Мақолалар

Аллоҳ йўлида инфоқ қилишга 70 марта буюрилган...

“Эҳсон” деганда бировга бирор неъматни бериш ва фазлу карам кўрсатиш тушунилади. Лекин “эҳсон” сўзи луғатда “яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш” маъноларини ҳам англатади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир неча оятларида эҳсон ва яхшилик қилишликка буюргандир. Иброҳим сурасининг 31-оятида шундай марҳамат қилади:

“(Эй Муҳаммад!) Имон келтирган бандаларимга айтинг, намозни баркамол адо этсинлар ҳамда савдо-сотиқ ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган кун (қиёмат)келмай туриб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилсинлар!”

Оли Имрон сурасининг 92-ояти каримасида эса шундай дейилади:

“Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жанатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”.

Роббал аъламин жаннатга эришишликнинг йўлларидан бири бу – суйган нарсасидан эҳсон қилиш эканини баён қилмоқда. Инсон табиатида шундай бир нарса борки, ўзи суйган нарсасидан воз кечиб уни эҳсон қилиш озгина қийинроқ туюлади. Аммо, ўйлаб қаралса воз кечаётган нарсаси унинг эвазига охиратда қўлга киритадиган мукофоти яъни жаннатнинг олдида жуда арзимас нарса эканини тушуниб етади.

Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам инфоқ-эҳсон қилишликка буюриб Адий ибн Хотим (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай мархамат қилганлар:

“Хурмонинг ярмини инфоқ-эҳсон қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар”.

Эҳсон қилинадиган кишилар ҳам фақир ва ночор бўлиши лозим. Қуйида Аллоҳ таолонинг Каломида хайру саховат ва уларни олувчилар ҳақида келтирилган оят ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хадислари билан танишамиз.

Қуръони каримда “фақирлик” ва “фақирлар” лафзи моддий маънода 13 марта такрорланган. Буларнинг баъзиси барчанинг Аллоҳ таолога фақир (муҳтож) эканини баён қилса, баъзилари шайтоннинг одамларга фақирликни ваъда қилишини баён қилади, бошқалари эса фақирларга молнинг маълум бўлагидан садақа беришга буюради. “Бойлик” ва “бойлар” лафзи 26 марта келган. Бундан 21 таси Аллоҳнинг беҳожат зот эканини таъкидласа, 5 таси инсонларнинг сифати маъносида ворид бўлган. “Мискин” лафзи кўплик ва бирлик сийғаларида 33 марта такрорланган. “Соил” (тиламчи) лафзи 4 марта келган ва унинг барчасида уларга садақа беришга буюрилган. Иқтисодий жиҳатдан “заифлар” лафзи 4 марта зикр қилинган ва унда заифлардан муайян мажбуриятларни соқит қилиш ва улардаги заифлик сабабларини бартараф этиш ҳақида гапирилган. Иқтисодий жиҳатдан “маҳрум” лафзи 2 марта келган ва иккисида ҳам бойларнинг молида уларнинг ҳам ҳақи борлиги таъкидланган.

Барча турдаги муҳтожларнинг насибаси бор бўлган “закот” лафзи 32 марта такрорланган. Гоҳида закот лафзининг маънодоши, гоҳида эса нафл садақанинг маънодоши сифатида келадиган “садақа” лафзи 16 марта келган, унинг ҳаммаси ҳам садақа беришликка ундаган ва буюрган. Муҳтожларга молиявий ёрдам кўрсатиш ўринларида келган “эҳсон” лафзи 63 марта зикр қилинган. “Аллоҳ йўлида инфоқ қилиш” жумласи 70 марта ворид бўлган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай баён қилади: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қасас сураси, 77-оят).

