Мақолалар

Қуръон ҳурмати

Бир куни Усмон Ғозий қишлоқда яшовчи бир одамникида меҳмон бўлди. Оқшом пайти овқатни еб бўлиб, бироз суҳбат қуришганидан кейин ётишга ҳозирланишди. Мезбон Усмон Ғозийга ўрин тўшаб берар экан:
- Аллоҳ тинч қилсин, яхши тушлар кўриб ётинг, - деб хонадан чиқди.
Усмон Ғозий энди ўринга ётмоқчи бўлган эди, қаршисидаги деворда халтачага солиб, осиб қўйилган Мусҳафни кўриб қолди. Усмон Ғозий чўкка тушиб ўтирди ва тонггача ўрнидан жилмади, ҳолатини ўзгартирмади.
Эрталаб хонадон эгаси келиб қараса, ўрин бузилмабди: кечқурун қандай тўшалган бўлса, шундайлигича турибди.
Мезбон Усмон Ғозийдан сўради:
- Нега ётиб ухламадингиз, ўрин бузилмабди ҳам. Ё бирор нохушлик бўлдими, бирор нарса тинчингизни буздими?
Шунда Усмон Ғозий шундай жавоб берди:
- Йўқ, ҳеч бир нохушлик бўлмади. Деворда эҳтиётлаб осиб қўйилган Мусҳафни кўрдим. Қуръон олдида оёқ узатиб ётиш бизларга мумкин эмас. Унга ҳурматсизлик кўрсатиш мусулмон одамга тўғри келмайди...

 

"Кўҳна дунё ва ривоятлари" китобидан

Read 2906 times

Мақолалар

Top