Мақолалар

Хавфли касалликлар сабабчиси...

Ривожланиш суръати ва техника мўъжизалари билан оламни ҳайратга солаётган японлар: “Биз аввало ёлғонни йўқотдик”, – дейишар экан. Чунки, улар ёлғоннинг жамият тараққиётига жиддий хавф туғдиришини англаб етган эди.

Ўтган асрнинг иккинчи ярмида япон олимлари ҳеч қандай ер ости ва ер усти табиий бойликларисиз фақатгина инсон “капитал”ига эга бўлган давлатни қандай қилиб шиддат билан ривожлантириш устида бош қотиради. Бир гуруҳ олимлар инсон қобилияти ва иқтидорини ривожлантирувчи омилларни шакллантириш устида бош қотиради ва шундай хулосага келади: “тараққиёт ва ривожланиш йўлидаги энг катта тўсиқ бу ЁЛҒОН ва унинг барча кўринишларидир”. Натижада, японлар аввало ёлғондан воз кечадилар ва тараққиёт сари энг улкан қадамни ташлайди.

Германиянинг нуфузли Халле-Виттенберг университет олимлари ўтказган тадқиқотлар натижасига кўра ёлғон фақатгина жамият ва ахлоққа тегишли салбий ҳолат бўлибгина қолмасдан инсон саломатлиги учун ҳам жиддий хавф туғдирар экан. Хўш қандай?

  • Энг аввало, киши ёлғон гапирган вақтда юз ва унинг пешона ва ёноқ қисмларидаги нерв томирлари беихтиёр қисқарар ва қизарар экан. Худди шу пайт ошқозонда ҳам қизариш юз беради. Муттасил ёлғон гапирувчи инсонларда кўз касалликлари, қон босими кўтарилиши ва ошқозон билан боғлиқ муаммолар кўп учрайди.
  • Кўп ёлғон ишлатадиган кишиларда марказий асаб системаси ва руҳий ҳолат мувозанати бузилиши оқибатида мунтазам бош оғриғи, невроз ва психик касалликларга мойиллик ортади.

2.Муттасил ёлғон гапирган одамнинг ошқозонида қизариш ва салбий ўзгаришлар рўй бериб ошқозон ости безида панкретик оқим бузилиши хавфи ортади.

3.Инсон ёлғон гапираётган вақтида юрак уруши оддий ҳолатдан кўра бир неча маротабага ортар экан. Бундан ташқари ёлғончиларнинг руҳиятидаги фош бўлишдан ҳадик ва қўрқув юрак қон томирлари қисқариши ва циркуляция бузилишига олиб келади.

Демак, юқоридаги фикрлардан келиб чиқсак ёлғончиларда қуйидаги касалликлар пайдо бўлиш хавфи кучли:

  • Ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак касалликлари ва яраси
  • Мигрен
  • Қандли диабет
  • Инфаркт
  • Инсулть
  • Невроз

Хўш, шунчалик инсон саломатлигига катта салбий тасир кўрсатувчи ёлғон ўзи нима? Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “ёлғон” сўзи – “ҳақиқатга зид, уйдирма, чин эмас, сохта, қалбаки” каби тушунчалар орқали изоҳланган. Туркийда “ўтрук”, форсчада “фириб”, арабчада “кизб” калималари ҳам айнан шу маънода бўлиб, луғат китобларида бу сўзларга “воқеъликдаги нарсанинг хилофини хабар бериш” дея таъриф ёзилган.

Ҳозирги кунда кўпчиликка яхши таниш “алдамчи, фирибгар, айёр, ҳийлагар, найрангбоз, товламачи, қаллоб” каби сўзларнинг ҳам “ҳақиқатга зидлик, воқеликнинг хилофини хабар бериш, борни йўқ, йўқни бор қилиб кўрсатиш” маънолари бор. Шунинг учун мазкур лафзлар нутқимизда “ёлғончи” деган сўзнинг маънодоши сифатида кенг қўлланади.

 

Ёлғон катта гуноҳлар жумласидан бўлиб, бу амални содир қилган киши динимизда қаттиқ қораланади. Дўзахга элтувчи бу гуноҳи кабиранинг даҳшатини жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай баён қиладилар: “Рост сўзда хатар кўрсангиз ҳам, рост сўзланг! Нажот рост сўздадир. Ёлғон сўзда нажот кўрсангиз ҳам, ёлғон гапирманг! Хатар ёлғон сўздадир”.  

