Мақолалар

Меҳнат ва касб-ҳунар фазилати

Ислом дини ўзининг илоҳий таълимотлари орқали бу дунёда тинч-омон, фаровон ҳаёт кечиришга, охиратда саодат аҳлидан бўлишга чорлайди. Оила, фарзанд жамиятнинг асосий бўлаги ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Ислом шариати уларнинг ҳар томонлама етук ва баркамол тарбия топишлари, ёшликдан бошлаб илму-фан, касбу-ҳунар малакаларини эгаллашлари борасидаги тегишли кўрсатмаларни ота-оналар, мураббийлар ва устозларга тавсия қилади. Аллоҳ таоло барча жонзотлар ичида ўзининг ақл, фаросат ва фаҳми-идроки билан мумтоз бўлган инсонга тириклик ҳаётида ҳуррият ва фаровонликда яшаши учун унга меҳнат қилиш, ҳалол ризқ билан умр ўтказишдек  тўғри йўлни кўрсатиб қўйди. Албатта, Аллоҳ таолонинг фазли-карамига эришмоқчи бўлган инсон меҳнат қилиши, ҳалол касб-ҳунар билан машғул бўлиши лозим. Бу эса унга нажот ва бахт келтиради,  Унинг розилигини топишга васила бўлади. Чунки, инсон ҳаёти учун зарур бўлган уй-жой, улов, озиқ-овқат ва уй-рўзғор анжомлари, кийим-кечакка  эҳтиёж сезади. Буларнинг барчаси касб-ҳунар ва меҳнат қилиш орқали ҳосил бўлади. Жумладан, Аллоҳ таоло Жумъа сурасининг 10-оятида: яъни: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз”, марҳамат қилган. Демак, Аллоҳ таолонинг фазли-карамига эришмоқчи бўлган инсон меҳнат қилиши, ҳалол касб-ҳунар билан машғул бўлиши керак. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларидан бирида: яъни, “Аллоҳ таоло ҳунарманд бандани яхши кўради”,-деб марҳамат қилганлар. Бу эса унга нажот ва бахт келтиради ва Аллоҳ розилигини топишга васила бўлади. Оддий, ҳалол касб қилиш ҳақида Имом Термизий ривоят қилган ва чиройли ҳадис деб таърифлаган Расулуллоҳ (сав)нинг қуйидаги таълимлари билан танишиб, керакли хулоса чиқарайлик:

Расулуллоҳ (сав) ҳузурларига бир киши тиланчилик қилиб келди. Расулуллоҳ (сав) ундан сўрадилар: “Уйингда бирон нарсанг борми?”. У жавоб берди: “Ҳа, бор. Баъзисини остимизга солиб, баъзисини кечаси устимизга ёпадиган бисот ва сув ичадиган бир идишимиз бор”. Расулуллоҳ (сав) дедилар: “Икковини келтир!”. У киши айтган нарсасини олиб келди. Расулуллоҳ (сав) у олиб келган нарсаларни қўлларига олдилар ва айтдилар: “Буларни ким сотиб олади?”. Саҳобалардан бири: “Мен уларни бир дирҳамга оламан”, деди. Расулуллоҳ (сав) бир неча бор: “Ким бунинг устига зиёда қилади”, дедилар. Бошқа бир саҳоба: “Мен уларни икки дирҳамга оламан”, деди. Расулуллоҳ (сав) икки нарсани саҳобага бердилар ва ундан икки дирҳамни олиб ансорийга бериб, дедилар: “Бир дирҳамга таом сотиб олиб, аҳлу-аёлинга олиб бор ва қолган бир дирҳамга болта сотиб ол-да, менга олиб кел, деб амр қилдилар”. У одам Расулуллоҳ (сав) амрларини бажариб, ҳузурларига болта сотиб олиб келди. Расулуллоҳ (сав) муборак қўллари билан унга соп ясадилар ва болтани унинг қўлига бердилар-да: “Энди бориб, ўтин йиғиб, уни сот, ўн беш кун сени кўрмайин”, дедилар. Ансорий шу кунлар ичида ўтин йиғиб, уни сотиб, ўн беш дирҳамга эга бўлди ва Расулуллоҳ (сав) ҳузурларига келди. Шунда Расул Акрам (сав) дедилар: “Бу маблағнинг бир қисмига таом харид қил, бир қисмига кийим-кечак сотиб ол!”. Сўнгра: “Бундай қилишинг сенга ярашади. Тиланчилик қилишинг қиёмат куни юзингда доғ бўлади”, деб айтдилар. Жаноб Расул Акрам (сав) бу ва бошқа ҳадисларида одамларни касб-ҳунар қилишга ва шу орқали ризқ топишга чорламоқдалар. Муҳаммад ибн Ҳасан айтади: “Илмни талаб қилиш фарз бўлганидек касб-ҳунарни талаб қилиш ва уни эгаллаш фарздир”. Ўтган барча пайғамбарлар бирон касб-ҳунар билан машғул бўлиб, ҳаёт кечирганлар. Одам (а.с.) буғдой сепганлар ва уни ўриб, дон қилиб, тегирмондан ўтказиб, хамир қилиб, нон ясаганлар. Нуҳ (а.с.) дурадгор-уста бўлганлар. Иброҳим (а.с.) баззозлик қилганлар Довуд (а.с.) совут, Сулаймон (а.с.) чўпдан ўлчов ва тарози ясаганлар, Закариё (а.с.) нажжорлик қилган. Пайғамбаримиз (а.с.) чўпонлик ва савдогарлик қилганлар. Барчалари ўзлари қилган касбларидан ризқланиб ҳалол-пок ҳаёт кечирганлар.

