Мақолалар

Отанинг ўғлига насиҳатлари
  • Спиртли ичимликлар ичишдан ва тамаки чекишдан йироқ бўл!
  • Уйланмоқчи бўлсанг, солиҳа қизни танла. Чунки бахтли ёки изтиробли ҳаёт кечиришингда рафиқангнинг ҳиссаси катта.
  • Хонадонинг учун жиҳозлар сотиб олмоқчи бўлсанг, уч жиҳатга эътибор бер: У ростдан ҳам керакми? У сифатлими? У оила бюджетига жиддий таъсир кўрсатмайдими?
  • Унутма, ҳеч қандай юмуш оиланг ва фарзандларингга меҳр беришдан устун бўлолмайди.
  • Дўстларингдан ишлатиб туришга нимадир олсанг, албатта, уни гўзал ҳолатда қайтаргин!
  • Турли замонавий алоқа воситалари вақтингни, соғлигингни, ақлингни, маблағингни ҳамда яқинларингга ғамхўрлик ҳиссини тортиб олишига йўл қўйма! Чунки улар сенинг узоғингни яқин, оғирингни енгил қилиш учун ишлаб чиқарилган.
  • Инсонларни ўз хизматингга ёлласанг, хизматига яраша ҳаққини ўз вақтида бер.
  • Ҳеч қачон ўзингдан бой ёки сенга нисбатан ночорлардан моддий масалаларда маслаҳат сўрама.
  • Одамларнинг маоши ва қанча пул топишининг сен учун фойдаси йўқ.
  • Ҳар доим ўзинг севган ишни касб қил. Ҳам бахтли бўласан, ҳам яхши даромад топасан, ҳам ишинг сифатли бўлади.
  • Кўп ҳам хотирангга таянаверма. Чунки хотира йўқолиш хусусиятига эга. Билганларингни қоғозга тушир.
  • Фарзандларингга тарбия беришда мўътадил бўл. Қаттиққўлликда ҳам, эркалашда ҳам чегарадан чиқма.
  • Яқинларингнинг муваффақиятини эътироф этишда бахиллик қилма.
  • Инсонлар билан муомала қилишда ахлоқингни йўқотма. Акс ҳолда ҳурматингни ҳам, ҳуқуқингни ҳам йўқотасан.
  • Шахсий маълумотларингни ҳаммага ошкор қилма.
  • Дўстинг ҳақида ижобий фикр, мақтов эшитсанг, буни унинг ўзинг ҳам етказиб қўй.
  • Уйқуга ҳам эътиборли бўл. Ухлаш вақтида дам олиб, танангни эртанги муҳим ишлар учун тайёрла.
  • Уйланмоқчи бўлсанг, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ўзингга тенг бўлган қизга уйлан.
  • Уйингга келган меҳмонни иззат-икром қил.
  • Ҳамма одам ҳақни гапиролмай, қўрқувда турган бўлса, сен ҳақни айтиб, тўғри фикрни баён қил.
  • Табиий инсон бўлгин, мунофиқликдан, иккиюзламачиликдан, сунъийликдан узоқ бўл.
  • Арзимас ишларда тортишиб, вақтингни, асабингни исроф қилма.
  • Қаерда бўлсанг ҳам одамларга яхшилик қилиб, яхши ном қолдиришга ҳаракат қил.
  • Доим ҳалолликка интил. Ҳаромга асло қўл урма.
  • Илм аҳлини, устозларни эҳтиром қилиб, уларнинг илмларидан манфаат олишга ҳаракат қил!
  • Ота-онанг, ака-укаларинг, опа-сингилларинг, яқин қариндошларинг билан алоқани гўзал даражада йўлга қўй.
  • Энг муҳими – НАМОЗингни вақтида адо эт!

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

 

 

Read 3054 times

Мақолалар

Top