Мақолалар

Нақадар меҳрибонсиз!

Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул Мадинадаги мунофиқларнинг каттаси эди. Шерикларига доим нифоқнинг йўлларини, услубларини ўргатиб борар эди. Бир куни у ҳамроҳлари билан кетаётганда, йўлда Абу Бакр розияллоҳу анҳу, Умар розияллоҳу анҳу ва Али розияллоҳу анҳуни кўриб қолди. Ўзининг мунофиқ оғайниларига қараб, “Анави эсипастлар билан қандай кўришишимни қараб туринглар” деди.

Ҳа, у кимса мазкур буюк саҳобийларни “эсипастлар” дер эди. Бу ҳақида Аллоҳ таоло мана бундай деган:

وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ آمِنُواْ كَمَا آمَنَ النَّاسُ قَالُواْ أَنُؤْمِنُ كَمَا آمَنَ السُّفَهَاء أَلا إِنَّهُمْ هُمُ السُّفَهَاء وَلَـكِن لاَّ يَعْلَمُونَ

“Ва агар уларга, одамлар иймон келтирганидек, иймон келтиринглар, дейилса, “Эсипастлар иймон келтирганидек иймон келтирамизми?” дейишади. Огоҳ бўлинг, улар, фақат улар эсипастлардир ва лекин ўзлари билмайдилар” (Бақара сураси, 13-оят).

Кейин Ибн Убай ибн Салул Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига бориб, “Хуш келибсиз, Тайм қабиласининг саййиди, Сиддиқ, Шайхул Ислом, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғордаги шериклари, молини ва нафсини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун фидо қилган инсон” деди.

Кейин Умар розияллоҳу анҳуга юзланиб, “Хуш келибсиз, Бану Адий қабиласининг саййиди, Форуқ, молини ва жонини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга фидо қилган инсон” деди.

Сўнгра Али розияллоҳу анҳуга қараб, “Хуш келибсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куёвлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг ўғли, Бану Ҳошим уруғининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ташқари яна бир саййиди” деди.  

Бундан-да латифроқ саломлашишни биласизларми?

Абдуллоҳ ибн Убай ўз шерикларига: “Анави эсипастлар билан қандай кўришишимни қараб туринглар” деган эди. Аммо улуғ зотларнинг олдига борганда “саййид” деб кўришди. Кейин ҳамроҳлари олдига қайтиб келди. Агар ўша ҳамроҳларининг эси бўлса, “Нега бизга бундай деб туриб, уларнинг ёнига борганда бошқача кўришдинг? Бизга айтган гапинг билан уларга қилган муомаланг бир-бирига зид келяпти-ку!” дейишлари керак эди. Лекин ундай демадилар. Чунки мунофиқларнинг услуби шундай эди. Улар мўминлар билан мана шу услубда муомала қилар эдилар. Бу ҳақида Аллоҳ таоло мана бу оятини нозил қилган:

وَإِذَا لَقُواْ الَّذِينَ آمَنُواْ قَالُواْ آمَنَّا وَإِذَا خَلَوْاْ إِلَى شَيَاطِينِهِمْ قَالُواْ إِنَّا مَعَكْمْ إِنَّمَا نَحْنُ مُسْتَهْزِئُونَ

“Улар иймон келтирганларни учратсалар, иймон келтирдик, дейдилар, шайтонлари билан ҳоли қолганда эса, биз сизлар биланмиз, фақат истеҳзо қиляпмиз холос, дейдилар” (Бақара сураси, 14-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мунофиқларнинг, хоссатан, Ибн Убайнинг бундай услубини жуда яхши билар эдилар. Аммо у зотнинг меҳрибонликлари кенгроқ эди.

Кунларнинг бирида мазкур мунофиқ вафот этади. Ўлими олдидан ўғли Абдуллоҳ (ўзининг ҳам, ўғлининг исми Абдуллоҳ эди) розияллоҳу анҳуга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўйлакларини олиб келиб, ўзини ўша билан кафанлашларини тайинлайди.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, кўйлакларини сўрайдилар ва отасининг жанозасини ўқиб беришларини ҳамда қабри тепасида дуо қилиб туришларини илтимос қиладилар. Икки олам сарвари ўрниларидан туриб, жанозага бормоқчи бўлганларида, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу “Нифоқнинг боши бўлган кимсага жаноза намозини ўқийсизми, эй Аллоҳнинг Расули?!” деб Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг йўлларини тўсадилар.

Ҳа, азизлар, Умар розияллоҳу анҳунинг бундан аччиқлари келган эди. Ўшандай мунофиқ, Аллоҳ ва Расулининг, Исломнинг душманига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бориб жаноза ўқиб берсалар-а! Унинг ҳаққига истиғфор айтсалар-а! Лекин Пайғамбаримиз алайҳиссалом намоз ўқишга бормоқчи бўлдилар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган эди:

 اسْتَغْفِرْ لَهُمْ أَوْ لاَ تَسْتَغْفِرْ لَهُمْ إِن تَسْتَغْفِرْ لَهُمْ سَبْعِينَ مَرَّةً فَلَن يَغْفِرَ اللّهُ لَهُمْ ذَلِكَ بِأَنَّهُمْ كَفَرُواْ بِاللّهِ وَرَسُولِهِ وَاللّهُ لاَ يَهْدِي الْقَوْمَ الْفَاسِقِينَ

