Мақолалар

14 асрдан буён ўзгармаган жасад

Ҳамза розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари, эмикдош инилари, Қурайш қабиласининг паҳлавонларидан бири бўлиб, лақаблари “Шаҳидлар саййиди”, “Аллоҳнинг ва Расулининг арслони”дир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганинининг иккинчи йили Исломга кирганлар. Исломга кирганларидан кейин душманлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусмулмонларга озор етказишни камайтирганлар.

У зот ҳам Мадинага ҳижрат қилганлар, Бадрда қатнашганлар ва Уҳудда Ваҳший ибн Ҳарб томонидан шаҳид этилганлар. Ваҳший у кишининг бурун ва қулоқларини кесган. Баъзи ривоятларда Ҳинд бинт Утба қоринларини ёрдириб, жигарларини олиб, чайнашга уринган, аммо чайнай олмай, ташлаб юборган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг бу аҳволини кўриб маҳзун бўлганлар.  

Бир неча йиллар олдин Уҳуд тоғи этагидаги шаҳидлар қабристонига сел келиб, баъзи қабрларни ювиб кетади. Ана шу қабрлар ичида Ҳамза розияллоҳу анҳунинг ҳам қабрлари бор эди. Ҳукуматнинг келишуви ва маслаҳати билан шаҳидларнинг жасадлари бошқа жойга кўчиришга қарор қилинади. Бу ишни амалга ошириш чоғида кўплаб уламолар таклиф этилади.

Ҳамза розияллоҳу анҳунинг маборак жасадларини кўчиришда қатнашган уламолардан бири Шайх Маҳмуд Саввоф бўлиб, у киши Ҳамза розияллоҳу анҳунинг жасадлари 1400 йилдан бери бус-бутун ҳолда турганини, ҳатто қўлларини қимирлатилганда, ундан қон сизиб чиққанини айтиб берганлар. Субҳаналлоҳ.

Доктор Ториқ Сувайдан ўзининг “Ниҳоя қиссаси” номли силсила кўрсатувларида баъзи уламоларнинг Уҳудда шаҳид бўлган саҳобалардан бир нечаларининг жасадларини қайтадан дафн этишда иштирок этишганини, орадан 1400 йил муддат ўтгандан кейин саҳобаи киромларнинг жасадлари қандай ҳолатда эканини, мазкур жасадлар ўшандан бери ўзгармай, чиримай, бузилмай турганини  Шайх Маҳмуд Саввофдан тўғридан тўғри ҳикоя қилган.

Ториқ Сувайдан шундай дейди: “Бизга Шайх Маҳмуд Саввоф раҳимаҳуллоҳнинг айтиб беришича, Уҳудда шаҳид бўлган саҳобаларнинг қабрларини кўчириш ва уларни қайтадан дафн этиш мақсадида чақирилган уламолар орасида у киши ҳам бор бўлиб, айнан Ҳамза розияллоҳу анҳуни дафн этганлардан бири бўлган эканлар. Айтишларича, Ҳамза розияллоҳу анҳунинг жасадлари катта, бурунлари, икки қулоқлари кесилган ва қоринлари ёрилган, қўллари қорин устига қўйилган ҳолда эканлар.

Шайх Маҳмуд Саввоф сўзларини шундай давом эттирганлар: “Биз у зотнинг жасадларини ва қўлларини қимирлатганимизда, қон оқиб чиқди. У кишини бошқа шаҳидлар билан бирга дафн этдик”.

Доктор Ториқ Сувайдан юқоридаги гапларга шундай қўшимча қилади: “Бу собит, аниқ ва кўз билан кўрилган ишдир. Шайхнинг айтишича, Ҳамза розияллоҳу анҳунинг баданларидан қон оққанда, мискнинг хушбўй ифори таралган экан”.  

 

Интернет маълумотларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 4214 times

Мақолалар

Top