Мақолалар

Сувни исроф қилмайлик

Аллоҳ таоло Қуръони каримда сувни ҳаёт манбаи қилиб қўйганини таъкидлаб кўплаб оятлар нозил қилган. Жумладан, “Биз осмондан барокотли сув – ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида боғ-роғларни ва ўриб олинувчи дон-дунларни ҳамда тизилган (мевали) новдалари бўлган баланд хурмоларни ундириб ўстирдик. Бандаларга ризқ бўлсин учун (мана шундай қилдик). Яна у сув ёрдамида ўлик шаҳарни – ерни тирилтирдик. (Ўликларнинг ўз қабрларидан қайта тирилиб) чиқишлари ҳам мана шундай бўлур” (Қоф сураси 9-11-оятлар).

Бошқа бир ояти каримада эса Аллоҳ таоло яна марҳамат қилиб айтади: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”.(Иброҳим сураси 7-оят).

Гарчи ушбу оятда шукр қилиш ва ношукрлик оқибатлари Исроил авлодига қарата айтилган бўлса-да, лекин унинг ҳукми умумий бўлиб, то қиёматга қадар келадиган барча инсонларга тегишлидир. Шукр қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, балки ўзидаги моддий ва маънавий неъматлар ҳақида кўп мулоҳаза қилиш, улар берилган тақдирда қандай ҳолатда бўлишини тасаввур этиш, ўзидан қашшоқроқ, қийналганроқ кишиларни ёдга келтириш инсонни ўзидаги неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Бу иши инъом этувчига ҳам манзур бўлади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Аксинча, ношукрлик, нонкўрлик каби ҳолатлар инъом этувчида нафрат ва ғазаб пайдо бўлишига олиб келади. Натижада берган неъматларини қайтариб олиш ёки бошқа офат ёхуд мусибатларга дучор қилиш йўли билан жазолаши жоиз бўлиб қолади.

Ношукрлик инсонлараро муносабатларда ҳам ўзининг салбий натижаларини беради. Яхшиликни қадрлаб, имкони бўлса қайтариш айнан олижанобликдир.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил об-ҳавонинг унчалик ўнғай келмаганига, вегетация даврининг бошиданоқ эътибор қаратиб, сувнинг боридан самарали фойдаланиш, деҳқонларимизнинг беҳудага меҳнат ва сарф-харажат қилиб қўйишларининг олдини олишга алоҳида аҳамият берди.

Хусусан, 2018 йил 28 май куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда сув танқислиги сабабли шоли экиладиган майдонлар 162 мингдан 94 минг гектаргача қисқартирилиши таъкидлаб ўтилди.

Гуруч савдоси билан шуғулланувчи учар савдогарларимиз эса ўша куниёқ гуручнинг нархини тенг баробарга оширди.

Шунингдек ўша кунги видеоселекторда сув танқислиги кутилаётган Қашқадарё вилоятида такрорий экин майдонлари 30 минг гектарга, Самарқанд вилоятида 42 минг гектарга, Навоий вилоятида 14 минг гектарга ва Қорқалпоғистонда эса 10 минг гектарга камайтирилиши маълум қилинди. Бунинг ҳисобига дуккакли ўсимликлар нархи ҳам ўз-ўзидан ошди.  

            Ҳозирги кунда баъзи бир юртдошларимиз орасида Аллоҳнинг улуғ неъматларидан бири бўлган сувдан оқилона фойдаланмаслик, аксинча уни исроф қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Айниқса ёз фасли келиши биланоқ ушбу иллатли ва исроф амалимиз янада ортиб бормоқда. Бу каби салбий ҳолатларни олдини олиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Зеро қиёмат кунида барчамиз Аллоҳ таоло бизларга берган неъматлар ҳақида албатта сўраламиз.    

 

Аброр АЛИМОВ

 "Хувайдо" жоме масжиди имом-хатиби

Read 4101 times

Мақолалар

Top