Мақолалар

Аҳлингизга ҳам вақт ажратинг!

Ҳар куни ишга, ўқишга борамиз. Орамизда уйланганлар бор. Баъзилар ота-онаси билан, баъзилар эса алоҳида яшайди. Кечгача ишда бўламиз, аёлимиз уй ишлари, фарзанд тарбияси билан банд бўлади. Кечқурун уйга борганимизда, бизни кутиб олади, овқат тайёрлайди.

Таом тановул қилганимиздан сўнг ё телевизор кўрамиз ёки телефонимизни қўлимизга оламиз. Бизни кечгача кутган, куни билан чарчаб, юраги тўлиб кетган жуфтимиз биз билан суҳбатлашгиси, ичидаги гапларини айтиб, енгиллагиси келади. Аммо бу пайтда бизнинг кўзимиз телефон эрканида бўлади. Тасаввур қилинг, шу пайтда у ўзини қандай ҳис қилади?

Кечгача кутган одами унга меҳр кўрсатиш, аҳволини сўраш ва у билан суҳбатлашиш ўрнига яна телефонига термулса-я. Ахир у шу хонадонга сизни деб келган, сизга турмушга чиққан. Сиз эса унга суянч бўлиб, дарду ҳасратларини эшитиб, дардкаш, сирдош, елкадош бўлиш ўрнига телефондан бош кўтармасангиз, унинг қалби парчаланмайдими, кўнгли ўксимайдими?! Сизнинг бундай муомалангиздан у ўзини кераксиз, ташландиқ инсон деб ҳис қилмайдими?! Афсуски, бундай ҳол ҳозирги кунда кўплаб оилаларда кузатилади. Оилаларнинг бузилишига ҳам шу каби ишлар сабаб бўлмоқда.

Аллоҳ таоло бизга аёлларни омонат қилиб берган. Динимиз уларга яхши муносабатда бўлишга буюрган. Шундай экан, уйга борганимизда, телефонимизни токчага қўяйликда, эътиборимизни аёлимизга қаратайлик, унинг қалбига қулоқ тутиб, ширин сўзларимизни дариғ тутмайлик. Ишонинг, сиз билан суҳбат қилиб, дардларини тўкиб-солгандан кейин сизга бўлган меҳр-муҳаббати, ишончи, садоқати янада ортади. Ўзини эътиборли, аҳамиятли инсон деб ҳис қилиб, сизнинг олдингизда қадрли инсон эканини англайди.  

Азиз эркаклар, аёлларимизга эътиборли бўлайлик! Уларга чиройли муомала қилиб, уйга борганда кўпроқ эътиборни телефонга эмас, уларга қаратайлик!

Нозимжон Иминжонов     

Read 2651 times

Мақолалар

Top