Мақолалар

Охиратдаги азобнинг борлигига иймон келтириш жиноятчиликнинг олдини олади

2012 йилда АҚШнинг Орегон университети олимлари томонидан қиёмат кунига, ҳисоб борлигига, дунёда қилинган жиноятлар учун охиратда дўзахда азоб борлигига ишонувчилар устида тадқиқот ўтказилди. Тадқиқот якунида маълум бўлишича, мазкур инсонлар жамиятда жиноятчиликка энг кам қўл урадиганлар экани маълум бўлди.

Олимлар ушбу тадқиқотнинг хулосасида мана бу гапларни таъкидлаб айтдилар: “Азобдан қўрқиш инсонни жиноятлар содир этишдан тўсади. Шу билан бирга Аллоҳга, охират кунига, ҳисоб ва азобга иймон келтириш жиноятчиликнинг олдини олишда энг осон йўлдир!”

Ушбу тадқиқотнинг тўлиқ хулосаси www.sciencedaily.com сайтида “Халқаро тадқиқот ўз хулосасида шундай таъкидлайди: “Жаҳаннамга иймон келтириш жиноят миқдорини пасайтиради!” сарлавҳали мақола тарзида эълон қилинди. Мақоладан иқтибос келтирсак:

“Орегон университети томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида тадқиқотчи олимлар бундай хулосага келдилар: “Охират кунига, жаҳаннам азобига иймон келтиришнинг жиноятчиликдан узоқлашишда жуда катта ҳиссаси бор. Аллоҳга иймон келтириш ёшларни нотўғри йўлларга оғишдан асрайди. Ёшларни жиноятдан ҳимоя қилиш учун уларнинг Аллоҳга бўлган иймонларини кучайтириш керак!” (Иқтибос тугади)

Бу – илмий тадқиқотнинг ўз хулосасида айтаётган гаплардир. Динга, охиратга ишонмайдиганлар бу тадқиқот ҳақида қандай фикрда эканлар?!

Уларнинг жаҳаннамга иймон келтириш яхши нарса эканини, бу иймон инсонларни жиноят қилишдан тўсишини эътироф қилишдан бошқа чоралари йўқ.  

Динга ишонмайдиганлар “Адолат!” деб жар соладилар, аммо адолат қарор топадиган, золимдан мазлумнинг ҳаққи олиб бериладиган қиёмат кунини инкор этадилар.

Улар “Илм!” деб додлайдилар, аммо олимларнинг илмий хулосаларини инкор этадилар.

Улар “Ахлоқ!” деб жар соладилар, аммо барча Пайғамбарлар олиб келган гўзал хулқларни инкор қиладилар.

Уларнинг сўзлари билан ишлари доим бир-бирига тескари, ўзлари доим изтиробда юрадилар. Бу эса Қуръони Карим хабар берган ҳолатдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган: 

 بَلْ كَذَّبُوا بِالْحَقِّ لَمَّا جَاءهُمْ فَهُمْ فِي أَمْرٍ مَّرِيجٍ

 “Балки уларга ҳақ келганда, уни ёлғонга чиқардилар. Улар изтиробли ишдадирлар”. (Улар ҳақни инкор қилганлар. Буни олдида бошқа нарсаларни инкор қилиш ҳач гап эмас.) (Қоф сураси, 5-оят).

Оятдаги مَّرِيجٍ (марийж) сўзи “изтиробли”, “ихтилофли”, “қарама-қарши” деган маъноларни ифода этади.

Сўзимиз охирида Аллоҳ таолодан бизни мана бу оятдаги дуони айтувчилардан қилишини сўраймиз:

 وَالَّذِينَ يَقُولُونَ رَبَّنَا اصْرِفْ عَنَّا عَذَابَ جَهَنَّمَ إِنَّ عَذَابَهَا كَانَ غَرَاماً إِنَّهَا سَاءتْ مُسْتَقَرّاً وَمُقَاماً

 “Улар: “Эй Роббимиз, Ўзинг биздан жаҳаннам азобини бургин, албатта, жаҳаннам азоби доимийдир. Албатта, у энг ёмон қароргоҳ ва турар жойдир”, дейдиганлардир” (Фурқон сураси, 65-66-оятлар).

Эй Роббимиз, Ўзинг биздан жаҳаннам азобини бургин, албатта, жаҳаннам азоби доимийдир. Албатта, у энг ёмон қароргоҳ ва турар жойдир.

 

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 3087 times

Мақолалар

Top