Мақолалар

Бегона аёл билан ёлғиз қолиш хатарлидир!

Нега Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакларни бегона аёллар билан холи қолишдан қайтарганлар? Бунинг ҳикмати нима?

Британия қироллик жамияти аъзоси, Лондон Коллеж университетининг фахрий профессори, биолог олим Тим Ҳант 2001 йилда “Ҳужайранинг бўлиниш услуби” мавзусида халқаро Нобель мукофотига сазовор бўлган. У илмий конференцияда аёллар ҳақидаги баёнотлар билан чиқиш қилгач, мансабидан четлаштирилди.

Олим ушбу баёнотида “Имтиҳонларда аёл ва эркакнинг бир хонада бўлиши хатодир. Эркак ва аёлнинг орасини ажратиб, уларни алоҳида-алоҳида хонага ўтқизиш керак. Чунки, эркакнинг ёнида аёлнинг бор бўлиши имтиҳон пайтида эркак зеҳнини чалғитади” деган эди.

Профессор Тим ҳақиқатни гапирган эди, лекин атрофидагилар, жумладан, университет жамоаси унинг гапларини қабул қилмадилар ва унга қаттиқ ҳужум уюштирдилар. Бу эса Тимнинг университетдан кетишига олиб келди.

www.telegraph.co.uk сайтида нашр қилинган “Гўзал аёллар эркак саломатлиги учун хатарлидир” сарлавҳали мақоласида “Сенинг бегона аёл билан беш дақиқа ўтиришинг танангда махсус гармон (кортизол) миқдори ошишига кифоя қилади” деган хулоса берилган.

Валенсия университети олимларининг таъкидлашича, жозибали аёл билан холи қолиш эркак танасида кортизол (Cortisol) гармонининг ошиб кетишига сабаб бўлар экан. Бу гармон тананинг стресс ҳолатига жавобгардир.

Устида тадқиқот олиб борилган бир неча шахслар аёлларга қарамасликка уринишган, баъзилари умуман аёлларга қарамай, уларни хаёлида ўйлаган. Аммо буларнинг барчаси кортизолнинг кўп миқдорда ишлаб чиқарилишини пасайтирмаган.

Кортизол гармони, агар паст даражада ишлаб чиқарилса, тана учун жуда ҳам керакли ва фойдалидир. Аммо унинг миқдори ошса ва бу жараён бир неча бор такрорланса, охир-оқибат эркакда юрак билан боғлиқ касалликлар, қон босимининг ошиши, қандли диабет, жинсий ожизлик (импотенция) ва бошқа хатарли хасталиклар келиб чиқишига олиб келади.

Олимларнинг айтишича, бу гармон эркак киши фақат бегона аёл билан ёлғиз қолгандагина кўпаяр экан. Аёлнинг жозибаси ошгани сари эркак танасидаги кортизол миқдори ҳам ошиб борар экан.

Аммо эркак ўз онаси, синглиси, қизи билан ёлғиз ўтирса, бу ҳол кузатилмас экан.  

Бошқа тадқиқотларнинг хулосасида эса ушбу гаплар ҳам айтилган:

“Аёлларга қараш ва улар ҳақида ўйлаш кўп такрорланса, вақт ўтиши билан эркак танасида турли сурункали касалликлар ва депрессия каби руҳий изтироблар хуруж қилади”.

Барчамиз энди мана бу ҳадиси шарифга эътибор берайлик:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эркак (бегона) аёл билан ҳаргиз холи қолмасин!” дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

Бу ҳадис эркак кишининг бегона аёл билан ёлғиз қолишини ҳаром қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу кўрсатмалари орқали бизни ижтимоий, руҳий ва жинсий касалликлардан узоқлашишга чорлаяптилар.

Мўмин одам аёлларга назар солишдан ва улар билан холи қолишдан тийилса, бу ҳол жамиятда фаҳшу зинолар ёйилишининг олдини олади. Шунингдек, жамият аъзоларини вабо, сўзак, заҳм, оитс, стресс ва депрессия каби касалликлардан ҳимоя қилади.

Ҳа, азизлар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига амал қилиш инсоннинг икки дунё саодатига эришишига сабаб бўлади.    

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси  

 

Read 6168 times

Мақолалар

Top