Ушбу оятдан ҳар бир нарсанинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ таоло экани ва У бизларни Ўзи белгилаб берган меъёрга мувофиқ иш юритишимизга буюргани маълум бўлади. Бу меъёр охиратда Аллоҳнинг розилигини топиш умидида бу дунёда унга итоат қилишдир. Ибодатларни тўла адо этиш, хайр садақа ва закот бериш шу итоатлар жумласидан. Аллоҳ таоло бойларга яхшилик тариқасида берган молдан муҳтожларга эҳсон қилишга буюриши эса ўша мол Аллоҳники эканини эслатишдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шу ҳақни фақир ва муҳтож бандаларига беришга буюради. Фақир ва мискинлар бойлардан садақаларни олишни ор деб билмаслиги учун муҳтожларнинг молдаги насибаларини уларнинг ҳақлари деб таъкидлайди. Негаки, улар Қуръон оятига биноан ўз ҳақларини худди шерикчилик орқали топилган даромаддаги ўз улушларини олгандек қабул қилиши лозим бўлади.

Исломда фақирлик муаммосини ҳал қилишда аввало, ўша фақирларни меҳнат қилишга, бирор бир касб-ҳунар билан шуғулланишга тарғиб қилиш, дангасаликдан қочишга чақириш орқали бартараф этилади. Чунки меҳнат қилиш бу асосий вазифа ҳисобланади. Бироқ, жамиятда меҳнатга ярамайдиган ёки муносиб иш топа олмаётган ёхуд иши бору, бироқ ундан оладиган даромади эҳтиёжини қоплашга етмайдиган ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга нисбатан ҳам Ислом дини ўзига хос тарзда раҳнамолик қилишга йўллайди.

Масалан, закот, яқин қариндошларга берилиши вожиб бўлган нафақа, нафл садақа, хайрия, вақф ишлари, назрлар, каффоратлар, қўшнилар ҳақи, меҳмондорчилик ҳақи, муҳожирлар ҳақи, етимларга ғамхўрлик қилиш, тиламчилар (соил) ҳақи, давлат томонидан ижтимоий таъминот учун ажратадиган ҳақлари шулар жумласидандир.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ён қўшниси оч ўтирганини била туриб қорни тўқ ётган киши мўмин эмас”, дедилар (Имом Ҳоким ривояти).

Ижтимоий ҳимоянинг шариат билан боғлиқлиги Исломнинг арконларидан бири бўлмиш закотда яққол намоён бўлади.

Аллоҳ таоло закот олишга ҳақли бўлган кишиларни Қуръони каримда бирма-бир баён қилган: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси, 60-оят).

Шунингдек, Ислом динида бетоб кишиларни зиёрат қилиш, таниган ва танимаганга салом бериш, ҳатто инсонни сўнгги йўлга кузатиш, яъни жанозасида иштирок этиш, унинг яқинларига таъзия билдириш борасида ҳам етарли кўрсатмалар берилган ва бу амаллар учун улуғ савоблар ваъда қилинган. Буларнинг барчаси инсонларнинг кўнглига хурсандлик киритадиган, ижтимоий алоқани яна ҳам мустаҳкамлайдиган исломий фазилат саналади.

Айни пайтда Ислом динида муҳтожга ёрдам қўлини чўзишдан қочиш, бундан бўйин товлаш қаттиқ қораланади. Қуйидаги ҳадисдан шу маънони англаш мумкин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Эй Одам боласи! Мен бетоб бўлдим, сен эса мени кўргани келмадинг!” Банда айтади: “Эй Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, мен сени қандай кўргани бораман?” У айтади: “Фалон бандам бемор бўлганини билиб туриб, уни кўргани бормадинг. Агар уни кўргани борганингда, ўша ерда мени топган бўлар эдинг”. Кейин яна айтади: “Эй Одам боласи! Сендан таом сўрадим, сен эса бермадинг”. У айтади: “Эй Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, мен сени қандай таомлантирай?” У дейди: “Фалон бандам сендан таом сўраганда сен бермадинг. Агар берганингда ўша савобни ҳозир шу ерда топган бўлар эдинг”. Яна дейдики, “Эй Одам боласи! Мен сендан сув сўрадим, сен бермадинг”. У айтади: “Эй Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, сенга қандай қилиб сув берай?” У дейди: “Фалон бандам сендан сув сўради, сен бермадинг. Агар берганингда ўша савобни мени ҳузуримдан топишингни билмасмидинг?” (Имом Муслим ривояти).

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки сизнинг ҳар қандай қилган хайру эҳсонингиз Аллоҳ таоло томонидан “махсус” мукофот ила қайтарилур! Зеро, Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар. (Бақара, 274)

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 4315 times

Мақолалар

Top