Мақолалар

Расулуллоҳнинг либосида кафанланган саҳобия

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саҳобия аёллардан Фотима хонимнинг насаблари: бинти Асад ибн Ҳошим ибн Абду Маноф ибн Қусой. Яъни, отасининг исми Асад, унинг отаси эса Ҳошим, унинг Отаси Абдуманоф, у Қусайнинг ўғли.

Фотима бинти Асад ҳошимийлар уруғи ичида биринчи дунёга келган ҳошимийя бўлган. У киши Али ибн Абу Толиб розиялоҳу анҳунинг оналари бўлади. Биринчилардан бўлиб ҳижратга чиққан муҳожирлардан.

Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлик чоғида етим қолганлар. Оталари Абдуллоҳ ҳали Расулуллоҳ дунёга келмасларидан аввал вафот этганлар. Онасиларидан ҳам жуда эрта ажралганлар. Боболари Абдулмуттолибдан кейин Расулимиз алайҳиссаломни амакилари Абу Толиб ўз қарамоғига олган. Ўшанда Абу Толибнинг завжаси Фотима хоним Расулуллоҳга жуда кўп ғамхўрлик қилган. Шу туфайли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу аёлга ўзгача эҳтиром кўрсатар эдилар. Ҳатто у аёл қазо қилганда ўз либосини унга кафан қилдирган ва қабрида ҳам бирга бир оз ётиб, кейин дафн эттирган эканлар.

Ибн Абдулбар раҳматуллоҳи алайҳ Саъдон ибн Валид ас-Сабирийдан, у Ато ибн Абу Рабоҳдан у Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

Али ибн Абу Толибнинг онаси Фотима қазо қилганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўз кўйлакларини кафан сифатида кийдирдилар ва қабрга дафн этиш чоғида ҳам уни ёнида андак ётдилар. Бу ишдан ҳайрон бўлган саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, олдин бундай қилганингизни ҳеч кўрмаган эдик, нега бундай қилдингиз?» деб сўрашди? Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга Абу Толибдан кейин бу аёлчалик яхшилик қилган одам бўлмаган. Кўйлагимни токи жаннатда бу аёлга жаннат либослари кийдирилсин, деб кийдирдим. Ёнида бир оз ётишимнинг сабаби эса, унинг ҳисоб-китоби енгил бўлсин, дедим» – деб жавоб бердилар». (Сияру Аълом ан-Нубало. 2-Ж. 118-б).

Сохта салафийларнинг бузуқ ақидаларидан бири, табаррук нарсаларнинг баракасини инкор этишади. Ҳатто уни ширк дейишгача боришади. Ваҳоланки, юқоридаги ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари табаррукан ўз кўйлакларини Фотима бинти Асадга кафан қилган эканлар!

Демак, Аллоҳга яқин улуғ зотларнинг табаррукотларида,албатта барака бор экан.

Cирожиддин Муҳиддинов,

Сурхондарё вилояти, Олтинсой тумани 

 «Саййид Муҳиддинхон» жоме масжид имоми

Манба: https://islom.uz

Read 3232 times

Мақолалар

Top