Мақолалар

“Ўн дақиқада етиб бораман”

Ислом динимизда ваъдага вафо қилишга қаттиқ тарғиб этилади ва ваъдага хилоф қилишдан қайтарилади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَالَّذِينَ هُمْ لِأَمَانَاتِهِمْ وَعَهْدِهِمْ رَاعُونَ

“Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилгувчилардир” (Мўминун сураси, 8-оят).

Аллоҳ таоло бу оятда мўминларнинг сифатларини баён қилиб, улар олган омонатларига хиёнат қилмасликларининг ва берган аҳдларига риоя этишларининг хабарини бермоқда.

Кундалик ҳаётимизда турли ҳолатларга дуч келамиз. Масалан, бир инсон билан фалон вақтда кўришишга келишган бўлсак, ўша вақт бўлганда, телефонимиз жиринглайди. Қарасак, учрашишга келишган одамимиз қўнғироқ қилаётган бўлади. Телефонни олиб, “Ҳозир ўн дақиқада етиб бораман” деймиз. Ваҳоланки, биз 1 соатлик йўл узоқликдамиз. Ҳар қанча шошилиб, тез борсак ҳам ўн дақиқада етиб боролмаймиз. Бу эса ёлғон гапириш ва ваъдага хилоф қилиш саналади. Ўша одам ваъдасига вафо қилиб, айтилган вақтда, айтилган жойга етиб борибди. Аммо биз...

Аввало ваъда беришгача бормаслик керак. Аллоҳ насиб қилса, шу ишни бажараман, деб айтиш лозим. Ваъда бергач эса, унга вафо қилиш керак. Бунинг учун ўйлаб, ҳисоб-китоб қилиб, кейин ваъда бериш керак.

Ҳозир ваъдани бажаролмайдиган ҳолатда турибмиз. Нима қилиш керак? Телефонга жавоб бераётганимизда “Дўстим, мен йўлдаман. Сиз тарафга бормоқдаман. Аллоҳ насиб этса, тез орада етиб бориб қоламан” дейишимиз мақсадга мувофиқ.  

Ваъдабозликдаги яна бир шундай ҳунук ҳолат бор - қарз олиб, қайтармаслик. Жамиятда одамлар ўртасидаги жуда кўп кўнгилсизликлар ва зиддиятлар айнан қарздорнинг олган қарзини айтилган муддатда қайтармаслигидан ҳам келиб чиқади. Қарз олгунча “қоп-қоп” ваъдаларни бериб, “Бир ойда қайтараман” дейди-ю, аммо вақти келганда, турли важ ва баҳоналар билан қайтармаслик йўлини ахтаради.

Бунга асосан иккита нарса сабаб бўлади: ё қарз олаётганда имкониятни ҳисобга олмай ваъда берган бўлади ёки чиндан ҳам бировнинг молини еб кетишни қасд қилган бўлади.

Инсон зарурат бўлганда, қарз олиши бор нарса. Аммо олаётган қарзини қайтариш учун муддат белгиланаётганда, тўлай оладиган муддатни айтиш, белгилаш керак. Муддат келганда эса, қарз берганнинг олдига бориб, қарзни қайтариш ёки “Ака, менга фалон муддатга қарз берган эдингиз. Ўша муддат бугун келди. Аммо пулни тўплай олмадим. Шунинг учун менга яна муҳлат берсангиз” дейиш керак. Лекин бир оғиз айтмасдан, индамасдан қочиб юриш ваъдага хилоф иш ва ёлғончиликдир.

Бировнинг молини еб кетиш, талофатга учратиш мақсадида қарз олишга келсак, бу оғир гуноҳ бўлиб, бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ворид бўлган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

“Кимки бировдан қайтариб бериш ниятида қарз олса, Аллоҳ унга қарзини узишга ёрдам беради. Кимки молига талофат етказиш мақсадида олса, Аллоҳ унинг ўзига талофат етказади”.

Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар:

“Бадавлат кишининг (қарзини, омонатини ва бировларнинг ҳаққини беришда) кечиктириши зулмдир...”.

Ваъдабозлик билан боғлиқ ҳунук кўринишлардан яна бири – фарзандларга бирор нарсани ваъда қилиб, кейин уни бермаслик. 

Бу ҳолат ҳам кўп учраб туради. Кимдир фарзандига бир ишни буюриб, агар ўша ишни бажарса, эвазига пул, музқаймоқ ёки велосипед олиб беришни ваъда қилади. Фарзанди айтилган ишни бажаргач, ота ваъдасининг устидан чиқмайди, айтган нарсасини олиб бермайди. Шу билан у ёлғон гапиргани, ваъдасига хилоф қилгани ва фарзандига ёмон ўрнак бўлгани учун гуноҳкор бўлади.

Сўзимизни бир ҳадис билан якунлаймиз.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса ёлғон гапиради, омонатга хиёнат қилади, ваъда берса устидан чиқмайди. Кимда шу хислатлар бўлса, унда мунофиқнинг барча хислатлари бўлган бўлади, агар биттаси бўлса, битта хислати бўлади», деганлар.

Демак, ёлғон гапирган одам мунофиқликнинг учдан бирини қилган бўлар экан. Ваъда бериб, устидан чиқмаган одам ҳам мунофиқликнинг белгисини содир этган бўлар экан. Омонатга хиёнат қилиш ҳам мунофиқлик белгиси экан.

Аллоҳ таоло барчамизни мунофиқ бўлиб қолишдан асрасин! Бизларни ваъдасининг устидан чиқувчи, рост сўзловчи ва омонатга риоя қилувчи бандаларидан қилсин, омин!

 

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 3645 times

Мақолалар

Top