Мақолалар

Қариндошлик ришталарини узманг

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг қариндошларим бор. Мен уларга силаи раҳм (оқибат) қиламан, улар эса мендан алоқаларини кесадилар. Мен уларга яхшилик қиламан, улар эса менга ёмонлик қилишади. Мен уларни кечириб юбораман, улар эса мени ҳақорат қилишади», деди.

«Агар ҳолат сен айтгандек бўлса, уларга қизиган кулни едиргандек бўласан. Ўз ҳолингда бардавом бўлсанг, уларнинг зиддига сен билан Аллоҳдан бир ёрдамчи доим бирга бўлади», дедилар».

Бу ҳадисда қариндошлар ёмонлик қилса ҳам, уларга яхшилик қилишни давом эттиравериш кераклигига урғу берилмоқда. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бирига – қариндошларининг ёмонликларидан шикоят қилиб келган кишига тасалли бериб, уларга яхшилик қилишда бардавом бўлишга чорламоқдалар. Агар у мазкур хайрли ишида бардавом бўлса, унга осонлик яратилишини ваъда қилмоқдалар.

«Аллоҳ таоло сенга доимий бир ёрдамчи туширади, яъни фаришталарни сенга суянчиқ қилиб қўяди. Агар сен шу ишингда давом этсанг, яъни қариндошларинг яхшилик қилмаса ҳам, сен уларга яхшилик қилиб турсанг, улар ҳақорат қилса ҳам, сен уларни кечириб турсанг, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сенга бир ёрдамчини бериб қўяди. Қилаётган яхшиликларинг туфайли у доим сенинг ёнингда бўлади», демоқдалар.

 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳм Аллоҳнинг исмидан олинган. Ким уни боғласа, Аллоҳ ҳам уни боғлайди. Ким уни узса, Аллоҳ ҳам уни узади», дедилар».

Ушбу ривоятлар қариндошлик алоқалари мўмин-мусулмон одам учун қанчалар аҳамиятли эканини равшан кўрсатиб турибди. Қариндошлик алоқалари Аллоҳ таолонинг Роҳман сифати ила чамбарчас боғлиқ эканини тасдиқлаб турибди. Шундай экан, сиз билан биз қариндошлик алоқаларига алоҳида эътибор ила қарайлик, уларни доимо аъло ва гўзал даражада тутайлик.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги ахборот хизмати.

Read 3249 times

Мақолалар

Top