Мақолалар

Умр ғанимат

Инсонга берилган энг қадрли немат умрдир. Шу боис, уни ғанимат билиб, манфаатли ишларга сарфлашимиз зарур. Инсон умри чекланган. У маълум йил, ой, кун, соат, дақиқа ва лаҳзалардан иборат, холос. Лўнда қилиб айтганда, вақт ҳаёт демакдир. Ўтаётган ҳар бир сония, дақиқа, соат, кун умримизнинг қисмларидир. Ўтиб кетган вақтни ортга қайтариш иложи йўқ. Шундай экан, ўтаётган ҳар бир лаҳзамизни ғанимат билайлик, йўқса, зараримизга ишлайди. Зеро, салафи солиҳлар: “Вақт қилич кабидир. Агар сен уни кесмасанг, албатта, у сени кесади”, дейишган. У зотлар ҳамиша вақтларига аҳамиятли бўлиб, уни доимо яхшилик қилиш билан ўтказишар ва эртанги кунлари бугунгисидан кўра афзал бўлиши учун ҳаракат қилишарди. Шу эътибордан бўлса керак, улар қисқа умрлари давомида оламшумул ишларни қилишган. Улуғ зотларнинг ҳаёт йўлари доимо биз учун ибратдир. Бунинг янада самарали бўлиши учун қуйида у зотларнинг ҳаётидаги баъзи мисоллар билан танишсак мақсадга мувофиқ бўлади:

– Муҳаддис, фақиҳ Имом Нававий (раҳимаҳуллоҳ) ўзининг қисқа умри (40 йил) давомида 500 та китоб таълиф қилган.

– Муҳаддислар султони Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) илм сирлари билан қизиқиб, дунё кезиб, олтмиш мингдан зиёд ҳадис тўплаганида, эндигина 16 ёшдан ошганди. Шунингдек, у зотнинг қисқа 63 йиллик умри мобайнида амалга оширган ишлари бутун умрига таққос­ланса, 63 йилдан ҳам бир неча баробар ортади.

– Ибн Жавзий (раҳимаҳуллоҳ) оламдан ўтгач, барча илмий ишлари яшаган кунларига бўлин­га­нида, кунига 11 бетдан тўғри келган экан. Бу дегани, ҳаёти давомида тайёр ишни кўчириш эмас, балки ўзининг меҳнати билан ҳар куни 11 бетдан асар ёзи­ш керак. Албатта, буни бошидан ўтказган киши билади, жуда қийин, деярли иложи йўқ иш. У зот вафот этгач, кишилар қаламларининг тўпланган қирин­ди­сидан сув иситиб, у зотни ювишган.

– Имом Нававий (раҳимаҳуллоҳ) зикр қилишича, Курз ибн Вабра Қуръони каримни кечаси ҳам, кундузи ҳам тўрт марта, Ибн Идрис (раҳимаҳуллоҳ) эса уйида тўрт минг марта хатм қилган. Имом Шофи­ъий (раҳимаҳуллоҳ) Рамазонда олтмиш марта, Имом Бухорий эса ўттиз марта хатм қилган. Имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ) кунда уч юз ракат намоз ўқир эканлар.

– Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) кунда ўн икки минг марта, Холид ибн Марвон эса юз минг марта тасбеҳ айтар эди.

– Ҳозирда ҳам кунда Ихлос сурасини минг марта ўқийдиган, Қуръони каримни хатм қиладиган, ўн беш минг тасбеҳ айтадиган кишилар учрайди.

– Абу Талҳа Ансорий (раҳимаҳуллоҳ) қирқ йил рўза тутганлар. Ибн Мусаййиб (раҳимаҳуллоҳ) олтмиш маротаба ҳаж қилганлар. Имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ) олтмиш ёшида минг масалага далил асосида фатво берганлар.

– Ибн Ҳазм (раҳимаҳуллоҳ)нинг барча китоблари ёниб кетади. Шунда у зот уларнинг ҳаммасини ёд­дан айтиб берганлар. Имом Қатода (раҳимаҳуллоҳ) бир туя китобни ёд олганлар. Имом Шаъбий (раҳимаҳуллоҳ): “Оқ нарсага ёзилган ҳар бир нарсани ёд олдим”, деганлари ривоят қилинади.

– Ҳиндистон диёрида яшаган ҳазрат Ашраф Али Таҳонавий (раҳимаҳуллоҳ) қисқа умри да­во­мида бир ярим минг китоб ёзадилар. Шунингдек, ўзидан кейин кўпгина муршид ва валий даражасига эришган шогирдлар ҳам қолдирганлар. Ана баракали, узоқ ва сермазмун умр.

