ لِمَن يَشَاءُ الذُّكُورَ أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَاناً وَإِنَاثاً وَيَجْعَلُ مَن يَشَاءُ عَقِيماً إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ

“Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. У зот хоҳлаган нарсасини яратур. У зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У зот ўта билгувчи ва ўта қодирдир”. (Инсонга ҳамма нарсани фақат Аллоҳ таоло беришининг ёрқин намунаси фарзанд масаласида кўринади. Айни шу масалада инсон ўзининг ожизлигини хис этади. Ўз хоҳишига кўра бирон нарсани бор қила олмаслигини, Аллоҳ таолонинг мадади ва иноятига муҳтож бўлиб туришини англаб етади.) (Шуро сураси, 49-50-оятлар).

Уламолар бу оятда қизларнинг ўғил болалардан олдин зикр қилиниши борасида бир қанча фикрларни айтишган.

Баъзилари “Одатда ота-оналар ўғил фарзанд кўришни хоҳлашади. Аллоҳ таоло бандаларининг хоҳишини эмас, Ўз хоҳишини амалга оширувчи Зот эканини англатиб қўйиш, шунга ишора қилиш учун олдин қизларни зикр қилган” дейишади.

Баъзи уламолар “Аллоҳ таоло бу оятда жоҳилият даврида ортга сурилган, одам ўрнида кўрилмаган, тириклайин кўмилган қизларнинг шаънини кўтариб, жоҳилият урф-одатини йўқотиш учун қизларни олдин зикр қилган” дейишган.

Ҳа, жоҳилият даврида одамлар қиз фарзанд кўришни ёқтиришмас, мабодо бирортаси қиз фарзанд кўрса, одамлар орасида бошини кўтариб юролмас, қиз фарзанд кўришни ўзларига ор, уят деб билишар эди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу ҳолат ҳақида шундай деган: 

وَإِذَا بُشِّرَ أَحَدُهُمْ بِالأُنثَى ظَلَّ وَجْهُهُ مُسْوَدّاً وَهُوَ كَظِيمٌ يَتَوَارَى مِنَ الْقَوْمِ مِن سُوءِ مَا بُشِّرَ بِهِ أَيُمْسِكُهُ عَلَى هُونٍ أَمْ يَدُسُّهُ فِي التُّرَابِ أَلاَ سَاء مَا يَحْكُمُونَ

“Қачонки улардан бирига қизнинг хушхабари берилса, ғам-аламга тўлиб, юзи қорайиб кетур. Унга берилган хушхабарнинг ёмонлигидан (уялиб) қавмидан беркинадир. У(қиз)ни хорлик-ла олиб қолсамикин ёки тупроққа кўмсамикин? Огоҳ бўлинг! Улар қилган ҳукм нақадар ёмон” (Наҳл сураси, 58-59-оятлар).

Қиз фарзанд тарбияси борасида кўплаб ҳадислар ворид бўлган.

Ойша розиаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Бир куни менинг ҳузуримга иккита қизини етаклаб бир аёл тиланчилик қилиб кириб келди. Менинг ҳузуримда битта хурмодан бошқа нарса йўқ эди. Мен хурмони берсам, аёл уни иккига ажратдида, икки қизига берди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам кирганларида бу ҳақда хабар берсам, у зот: “Ким мана шу каби қиз фарзанд билан имтиҳон қилинса, қизларини чиройли парвариш этса, унинг учун жаҳаннамдан парда бўлади” дедилар. (Мутафақун алайҳ)

Яна бир ҳадисда бундай дейилган:

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг учта қизи бўлса, уларни сабр билан ўстирса, топганидан уларни кийинтирса, улар унинг учун дўзахдан парда бўлади», дедилар».

Ана кўрдингизми дўстим, иккита қизингиз бор дегани, дўзахдан иккита парда бор деганидир. Яна қиз фарзанд кўрдингизми, пардалар сони яна биттага кўпайибди-да!

Нима, “Қиз узатиш осонмас ҳозирги пайтда” дейсизми?

Нега ундай дейсиз? Динимизда қиз тарбия қилишга, уларни боқишга катта савоблар, мукофотлар ваъда қилиняпти. Қиз узатишнинг қийинлигига келсак, уни ким қийинлаштирди?! Динимизми ёки одамларнинг ўзларими?! Динимиз нима деган? Тўйни қилиб бериш, қизга уй бериш, ўша уйда яшаш учун керакли анжомларни олиб бериш куёв томоннинг вазифаси демаганми?! Одамлар Динга амал қилишдан узоқлашиб, риё, хўжакўрсинлик, манманлик, дабдабабозлик, одамлар кўрсин, мақтасин, қойил қолсин қабилида иш қиладиган бўлгандан кейин, албатта, қиз узатиш қийин бўлади-да, куёв томон ўз вазифасини билмай, билса ҳам бажармай, келин томондан дунё матоларини кутиб юраверади-да!  

“Қизимни боқа олмасамчи?” деб хавотир бўляпсизми? Хавотирга ўрин йўқ! Чунки Раззоқ бор! Раззоқ дегани қимирлаган жонзотнинг ризқини берувчи Зот дегани! Роббимиз сизнинг ҳам, қизингизнинг ҳам, ҳамма жонзотларнинг ҳам ризқини беради!

“Қиз тарбия қилиш осонмас!” дейсизми? Тўғри, осонмас, шунинг учун ҳам юқоридаги ҳадисда “сабр билан” деб айтиб турилибди-ку! Ахир дўзахни беркитадиган парда ўз-ўзидан, осонликча бўлмайди-ку, дўстим!

Қиз кўргани учун хотинини ёмон кўраётган, асаби бузилаётган одам Аллоҳ таолонинг иродасига рози бўлмаётган кимсадир! Аллоҳ таоло сизга қиз фарзанд ато этишни ирода қилди, аммо сиз жоҳиллик қилиб бунга қарши чиқмоқдасиз! Аллоҳдан қўрқинг! Аллоҳ таолонинг берган ризқига, сиз учун қилган тақсимига рози бўлинг!

Унутманг, қиз фарзанд кўришни ёқтирмаслик, қиз кўргани учун аччиғи келиш ва аёлини ёмон кўриш жоҳилиятдаги одамларнинг қилиғидир! Аллоҳ таоло ундай кимсаларни Қуръонда қоралаганини юқорида келтириб ўтдик.

Менимча, энди қиз фарзанд кўрсангиз, хафа бўлмасангиз керак, менимча, “Ҳамма фарзандларим қиз бўлса ҳам розиман” дейдиган кайфиятга ўтсангиз керак!

Сўзимиз охирида бир ривоятни келтириб ўтамиз.

Яъқуб ибн Бахтон айтади: “Мен еттита қиз фарзанд кўрдим. Ҳар сафар қизим туғилганда, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг олдига борардим. У менга: “Эй Абу Юсуф, Пайғамбарлар қизларнинг оталари бўлишган” дер, унинг гапи менинг ножамлигимни кетказар эди”.

Аллоҳ таоло барчамизни берган ризқига, биз учун қилган тақсимига рози бўладиган бандаларидан қилсин!

 

 

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

Read 11807 times

Мақолалар

Top