Буюк олимлардан бири ўз ҳаётида содир бўлган воқеъалардан бирини қуйидагича баён қилади.
Аллоҳ таолонинг иродаси ила бир муддат бошимга мусибатлар тушиб, нима қилсам ҳам ҳеч ишимда илдамланиш бўлмай, ҳар томонлама синовларга учраб юрдим.
Кунларнинг бирида устозим ҳузурига бордим. Устозим менга қараб: Болам “Сабр қил ҳар бир ишда чегара бор”, дедилар. Устозимнинг ушбу сўзлари қалбимга ва руҳимга умид бахшида этди. Мен устозим билан бир қанча дақиқалик суҳбат қурдиму лекин, “Сабр қил ҳар бир ишда чегара бор”, деган сўзлари қалбимга жойлашиб олди.
Уйга бориб устозимнинг ушбу сўзларини тафаккур қилиб кўрдим. Сўнг ушбу хулосага келдим. Ҳақиқатда ҳар бир ишда чегара бор экан. У муаммо бўлсин, очлик, беморлик, фақирлик, ғам-ғусса ёки қарздорлик бўлсин фарқи йўқ барча-барчасида чегара бор.
Чегара унинг аксини намоён қилар экан. Мисол учун: муаммо бўлса унга ечим топилиши, хафаликка хурсандчилик, қийинчиликка енгиллик ва мусибат ўрнига яхшилик.
Демак, менга бирор-бир мусибат етса сабр қилиб, унинг чегарасини кутиб туришим керак бўлар экан. Зеро, тун қанчалик узун бўлмасин унинг чегараси тонгдур. Қоронғуликдан кейин албатта ёруғлик бордур. Ҳар қандай мустаҳкам арқон ҳам, куни келиб эскиради, чирийди ва узилади, бош оғриса бир кун келиб оғриқ албатта тўхтайди.
Эй дўстим! Агар сизга мусибат етса ёки бирор-бир муаммойингиз бўлса, унинг вақти бир неча кун ёки ойдур. Сабр қилиб, кутиб туринг ва билинки, муаммони ечимини сабр билан кутиб туришингиз ҳам ибодатдир. Зеро, Аллоҳ таоло мусибатни ёки ғам-ғуссани абадий давом этувчи қилмаган. Балки ҳар бир ишга чегара қўйган.
Ниҳоят баҳтли бўлишни кашф қилдим” асаридан. “Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом-хатиби Абдурахманов Яхё таржимаси.