– Имом Ибн Жарир Табарий Қуръони каримни 30 минг вароқ тафсир қилишни қасд қилиб, асҳобларига: “Қуръонни тафсир қилишда ҳаракат қилмай­сиз­ла­рми?”, деганида, улар: “Бу иш ниҳоясига етмасданоқ, умрлар ўтиб кетади”, дейишди. Шунда аллома тафсирларини 3 минг вароқ атрофида қисқартиради. Шунингдек, Одам (алайҳиссалом)дан бошлаб, ҳозиргача бўлган тарихни ҳам 30 минг вароқ ёзишни қасд қилганида, улар юқоридаги гапни такрорлашди. У зот: “Албатта, биз Аллоҳ­никимиз, ғайрат-интилиш ўлди” дея уни 3 минг вароққа қисқар­тирганлар. Имом Хатиб (раҳимаҳуллоҳ) Самсимий бундай деганини эшитадилар: “Ибн Жарир қирқ йил атрофида ҳар куни қирқ вароқ китоб ёзарди”. У зот (224–310 – 86 йил) ҳаёти давомида ёзиб қолдирган китоблари 358 минг вароқни ташкил қилади. Агар балоғатгача бўлган ёшини тахминан, 14 йил деб эътиборга олиб, уни 86 дан айирсак, 72 йил қолади. Шунда, у зот умрининг ҳар бир кунида 14 вароқдан китоб ёзгани келиб чиқади. Шундай қилиб, у зотнинг балоғат ёшидан ташқари, яъни 72 йил умрини 14 га кўпайтирсак, тасниф қилган китоблари мажмуаси келиб чиқади.

– Алишер Навоий ҳазратлари устози Лутфийни ҳайратга қолдириб, «Оразин ёпқоч» билан бошланувчи ғазалини ўқиганида, 11 ёшли ўткир саводи ва зеҳни билан кўпларни лол қилган оддийгина Алишербек деган болакай эди.

Уламоларимизнинг ҳаётида бундай мисоллар жуда кўпдир. Улар юқорида таъкидланганидек, вақт қадрига етганларидан шундай юксак мақомларга эришганлар. Шу туфайли илмнинг асл манбаи бизгача етиб келди. Алҳамдулиллоҳ, унинг нуридан баҳраманд бўлиб турибмиз. Кунлар ойларни, ойлар йилларни эргаштириб ўтаверади, умр эса тугаб бораверади!!! Шу боис, биз бу зоти бобаракотлардан ўрнак олишимиз лозим.

Арбоблар ҳаётида ҳам бундай ҳолатлар жуда кўп учрайди. Қуйида уларнинг айримлари билан танишамиз:

–  Соҳибқирон Амир Темур Мовароуннаҳрни мўғул хонлигидан озод қилиб, ягона марказлашган давлат тузиб, ўзаро урушларга барҳам бериш учун курашганида, эндигина 24 ёшга қадам қўйган эди.

– Заҳириддин Муҳаммад Бобур 5–6 ёшлигиданоқ от чоптирган, қилични маҳорат билан ўйната олган, камондан ўқ узишда чаққон ва мерган, шунингдек, отаси вафотидан сўнг подшоҳ бўлиб, Самарқанд тахтини эгаллаганида, атиги 12 ёшда эди.

– Бувиси (Бибихоним)ни ҳоли-жонига қўймай, унга фалак илмига доир савол­лар­ни тўхтовсиз берган, кўпроқ вақтини бобоси ва отасининг кутубхонасида ўтказ­ган, юлдузлар сирини билишга қизиққан Улуғбек ўша пайтда 5–6 ёшли бола эди.

– Форобий жуда ёшлигиданоқ тил ўрганиш билан шуғулланиб, умри давомида 70 дан ортиқ тилда мулоқот қила олган.

– Лермонтов 10 ёшида, Пушкин эса, 9 ёшида шеър ёзишни ўрганган.

– Моцарт музика чолғуларини чалишни ёшга тўлганидаёқ ўзлаштирган ва 3 ёшида даст­лабки аcарини ёзган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар бир киши ўзига берилган қисқа умрни фойдали ишларга сарфлаши, илм олиши, ҳунар ўрганиши, тадбиркорлик, тижорат каби ҳалол касб-кор қилиши айни муддаодир. Мазкур мисоллардан ибрат олиб, ҳаётимизни гўзал ва мазмунли ўтказишга ҳаракат қилайлик, умрнинг қадрига етиб, турли беҳуда гап-сўз, ҳар хил асоссиз миш-миш, иғво ҳамда бўҳтондан йироқда бўлайлик. Шунда умримиз баракали бўлади, унинг ҳар лаҳзаси Аллоҳ рози бўладиган амаллар билан тўлади, инашоаллоҳ.

 

Толибжон ҚОДИРОВ
тайёрлади.

Read 7164 times

Мақолалар

Top