 
Баъзилар суҳбатдошларини ўзига жалб қилиш учун ёлғон ишлатади. Улар ночор ва паст инсонлардир. Уламолар “ёлғон гапиргандан кўра тилсизлик яхшидир” дея таъкидлаб бу иллатнинг нақадар жирканч эканлигини таъкидлаганлар. Баъзилар душманидан ўч олиш мақсадида ёлғон гапиради. Ёлғонни душманига қарши қурол қилади. Бўлмаган қабиҳликларни тўқиб, душманига ёпиштиради. Шунинг учун динимизда кишининг душманига қарши гувоҳлиги рад қилинган.  


Ёлғончилик барча ёмонликларнинг манбаи, ҳамма разилликларнинг асли, оқибати бахтсизлик, самараси тубанлик бўлган гуноҳ. Ёлғондан туҳмат, туҳматдан нафрат, нафратдан душманлик келиб чиқади. Душманлик бор жойда тинчлик ва роҳат бўлмайди.         

Ёлғончилик шахс ва жамиятга мана шундай зиёнлар келтириши боис ҳам динимизда ҳаром қилинган. Сафвон ибн Сулайм бундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашди: 

  • Мўмин қўрқоқ бўладими?

Ул зот “ҳа” деб жавоб бердилар

  • Мўмин бахил бўладими?

Ул зот “ҳа” деб жавоб бердилар

  • Мўмин ёлғончи бўладими?

Ул зот “ЙЎҚ” деб инкор қилдилар.

Ёлғончиликнинг бу дунёдаги энг оғир оқибатларидан бири бу Аллоҳ таолонинг назаридан қолиш ва ҳидоятидан бенасиб бўлишдир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:   

“Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсаларни ҳидоят қилмас” (Зумар сураси, 3).

“Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи, ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмас” (Фофир сураси, 28).

Яъни, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсани ҳидоятига муваффақ қилмайди, ҳақ динга йўллаб қўймайди.

Энди “Наҳл” сурасининг  105 оятига эътибор берсак:

“Ёлғон сўзларни ҳам фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларгина тўқирлар. Ана ўшалар ёлғончидирлар” .

Мазкур оятда Аллоҳ таоло қандай кимсалар ёлғон гапиришини таъкидламоқда. Яъни, ёлғонни Аллоҳга ва оятларига иймон келтирмаган кимсагина тўқийди. Чунки у азобга дучор бўлишидан қўрқмайди. У ҳақиқий ёлғончидир. Ёлғон гапириш улкан жиноят бўлгани боис, мўмин унга яқинлашмайди.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ростгўйликни маҳкам тутинглар. Зеро, ростгўйлик эзгуликка йўллайди, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириш ва ростгўйликка интилишда давом этаверади, натижада Аллоҳ ҳузурида ростгўй деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик фожирликка (гуноҳкорликка), фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади”, дедилар” (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мунофиқнинг аломати учта: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, устидан чиқмайди, омонат қўйилса, хиёнат қилади” (Муттафақун алайҳ).

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Одамларни кулдириш учун ёлғон гапирадиган кимсага вайл бўлсин, вайл бўлсин, вайл бўлсин” (Абу Довуд, Термизий ривояти).

Ҳадиси шарифлардан бирида: “Мўминнинг табиатида хиёнаткорлик ва ёлғончиликдан ташқари ҳар қандай хислатга мойиллик бўлиши мумкин”, дейилган (Баззор, Абу Яъло ривояти).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтган эканлар: “Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишдан тўхтамайди, ниҳоят унинг қалбида қора доғ пайдо бўлади. Бориб-бориб қалби батамом қораяди ва Аллоҳ наздида ёлғончилардан деб ёзилади”.

Ёлғон қасам ичиш эса ёлғон гапиришдан ҳам ёмонроқдир.

Аллоҳ таоло ёлғон қасам ичувчи мунофиқлар ҳақида хабар бериб Ўз каломида бундай дейди:

“Яна улар (ўзларининг мунофиқ эканликларини) билиб турган ҳолларида (“бизлар мусулмонлармиз” деб) ёлғон қасам ҳам ичурлар” (Мужодала сураси, 14).

Мақолани интернет ва тиббиёт манбалари асосида

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 3516 times

Мақолалар

Top