Мақолалар

Бош омон бўлиб ёш узайишига сабаб бўладиган амал

Аллоҳ таоло ўзининг каломида айтади:

“Ахир, Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб пайдо қилмадикми?”.

Балад сураси 8-9-оятлар

Имоми Аҳмаддан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Банданинг қалби тўғри бўлмагунича иймони тўғри бўлмайди, тили тўғри бўлмагунича қалби тўғри бўлмайди” дедилар.

Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мўмин одам тана қилувчи, лаънатловчи, фаҳш гапларни гапирувчи тили бемаза бўлмайди” дедилар.

Тил – инсоннинг жисман кичик, аммо масъулият ва вазифа жиҳатидан энг эътиборга молик аъзосидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) айтадилар: “Тилдан кўра бошқа бирон нарса тутқунликда ушлаб туришга ҳақли эмас. Унинг мисоли йиртқич ҳайвонга ўхшайди, маҳкам тутмасанг, ўзингга душманлик қилади”.

Носир Хисрав айтадилар:

Одам тилидадир балонинг бари,

Тилда ҳар кимсанинг фойда-зарари.

Сўфи Оллоҳёр айтадилар:

Ёмон тил икки дунё зарардир,

Гоҳи исён, гоҳи хавфу-хатардир.

Ёмон тил шумлиги жонга ургай,

Гоҳи жондан ўтиб иймонга ургай.

Инсонни иймондаан ажраб қолишига ҳам тилни ёмонлиги сабаб бўлади.

Анвар Ҳожиаҳмад айтадилар:

Сўз борки бошларга бало келтирар,

Сўз борки дардларга даво келтирар.

Сўзингни ўйламай гапирма ҳеч,

Ёмон сўз охири жазо келтирар.

Қатода (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг замони саодатларида бир киши - Аллоҳим, агар мени охиратда азобламоқчи бўлсанг, азобни шу дунёда бергин деб дуо қилар эди. Ўша одам бемор бўлиб патлари юлинган қушдай ночор бўлиб қолди. Бунинг хабари Расулуллоҳ (с.а.в.)га берилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) кўргани бордилар, бемор бошини кўтарди, мажолсиз ва ҳаракатсиз эди. Шунда саҳобалар эй Аллоҳнинг расули бу одам мана шундай дуо қилади деб беморни қиладиган дуосини айтишди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Эй, одам боласи албатта сен Аллоҳ таолонинг азобларига тоқат қила олмайсан, эй Аллоҳим, бизларга дунёда яхшиликларни бергин, охиратда яхшиликларни бергин, дўзах азобидан асрагин!” деган дуони ўргатдилар. Бемор шу дуони ўқиб тузалиб шифо топган экан.

Ҳадисда зикр қилинган кишининг бемор бўлиб ётиб қолишига ҳам шифо топишига ҳам ўзининг сўзи сабаб бўлди.

Луқмони ҳакимдан сўрашган экан беморга нима нарса едирайлик деб, аччиқ сўздан бошқа ҳамма нарса едираверинглар деб жавоб берибдилар.

Ҳозирги пайтда кўпинча гапирганда сўкиниб, фаҳш гапларни гапирадиган, лаънат сўзини кўп ишлатадиган, мўмин одамни кофир дейдиганларнинг гувоҳи бўламиз.

Расулуллоҳ (с.а.в.): “Фаҳш гапларни гапирувчиларга жаннат ҳаром” дедилар.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: “Бир кишининг ридосини шамол тортиб кетди, у одам шамолни лаънатлади. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Шамолни лаънатламагин, чунки у буюрилган. Кимки лаънатга сазовор бўлмаган нарсани лаънатласа, ўнинг ўзига қайтади” дедилар.

Ибн Нажм (р.а.): “Бир кишини кофир дейишга тўқсон тўққизта далил бор, мўмин дейишга битта далил бор, шундай пайтда тўқсон тўққиз далил тарк қилиниб, бир далил олиниб кофир дейилмайди” дедилар.

        

Юсуф Хос Хожиб айтадилар:

Киши сўз туфайли бўлади малик,

Ортиқ сўз қилади бу бошни эгик.

Тилингни авайла омондир бошинг,

Сўзингни авайла узаяр ёшинг.

 

 

 

Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани

“Обидхон Махдум” масжиди имом-хатиби

Атамуродов Абдужалил

Read 3381 times

Мақолалар

Top