Мақолалар

Иймон

 آمنت بالله و ملائكته وكتبه ورسله واليوم الأخر والقدر خيره وشره

 من الله تعالى والبعث بعد الموت

 

Яъни: “Мен иймон келтирдим - Аллоҳ таолога, Унинг фаришталарига, Китобларига, Пайғамбарларига, Охират кунига, тақдирнинг яхши ва ёмонлиги Аллоҳ таолодан эканига ҳамда ўлгандан сўнг қайта тирилмоқликка”

  1. Аллоҳ таолога иймон. Аллоҳ таоло ёлғиздир, якка-ягонадир. Тенгдоши йўқдир, ҳеч нарсага ўхшамас. Айбу нуқсонлардан покдир. Ҳеч ким унга тенг келмас. Унинг сурати, шакли йўқдир. Аллоҳ таоло ухламайди, ҳаттоки мудрамайди. Еру осмонни олти кунда яратган. Қуръони каримда келган 99 исми сифати ҳақдир. Қиёмат кунининг Молики (эгаси)дир. Фақат Унгагина ибодат қилинади ва фақат Ундангина ёрдам сўралади. Аллоҳ таоло қиёмат кунида ўз адолат тарозуси билан амалларимизни ўлчайди, шунга мувофиқ жазо ва мукофот беради. Аллоҳ таоло Жаннатни ва Дўзахни яратган. Уларнинг борлиги ҳақдир. Аллоҳ таоло инсу жинни Ўзига ибодат қилиш учун яратган. Бизларни қайси биримизнинг амалларимиз яхшироқ бўлишини имтиҳон қилиш учун Аллоҳ таоло ўлим ва тирикликни яратди. Аллоҳ таоло Азизу меҳрибон Зотдир. Аллоҳ таоло барча нарсани билади, У ҳамма нарсага қодирдир.
  2. Фаришталарга иймон. Аллоҳ таоло фаришталарни нурдан яратган. Улар фақатгина Аллоҳ таолога ибодат қиладилар. Гуноҳ қилмайдилар. Ўзларига буюрилган вазифаларни адо этадилар. Уларда эру хотинлик йўқ, ейиш ва ичиш йўқ, улар доимо ибодатдадирлар. Улар куфр ва гуноҳлардан покдирлар. Ичларида улуғ бўлганлари: ҳазрат Жаброил, ҳазрат Микоил, ҳазрат Исрофил ва ҳазрат Азроил алайҳимуссаломлардир. Жаброил алайҳиссалломга пайғамбарларга ваҳий етказиш вазифаси, Микоил алайҳиссаломга Аллоҳ таоло берган ризқ насибаларни тасарруф қилиш вазифаси, Исрофил алайҳиссаломга қиёматдан хабар берувчи сурни чалиш вазифаси, Азроил алайҳиссаломга жонларни қабз қилиш вазифаси юклатилган. Шунингдек, қабрга кирганимизда савол-жавоб қиладиган Мункар ва Накир исмли фаришталарга ҳам иймон келтирамиз.
  3. Илоҳий китобларга иймон. Бизлар Аллоҳ таоло ҳақ динини ўргатиш учун пайғамбарларга нозил қилган китобларига иймон келтирганмиз. Аллоҳ таолонинг барча китоблари Унинг каломи (сўзи) ва ваҳийсидир. Аллоҳ таоло томонидан нозил этилган китобларнинг энг машҳурлари Забур (Довуд алайҳиссаломга), Таврот (Мусо алайҳиссаломга), Инжил (Ийсо алайҳиссаломга) ва Қуръони карим бизларнинг пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга нозил этилган. Қуръони карим келгандан сўнг барча ўтган пайғамбарларга нозил бўлган китоблар ҳукми бекор бўлди. Қуръон карим ҳукмлари то қиёматга қадар ўзгармайди, бир ҳарф ҳам қўшилмайди, бир ҳарф олишга ҳеч кимнинг кучи етмайди. То қиёматгача умматлар қалбида сақланади, уни ўқиш ибодат ҳисобланади. Қуръони каримнинг энг буюк мўъжизаси - уни тиловат қилувчини қиёматда шафоат қилишидир.  
