Мақолалар

Тарих ажойиботларга тўла

Америкага илк бор мусулмонлар боришган

Хашхош ибн Саъийд араб денгизчиси эди. Андалуслик эркаклардан бир гуруҳини тўплади, уларни озиқ-овқат ва йўл учун керак бўладиган нарсалар билан таъминлади. Кейин барчалари Атлантик уммонини кемада сузиб ўтиб, “номаълум ер”га боришди. Бу Америка қитъаси эди. У ердан бир қанча қимматбаҳо тошлар ва олтин олиб қайтишди. Бу воқеа милодий 889 йилда, яъни Колумбдан 570 йил олдин содир бўлган эди.

Демак, Америка қитъасига илк бор мусулмонлар ташриф буюришган.

 

Буюк саркарда

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу улуғ саҳобалардан бўлиб, Қурайш қабиласининг Бану Махзум уруғидан эдилар. Ҳижратдан тахминан 30-34 йил олдин, милодий 592 йилда Маккаи Мукаррамада таваллуд топдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига “Сайфуллоҳ” (Аллоҳнинг қиличи) деб лақаб бердилар. У зот Исломдаги энг буюк қўмондон, саркарда ҳисобланадилар. У киши 100 дан ортиқ ҳарбий юришларда қўмондонлик қилиб, шу урушлардан бирортасида енгилмаган эканлар. Аммо у кишининг вафотлари ҳижрий 21 йилда, милодий 642 йилда уруш майдонида эмас, уйларида, тўшакларида бўлди. 

 

“Сиҳоҳи ситта”

“Олтита саҳиҳ” (“Сиҳоҳи ситта”) ҳадис китобларини ёзганларнинг туғилиб-ўсган жойлари:

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳул Бухорий” китобини ёзганлар. Туғилган жойлари Ўзбекистон.

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳу Муслим” китобини ёзганлар. Туғилган жойлари Эрон.

Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ “Сунани Абу Довуд” китобини ёзганлар. Туғилган жойлари Эрон.

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ “Сунани Термизий” китобини ёзганлар. Туғилган жойлари Ўзбекистон.

Имом Насоий раҳимаҳуллоҳ “Сунани Насоий” китобини ёзганлар. Туғилган жойлари Туркманистон.

Имом Ибн Можа раҳимаҳуллоҳ “Сунани Ибн Можа” китобини ёзганлар. Туғилган жойлари Эрон.

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 3683 times

Мақолалар

Top