Мақолалар

Муваффақиятга эришмоқчимисиз?

Инсонлар ҳар доим бахтли ва ҳар соҳада мувофақиятли бўлиб яшашни орзу қилади. Бу яхши албатта, аммо бахт ва муваффақиятга эришиш учун орзунинг ўзи камлик қилади. Олимларнинг таъкидлашича инсон мақсадига эришмоғи учун яхши ният, ҳаракат ва сабр лозим экан.

Ният. Замонамизнинг машҳур файласуф бизнес спикерларидан бири АҚШлик доктор Уэйн Валтер Дернинг сўзларига кўра, ният бу - соф ва чексиз энергия манбайидир. Унинг сўзларига кўра инсон ният билан боғланганида, унинг атрофида ҳамжиҳатлик ва ниятни амалга оширувчи кучлар бирлашишни бошлар экан. Одамларга эзгу ниятгина илҳомлантирувчи куч ва бахтиёрлик ҳиссини бериб, натижада шахслараро муносабатлар илиқлашиб, ҳодисалар уларнинг фойдасига бирлашар экан. Ният кучи орқали ҳаётни мўъжизавий тарзда ўзгартира олиш имконияти фақат инсониятга берилган неъматдир. Ниятнинг кучи – барча мувофақиятга эришган истеъдодли одамлар томонидан ишлатиладиган асосий энергия манбайидир.

Эътиборлиси шунчаки ният эмас, балки яхши ва холис ният мувофақиятнинг бирламчи омилидир. Чунки, инсон қилаётган ишларининг қандай натижа бериши, авваламбор қалбидаги ниятига боғлиқ. Яхши ният қилган бўлса, яхшиликка, ёмон ният қилган бўлса, ўша мақсадга етади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Албатта, амаллар ниятга боғлиқ. Ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади”, деб айтганларини эшитганман, дедилар (Бухорий, Муслим ривояти).

Яҳё ибн Касир раҳимаҳуллоҳ: "Ниятинг ҳақида огоҳ бўл, чунки у амалингдан кўра муҳимдир", дейди. Юсуф ибн Асбот раҳимаҳуллоҳ эса: "Ниятни ҳар хил бузғунчиликлардан тозалаш меҳнаткашларнинг қаттиқ ишлашидан ҳам оғирроқдир", деган.

Демак, аввало холис ва эзгу ният қилинг!

Ҳаракат. Хўш, биз доим такрорлайдиган, катталар кичикларга уқтириб чарчамаётган ҳаракат ўзи нима? Фалсафада ҳаракатга қуйидагича таъриф берилади: “Ҳаракат  — борлиқнинг ажралмас хусусияти бўлган ўзгарувчанликни ифодаловчи фалсафий категория. Ҳаракат тушунчаси имкониятларнинг воқеликка айланишини, рўй бераётган ҳодисаларни, оламнинг бетўхтов янгиланиб боришини акс эттиради. Оламдаги ҳар қандай жараён ҳаракат туфайли содир бўлади. Ҳар қандай ўзгариш — ҳаракат натижасидир”. Дангасалар ўзларини ҳар-хил баҳона ва важлар билан алдашади: “Менда бу мақсадлар учун етарли даражада имконият йўқ …”, “Қўлимдан келмайди…”, “Шароитимга тўғри келмайди… ” ва ҳоказо. Аслида улар ҳаракат қилишдан қочишади, аниқроғи ҳаракат натижасида пайдо бўладиган муаммолардан қўрқади, меҳнатнинг машаққатидан қочади. Билишмайдики озгина машаққат ва муаммолар улкан марраларни забт этиш калити эканлигини. Ўзингизни ёлғон таскинлар билан тинчлантирманг, орзуйингиз ўз-ўзидан ушалиб қолмайди. Доимо ўз устингизда ишланг, ҳаракат қилинг, билимингизни оширинг агар йўлингизда қийинчилик ва тўсиқларга дуч келсангиз йўлни ўзгартиринг аммо мақсадингизни эмас. Энг асосийси Аллоҳ таолога суюнинг ва Ўзига таваккул қилинг! Зеро, Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай марҳамат қилади:

“(Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар.” (Оли Имрон, 159)

"Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўюр". (Талоқ, 2)

Сабр. Жуда кўп инсонлар мақсадига етиш йўлида яхши ният ила ҳаракат қиладилару аммо, сабр қилмасдан бир лаҳзада мақсадига эришишни истаб ўзларига турли муаммоларни орттириб олади. Юқорида таъкидланган мувофақиятга етказувчи уч омилнинг энг мураккаби бу сабр қилишдир. Сабрнинг маъноси ҳар қандай ҳолатда инсон ўзини ушлаб ва тўхтатиб туришидир. Сабрнинг яна бир маъноси бирор нарсани кутиб туришдир. Зеро, сабр қилиш муваффақиятлар ва саодатлар гарови эканини барчамиз яхши билишимиз зарур экан. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: 

“Эй имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!” (Оли Имрон, 200)

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Сабр қийинчиликларни беркитувчи ва бахтсизликда ёрдамчидир”.  

Ҳазрати Расул акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сабрнинг даражаси ва ўрнига баҳо бериб, бундай деганлар: “Сабр зиёдир”.

Бошқа бир ҳадисларида эса: “Сабр имоннинг бир бўлагидир”, деб айтганлар. 
Қуръони каримда сабр ва унинг фазилати тўғрисида жуда кўплаб ояти карималар мавжуд. Имом Аҳмад (розияллоҳу анҳу) шундай дейди: “Қуръоннинг тўқсон ерида сабрнинг зикри келган. “Сабр қил” калимаси ўн тўққиз марта такрорланган”. Қуръони каримнинг юздан зиёд ўрнида сабрга чорловчи амрлар, сабр қилувчиларга бўладиган улуғ савоблар ҳақида сўз юритилган. Масалан, Аллоҳ таоло амр қилиб бундай деган:

“Сабр қилинг! Бас, албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчилар мукофотини зое қилмагай”. (Ҳуд, 115)

“Биз, албатта, сабр этганларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз”. (Наҳл, 96)

“Мен бугун уларни сабр қилганлари сабабли мукофотладим – улар ҳақиқатан ютуққа эришувчидирлар”. (Муъминун 111)

Яхши ният, ҳаракат ва сабр ҳаёт қоидаларингиздан жой олиб, дастур-ул амалингиз бўлсин!

 

Саидаброр Умаров

Read 3992 times

Мақолалар

Top