“Улар учун истиғфор айтсанг ҳам ёки истиғфор айтмасанг ҳам (барибир). Агар улар учун етмиш марта истиғфор айтсанг ҳам, Аллоҳ уларни зинҳор мағфират қилмас. Бу уларнинг Аллоҳ ва Унинг Расулига куфр келтирганлари учундир. Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоят қилмас”. (Мунофиқлар сурасидан маълумки, мунофиқларнинг гуноҳларини мағфират қилишни сўраб, улар учун истиғфор айтиш таклиф қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишга моил бўлганлар. Ўшанда ҳам шу маънодаги ояти карима нозил бўлган. Биз ўрганаётган ояти каримадан билиниб турибдики, Табук ғазоти асносида мунофиқларнинг кирдикорлари кетма-кет фош бўлгандан кейин яна улар учун истиғфор айтиш таклифи бўлган ёки ҳолат шуни тақозо қилиб қолган. Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мунофиқлар учун истиғфор айтишлари ва айтмасликлари барибир эканлигини, фойдаси йўқлигини билдирмоқда.) (Тавба сураси, 80-оят).

Ушбу оятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга мунофиқлар ҳаққига истиғфор айтиш-айтмаслик борасида ихтиёр берилган эди. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳазрати Умарга: “Менга ихтиёр берилди. Бас, мен истиғфор айтишни танладим. Агар унинг ҳаққига етмиш мартадан кўпроқ истиғфор айтсам-у, Роббим уни кечиришини билганимда, кўпроқ истиғфор айтган бўлардим” дедилар.

Шундай қилиб унинг жанозасини ўқиб бердилар ва қабри тепасида унинг ҳаққига истиғфор айтиб турдилар. Шунда Аллоҳ таоло мана бу оятини нозил қилди:

وَلاَ تُصَلِّ عَلَى أَحَدٍ مِّنْهُم مَّاتَ أَبَداً وَلاَ تَقُمْ عَلَىَ قَبْرِهِ إِنَّهُمْ كَفَرُواْ بِاللّهِ وَرَسُولِهِ وَمَاتُواْ وَهُمْ فَاسِقُونَ

“Ва ҳеч қачон улардан ўлган бирортасига ҳам (жаноза) намоз ўқима, қабри устида турма. Чунки улар Аллоҳга ва Унинг Расулига куфр келтирдилар ҳамда фосиқ ҳолларида ўлдилар”. (Чунки, жаноза намозини ўқиш, бировнинг қабри устида туриш ўлган учун катта ҳурмат ва эъзоздир. Бу улкан ҳурмат ва эъзозни ҳақдор кишиларга қилиш керак. Мунофиқ ва фосиқлар бунга лойиқ эмаслар.) (Тавба сураси, 84-оят).

Шу оят нозил бўлгандан кейин севикли Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор марта мунофиқларнинг жанозасига бормадилар. У зот ушбу оятга амал қилиб шундай қилдилар. Агар иш ўзларига қолганда, меҳрибонликларидан мунофиқлар ҳам четда қолмаган бўларди. Чунки Набий алайҳиссаломнинг қиладиган ишлари Аллоҳ таолонинг «Анбиё» сурасидаги: «БИЗ СЕНИ ФАҚАТ ОЛАМЛАРГА РАҲМАТ ҚИЛИБ ЮБОРДИК», деган оятига мувофиқ эди.

Ҳа, у зоти бобаракотнинг меҳрибонликлари, раҳматликлари ҳатто мунофиқларга ҳам етарди.

Аллоҳ таоло севикли Расулининг ўз умматларига қилаётган меҳрибонликлари, уларга яхшилик етишига ҳарисликларини кўриб, “Эй Муҳаммад, агар истасанг, умматингнинг ишини ўзингга ҳавола қиламан” деди.

Бу гапга Пайғамбаримиз алайҳиссалом нима деб жавоб берганлар? У зот “Умматимнинг ишини ўзимга оламан” дедиларми? Йўқ, асло!

У зот меҳрибонлик билан: “Йўқ, эй Роббим! Сен уларга мендан кўра раҳмлисан!” деб жавоб бердилар.

Меҳрга тўла бўлган зотнинг жавобларига қаранг!

Хўш, у зот алайҳиссалом нега бундай жавоб бердилар?

Бунинг сабаби шуки, у киши мўминларнинг биродаридирлар, лекин Аллоҳ таоло мўминларнинг Роббидир! Биродарнинг меҳрибонлиги Роббнинг меҳрибонлигига тенг келармиди?!

Ҳа, азизлар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай жавоб бердилар. Ахир у киши ҳам инсон. Шунинг учун “Умматимнинг ишини менга берма, Ўзингда қолдир! Чунки Сенинг бандаларингга раҳматинг доимийдир” деган маънода жавоб бердилар.

Бу жавобдан кейин оламларнинг Робби нима деди? Унинг гапига диққат қилинг:

“Ундоқ бўлса, умматинг борасида сени ҳеч қачон шарманда қилиб, уятга қолдирмайман”.

 

 

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг мавъизаларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

Read 3422 times

Мақолалар

Top