Аллоҳ таоло инсонларни ҳалол касб-ҳунар билан кун кечиришга ва шу йўл билан топилган энг яхши нарсалардан эҳсон (яхшилик, садақа) қилишга буюради: яъни: “Эй, имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (эҳсон қилишга) танламангиз! Шунингдек, билингизки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқ зотдир”. Машҳур муфассир Имом Бағавий бундай дейди: “Бу оятнинг маъноси, касб-ҳунар билан топилган нарсаларнинг энг яхшисидан нафақа-эҳсон қилинглар”. Абдуллоҳ ибни Масъуд ва Мужоҳид (рз.)лар айтади: “Тижорат ва саноат йўли билан касб этилган ҳалол нарсалардан садақа қилинглар”. Бу ояти карима яна касб-ҳунар қилиш мубоҳ, яъни мумкинлиги, улар яхши ва ёмонга бўлинишига далолат қилади. Касб-ҳунар эгаллаш ва шу асосда ҳаёт кечириш ҳақида Ислом оламида биринчи бўлиб Имом Аъзам (рҳ.)нинг шогирдлари Имом Муҳаммад (рҳ.) “Китоб ал-иктисоб” (яъни, “Касб-ҳунар”) асарини ёзиб, касб-ҳунарни эгаллаш борасидаги Ислом таълимоти назарияси асосларини мукаммал равишда баён қилиб берди. Хулласи калом, Аллоҳ таборака ва таоло бандаларига ҳалол ризқ-рўзий сабабларини эгаллашга, уни эгаллаш учун саъю-ҳаракат қилишга амр этмоқда. Ризқни берувчи – Аллоҳнинг ягона ўзидир. Инсон қалбида Аллоҳ таолога таваккул қилмоғи, қўл-оёғи, фаҳму-идрокини ишга солиб яшаш воситаларига эга бўлмоғи лозим. Инсон Аллоҳнинг иноятида бўлади ва ундан ҳалол ризқ беришини ва ризқ-рўзий топишининг осон қилишини сўрайди. Аллоҳ барча нарсага қодир зот.

Мамлакатимиз ўзининг мустақиллигига эришган дастлабки вақтларданоқ таълим-тарбия тизимида ёшларга касб-ҳунар ўргатиш йўлларини янада такомиллаштириш ва уларнинг моддий ва маънавий асосларини вужудга келтириш соҳаларида катта ишлар амалга оширилди. Барча вилоят ва шаҳарларда касб-ҳунар ўргатадиган таълим даргоҳлари   очилди, уларда диёримизнинг минглаб ўғил ва қизлари меҳнат, касб-ҳунар малакаларини изчил ўргандилар ва шу бўйича илмларини яна ҳам давом эттирмоқдалар. Сўнги икки йил ичида касб-ҳунарга доир илм-малака берувчи ўқув муассасаларини тамомлаган фарзандларимизнинг мутахассислиги бўйича иш билан таъминланиши мутасаддилар доимий диққати марказида турган масалалардан ҳисобланилади ва Муҳтарам Юртбошимиз бунга алоҳида эътибор қаратяпти. Янгидан бир қанча завод фабрикаларни ишга тушириб, аҳолининг айниқса шундай салоҳиятли, касб-ҳунарли ёшларимизга бўш иш ўринларини яратиб аҳолининг бандлигини таъминлашга, юртимиз халқи фаровон, яхши яшашлиги учун, мамлакатимиз тараққий топиши учун қанчадан-қанча хайирли ишлар амалга оширилмоқда. Бундай шиддат билан ривожланиб бораётган жамиятимизни, барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кўриб барчамиз келажакка ишонч билан қараш, жамиятимизнинг  турли соҳаларида ишлаётган олийжаноб ва меҳнаткаш халқимиз,  ҳалол меҳнат қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз ва бу улуғ савоб иш эканини асло унутмаслигимиз керак.. Аллоҳ таоло бу фаолиятларимизда Ўзи ёру мададкор бўлсин! Омин!

 

Тахиатош тумани “Муҳаммад Мурод эшон” жомеъ

масжиди имом-хатиби

Жумамуратов Якуб

Read 4631 times

Мақолалар

Top