  4. Пайғамбарларга иймон. Пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг элчиларидир. Улар инсонлар орасидан танлаб олингандирлар. Пайғамбарлар маъсумдирлар. Уларнинг барчалари Одам наслидандир. Уларнинг барчалари бир динда – Ислом динидадирлар. Пайғамбарлар иккига бўлинадилар – набий ва расул. Расул деб бир динни олиб келиб, шунгагина даъват қилган ва унга шариат ҳамда китоб берилганларга айтилади. Набий эса, ўтган пайғамбарларнинг шариатларини давом эттирувчидир. Расул – ҳам расул, ҳам набий бўлади. Набий эса расул бўла олмайди. Қуръони каримда 25 пайғамбарнинг номлари зикр қилиниб, улар ҳақида қилиб ўтган ишлари хабарлари келган. Улардан аввалгиси Одам алайҳиссалом ва сўнггилари Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Нуҳ алайҳиссалом, Иброҳим алайҳиссалом, Мусо алайҳиссалом, Ийсо алайҳиссалом ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламлар “улул-азм” пайғамбарлар дейилади. Одам алайҳиссалом билан Муҳаммад алайҳиссалом орасида қанча пайғамбар ўтган бўлса барчасига иймон келтирганмиз.
  5. Охират кунига иймон. Биз яшаб турган бу дунё тугаб, охират келиши ҳақдир. Охират кунида ҳамма қилган ишларимиз ҳақида ҳисоб берамиз. Бу дунё абадий яшайдиган охират дунёсининг бошланишидир. Охиратга иймон келтирмаслик – Аллоҳ таолодан қўрқмасликка, ўз нафсининг туганмас орзу ҳавасларига, шайтоннинг алдовларига берилиб, қиёматда афсус-надоматда қолишига сабаб бўлади. Ундай кишилар яшашдан мақсади нима эканлигини билмай, ғанимат берилган умрини бекорга совуриб ўтказиб юборадилар. Охират кунига ишонч – қиёматда бўладиган ҳисоб-китоб қилинишга ишончдир. Дўзах ва жаннат борлигига ишончдир. У кун савоб ва гуноҳларга бериладиган жазо кунидир. Охиратга ишонч – қайта тирилишга ишончдир. Охиратга ишонган инсон доимо яхши ишлар қилишга, заррадек яхшилик ва заррадек ёмонликнинг жавобини охиратда кўришига ишонади. Охиратда ҳисоб-китобдан сўнг, Аллоҳ таолонинг мўминларга Ўз зотига муносиб кайфиятсиз равишда кўриниши эса энг улкан бахтдир. Аллоҳ таоло барча мўминларга шу бахтни насиб қилсин (омийн).
  6. Тақдир (қадар)га иймон. Тақдирга иймон келтирмоқ – инсоннинг яхши ва ёмон қадарини Аллоҳ таолодан деб билишидир. Мўмин банда синов учун берилган мусибатларга сабрли, яхшиликларга шукрли бўлади. Ҳар икки ҳолатда ҳам Аллоҳ таолони ёд этади. Уни устида юргизилаётган ҳукмларни Аллоҳ таолодан эканини билади. Инсон ҳаётда ё бахтли ёки бахтсиз бўлиши мумкин. Бу яшаб турган дунёдаги “Бахт” ва “Бахтсизлик” нисбий тушунчадир. Мусулмон киши бахтсиз бўлмайди. Унинг мусулмон бўлиб яшаётганининг ўзи – унинг бахтидир. Қиёматда номаи аъмоли ўнг тарафидан берилганда бўладиган бахт – мўминнинг ҳақиқий бахтидир. Шундай бахт ҳаммамизга насиб қилсин. (омийн).
  7. Ўлгандан сўнг қайта тирилишга иймон. Ҳар бир жони бор нафс бир кун ўлади. Ўлгандан сўнг қайта тирилишга иймон қиёмат кунига иймон келтиришнинг бир қисмидир. Ўлим – инсоннинг бу дунёдан кетиб, охират ҳаётининг бошланишидир. Мўмин киши ўлгандан сўнг қабрга киришига, қабрда икки фариштанинг саволларига жавоб беришига ҳамда қабр азоби ёки унда ҳузур бўлишига чин дилдан ишонади. Бу ишонч мўмин банданинг ёмонликлардан қайтишга, савоб амалларни кўпроқ қилишга ундайди. Инсон ўлиши билан охират ҳаёти бошланади. Бу дунё бир кун тугайди, охират эса абадий яшаладиган диёрдир.   

 

Зарифа Маҳкам қизи тайёрлади

Read 3588 times

Мақолалар

Top