Мақолалар

Ғийбатнинг сабаби – хусумат

Бировга нисбатан  қалбида адовати бўлган одам ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам уни ғийбат қилишига уринади. Чунки инсон қалбига шайтон васваса солиб фасод пайдо қилади.

Одамлар арзимас сабаблар билан бир-биридан нафратланади. Учрашганда ниҳоятда хушмуомалалик билан гаплашсалар ҳам, орқасидан шикоят қиладилар. Зоҳирда муҳаббатларини изҳор қиладилар, лекин ботинда душманлик йўлини тутадилар. Зоҳирда ўзини дўст кўрсатиб, меҳрибонлик қиладилар, аммо ботинда чаён каби чақишга пайт пойлайдилар. Бундай дўстлар муҳаббатга лойиқ эмас, балки улар Аллоҳ лаънатига учрайдиган кишилардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Инсонлар илм ўрганиб, унга амал қилишни тарк этсалар, тиллари билан бир-бирларига дўст бўлиб, қалблари билан эса бир-бирларига нафрат қилсалар ҳамда қариндошликларни узсалар, Аллоҳ уларни лаънатлаб, қулоқларини кар, кўзларини кўр қилиб қўяди”.

Кўпчилик одамлар мусулмонларга, хусусан, ўз қариндоwларга адоват ва душманчилик қиладилар. Ҳатто улар бемор бўлсалар ҳам ҳолларидан хабар олмайдилар. Шунинг учун адоват ҳақида гапиришни ўрни бўлмаса ҳам, ушбу сўзларни ёзмоқдаман. Чунки одатда адоват ва нафрат ғийбат қилишга сабаб бўлади. Бинобарин, ғийбатнинг сабаблари айтилганда адоват ва душманлик ҳақида ҳам айтиб ўтиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Мен шундай кишилардан бирига: "Нима учун фалончи қариндошингиздан нафратланасиз? У билан гаплашмайсиз, ҳатто у бемор бўлганида кўргани бормайсиз", дедим. У киши: "Чунки мен ундан жуда кўп азият чекканман, қалбим ундан қаттиқ ранжиган", дея жавоб берди. Мен унга: "Сиз нафсингизга тобемисиз ёки нафсингиз сизга тобеми? Одамлар сизга озор берганида шу гапни хаёлингизга келтиринг ва уларга душманлик ҳамда нафрат қилишни қўйинг", дедим ва қуйидаги ҳикояни  айтиб бердим. Бир зоҳид киши айтади: "Тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб, у зотдан: "Эй Аллоҳнинг Расули! Мен одамлардан алоҳида яшайми ёки уларга аралашиб юрайми?" дея сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Одамлар билан бирга яшаб, улардан етадиган  озорларига сабр қилишинг сен учун яхшироқдир", деб жавоб бердилар. Шундан кейин ҳалиги одам қилган ишидан пушймон бўлиб дарҳол яқинларининг олдига узр сўрагани кетдилар.

Умаржон МУҲАММАДИЕВ,

Шайхонтоҳур туманидаги "Фотимаи Заҳро" жоме масжиди имом ноиби

 

Read 3443 times

Мақолалар

Top