Мақолалар

Ҳурмати Каъбатуллоҳдан ҳам юқори бўлган нарса нима?

Аллоҳ таъало Каломи шарифида марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, (Биз) одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик, ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан афзал қилиб қўйдик”. Исро сураси 70-оят.

Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) Каъбапўшга осилиб, ушбу байтнинг ҳурмати гуноҳларимни мағфират қилишингни сўрайман деб дуо қилаётган кишини эшитиб, шунда Эй Аллоҳнинг бандаси ўзингни ҳурматингдан сўрагин, албатта, мўминнинг ҳурмати Аллоҳнинг наздида бу байтнинг ҳурматидан улуғ дедилар”.

Ғиёсиддин кичкина Алишер Навоийга: “Эй ўғлим, Иброҳим (а.с.) Каъбани бино қилиб, мағрурланиб қараб турганларида, ғоибдан бир яланғочники кийинтирдингми?, бир очники қорнини тўйдирдингми? бунча мағрурланасан деган овоз келибди дедилар.

Абдураҳмон Жомий айтадилар:

Каъбанинг бунёдкори Иброҳим (а.с.)дир.

 Кўнгил каъбасининг яратувчиси Аллоҳ таъолодир.

Алишер Навоий айтадилар:

Кимки бир кўнгли бузуқни хотирин шод айлагай,

Онча борким Каъба вайрон бўлса обод айлагай.

Кўнгли ярим, дилхаста, хожатмандни ҳурсанд қилиш, агарчи Каъба вайрон  бўлган бўлса, уни обод қилгандан яхшироқ савобдир.

Бир мўминни дилини оғритиш, кўнглини қолдириш, обрўсини тўкиш, Каъбани вайрон қилгандан ҳам каттарок гуноҳдир.

Абу Саид Худрий (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) Қайси бир мўмин оч биродарига таом едирса, Аллоҳ таъоло унга қиёмат куни жаннат меваларидан едиради. Қайси бир мўмин чанқаган биродарига сув берса, Аллоҳ таъоло қиёмат куни унга Роҳиқ ул-махтумдан ичиради. Қайси бир мўмин кийими йўқ мўминга кийим кийдирса, Аллоҳ таъоло унга жаннатнинг кўм-кўк либосларидан кийдиради дедилар”.

Аҳмад Яссавий айтадилар:

Қутиларсан Ҳақ йўлинда жон берсанг,

Ҳулла бўлар бир ғарибга тўн берсанг,

Соя бўлар бир муҳтожга нон берсанг,

Бир очни тўйдирмоқ Ҳаждир ёронлар!

Умматнинг илм денгизи деб ном олган зот Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) айтадилар: “Мусулмон оилани бир кун, бир ҳафта ёки Аллоҳ таъоло хоҳлаганича таомлантириш мен учун ҳаж кетидан ҳаж қилгандан яхшироқ”.

Алишер Навоий айтадилар:

Каъбаки, оламнинг ўлуб қибласи,

Қадри йўқ, андоқки, кўнгил каъбаси.

Оламнинг қибласи бўлган каъбанинг кўнгил каъбасичалик қадри йўқ. 

 

 

Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани

“Обидхон Махдум” масжиди имом-хатиби

Атамуродов Абдужалил

Read 3937 times

Мақолалар

Top