Мақолалар

Маъмун ва унинг устози

Ҳорун ар-Рашиднинг ўғли Маъмун кичкиналигида устози уни таёқ билан сабабсиз урди. Маъмун ундан: “Мени нега урдингиз?” деб сўради. Устози: “Жим!” деди. Маъмун ҳар сафар устозига мазкур саволни берса, устози унга: “Жим!” дерди.

Орадан йигирма йил ўтгандан сўнг Маъмун халифалик мансабини эгаллади. Унинг биринчи қилган иши устозини ўз ҳузурига чорлаш бўлди. Устози келгач, ундан: “Болалигимда мени нега урган эдингиз?” деб сўради. Устози табассум қилди ва: “Ҳалиям унутмадингми?” деб сўради. Маъмун: “Аллоҳга қасамки, унутмадим”, деб жавоб берди.

Шунда устоз Маъмунга: “Мазлум зулмни унутмаслигини билишинг учун шундай қилгандим. Ҳеч кимга зулм қилма! Зулм мазлумнинг қалбидаги олов бўлиб, йиллар ўтса ҳам ўчмайди. Бандаларнинг бандаларга қилган зулмлари эскирмайди, чиримайди. Агар мазлум золимни кечирмаса, Аллоҳ золимга жавоб қайтариш пайтини, муносиб вақтда ва муносиб жойда ҳукм қилишни белгилаб қўяди” деди.

Маъмун устозидан кўп йиллар давомида илм олди. Аммо устози билан кўришган пайтда, ундан олган илмларини эмас, балки бир марта олган тарсакисини эслади.

Ҳа, азизлар, зулм эсдан чиқмайдиган нарса. Шунинг учун одамларга зулм қилишдан, адолатсизлик қилишдан эҳтиёт бўлайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни зулм қилишдан ва зулм кўришдан асрасин!

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 3376 times

Мақолалар

Top